« Назад
28.08.2023 12:38 Темур Исмаилович ДАВЛЕТОВ,
Хива шаҳар ҳокими
Ҳақиқатан биз яшаётган шаҳри азимни олдинги даврларига таққослаш қийин. Чунки Хива йил сайин ҳам бўйига, ҳам энига тобора кенгайиб бормоқда. Кўркам хиёбонлар, обод маҳаллалар, кўчалар ва майдонлар кўрганларни ҳавасини келтиради. Президентимиз Хивага ҳар келганларида қадим кентга ўзгача ифтихор билан қараб, янги лойиҳалар ва вазифаларни белгилаб берадилар. Шунинг натижасида Хива кейинги йилларда таниб бўлмас қиёфа кашф этди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Қарорга имзо чекди. Ушбу қарорга мувофиқ 2024 йил март ойида “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” шиори остида Хива шаҳрида халқаро тадбирларнинг расмий очилиш маросими ҳамда май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади.
Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
“Taste of Uzbekistan Festival” шиори остида гастрономик фестиваль;
Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган “Strongmen” халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси;
Хива шаҳрида халқаро тадбир ўтказиладиган жойларнинг техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;
халқаро тадбир бўлиб ўтадиган ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
халқаро тадбир бўлиб ўтадиган ҳудудларда объектлар ва меҳмонхона фондининг тайёрлигини таъминлаш;
халқаро тадбир ўтказиладиган ва диққатга сазовор жойларни ободонлаштириш ҳамда тадбир ўтказиш учун тайёр ҳолга келтириш;
хорижий иштирокчилар учун эсдалик совғалари (сувенирлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқалар)ни ажратиш;
иштирокчиларнинг тадбирлар дастури доирасида диққатга сазовор жойларга ташрифларини ташкиллаштириш каби биринчи навбатдаги ишлар амалга оширилади.
Пандемиядан сўнг, дунё мамлакатларидан туризм марказлари томон яна қайта йўл очилди. Хусусан, Хивага хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи олдинги йилларга нисбатан анча ошди. Масалан, жорий йил 31 июль ҳолатига кўра, жаъми 300 мингдан ортиқ сайёҳ Ичон-қалъа зиёратида бўлди. Дунёнинг 110 давлатидан 53822 нафар хорижий сайёҳлар қадимий шаҳримизнинг асори атиқалари ва диққатга сазовор жойларини кўриб, томоша қилдилар.

Албатта, келтирилган ушбу рақам-лар ўзгариши табиий. Чунки тур операторларимизнинг истиқболли режаларига мувофиқ, йил охиригача яна камида 500 мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг Хивага келиши кутилмоқда.
Туризм фаолияти билан шуғул-ланувчи ташкилотлар шаҳримиз меҳмонларига камида уч кун қулай ва шинам шароитлар яратиш учун ҳаракат қилмоқдалар. Шу мақсадда янги йўналишлар, меҳмонхоналар, юқори андозадаги овқатланиш шаҳобчалари, транспорт ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган эсдалик совғалар, миллий ҳунар-мандчилик маҳсулотлари ва Хива тарихига оид китоблар, альбомлар, откриткалар савдоси йўлга қўйилган.
Шу кунларда энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги шукуҳи билан яшамоқдамиз. Ўтган ҳар бир йил истиқлол солномасига ўзига хос тарихий воқеалар, ижтимоий-сиёсий ҳаётда муҳим ўзга-ришлар, янги инновацион янгилик-лар, халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилган эзгу ишларни қайд этди.
Ана шундай кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари бизнинг шаҳру азимимиз Хивада ҳам изчил олиб борилмоқда. “2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” учун муҳим бўлган асосий вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши натижасида олти ой ҳолатига кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари 107.4, истеъмол моллари 115.2, пудрат ишлари 168 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, чакана савдо айланмаси 106.9, хизматлар ҳажми 295.9. миллиард сўмни
ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119.3 фоизга ўсиши таъминланди.
Тадбиркорлик йўналишлари бўйича 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра, рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2465 тани ташкил этади. Йилнинг ўтган даври мобайнида 183 та янги кичик бизнес субъектлари фаолиятини бошлади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномасига асосан 987 нафар фуқарога 23 миллиард 584 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Ишсизликни камайтирш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилди.

Бугунги кунда шаҳримизда 97647 нафар аҳоли умргузаронлик қилади. Уларнинг меҳнат ресурслари билан бандлиги 52399 нафар, иқтисодий фаоллар бандлиги таъминланган аҳоли сони 38662 нафардир. Ишга жойлашишга муҳтожлар сони 3439 нафар, ишсизлик даражаси 9 фоизга тенг. Ўтган олти ой мобайнида 633 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, йилнинг ўтган даврида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, тадбиркорлик субъектларини аниқлаш, уларнинг фаолияти ва тегишли ишчи ходимларни легаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбарининг “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида хайрли ишлар бошлаб юборилган. Масалан, ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчалари, соғломлаштириш майдончаси бунёд этиш, маҳаллаларни кенг миқёсда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Ҳудудда саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаши учун қуёш панелли қурилмалар ўрнатилмоқда. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ўрганиб чиқилиб, режа-тадбирлар белгиланди.
Хива шаҳрида 2020-2021 йиллар давомида 44 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, белгиланган режа 207,8 фоизга бажарилди. 2020-2022 йилларда жаъми 565 млрд. 863 миллион сўмлик 189 та ҳудудий лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида 1530 та янги иш ўринлари яратилди.
2022 ва 2023 йилнинг шу даврига қадар 21 маҳаллада 75,8 млрд.сўмдан ортиқ қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Аҳолини янги турар-жойларга эҳтиёжи ўрганилиб, 1392 та хонадонга мўлжалланган 29 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хайрли бу ишлар яна давом эттирилмоқда. Шунингдек, 168.7 км. автомобиль ва ички йўллар
таъмирланди. 73.2 км. узунликдаги пиёда-лар ва велосипед йўлакчалари ташкил этилди.
Шаҳарда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши жадал-лик билан давом эттирилмоқда. Аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш, намунали савдо хизмати кўрсатиш учун умумий қиймати 104 млрд.сўмни ташкил этадиган янги деҳқон бозори қурилиб, битказилди.
Хива шаҳри кейинги йилларда Халқаро анжуманлар ўтказиладиган, дунё делегациялари ҳамда давлат бошлиқлари ташриф буюрадиган марказга айланиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўған, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Татаристон раиси Рустам Минниханов қадимий обидаларни зиёрат қилдилар.
2021 йилда Хива шаҳрида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. 2021 йилдан бошлаб “Pahlavon Mahmud – Strongmen games” халқаро турнири ўтказиб келинмоқда. Ҳар икки йилда бир маротаба “Лазги” рақс фестивалини ўтказиш ҳам аънанага айланди.
Шунингдек, Ал-Беруний халқаро шахмат турнири ва унинг доирасида шаҳмат бўйича аёллар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Жорий йил 11-17 июнь кунлари Хива яна шу номдаги халқаро кимё олимпиадасига мезбонлик қилди. 12-13 август кунлари эса қадимий эртакнома шаҳарда анъанавий қовун сайли фестивали иштирокчилари жамулжам бўлишди. Ушбу сайлда ўзига хос қадимий ва замонавий уйғунлик акс эттирган Хиваликлар фестивалнинг бош совринига – “Gentra” автомобилига эга бўлдилар. Энди сентябрь ойида ҳам шаҳри азимимизда яна бир ажойиб мусобақалар – “Этноспорт” беллашувлари намойиш қилинади.

Инвестиция дастурларига мувофиқ Хива шаҳрида 2023-2024 йилларда умумий қиймати 1 345,2 млрд.сўм бўлган 125 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 1 733 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Хусусан, маълумот учун:
- саноатда 385,2 млрд.сўмлик 34 та лойиҳа -474 та иш ўрни;
-қишлоқ хўжалигида 15,7 млрд.сўмлик 6 та лойиҳа -40 та иш ўрни;
- хизмат кўрсатишда 944,3 млрд.сўмлик – 85 та лойиҳа – 1 219 та иш ўрни.
"KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP" МЧЖ томонидан умумий қиймати 25 млн.долларлик меҳмонхона ва ресторан ташкил қилиш лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган.
Туризмни ривожлантириш соҳасида мазкур лойиҳа ишга туширилса 492 ўринли меҳмонхона, йилига 470,0 млн.сўм бюджетга тушум тушиши ҳамда янгидан 150 нафар иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шаҳримизда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Энг муҳими фуқарола-римизнинг онгу тафаккурида мустақил давлатимизнинг мавқеини янада ошириш, бунга ҳисса қўшиш, интелектуал имкониятларини кенгайтириш хислари жўш урмоқда. Бундай туб ўзгаришлар янги Ўзбекистонда янгича ишлаш даври келганлигини кўрсатиб турибди.
Ушбу мўъжаз мақоламизда мозийдан сирларини сизга сўзлаётган қадимий Хива шаҳрининг кейинги уч йил ичида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари рўёбидан қичқача сўз очдик, холос. Олдинда эса бизни янада улкан марралар, янги лойиҳалар, янги вазифалар кутмоқда. “Интилганга толе ёр!” деганларидек, агар ҳар бир Хивалик виждонан меҳнат қилса жаҳон нигоҳи тушган шаҳри азимимизни янада кўркам туризм марказига айлантиришимиз шубҳасиз.
|