SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ШУНДАЙ ЯШАР ОДАТДА ОДАМ (Очерк)

ШУНДАЙ ЯШАР ОДАТДА ОДАМ (Очерк)

« Назад

05.03.2024 07:00

DSC_0844

... Ёшлигимизда кўп шўхликлар, ўйинқароқликлар қилганмиз. Шунда падари бузрукворимиз ила волидаи муҳтарамамиз бизга танбеҳ бериб, бир гапни кўп такрорлагувчи эдилар.

- Вақтингизни зое кеткизманг. Китоб ўқинг, ҳаётни танийсиз. Ундан ортиб эса молу жонимизга қарашинг. Чорвага, парранда-дарандага эга уй бой бўлади.

Бу гаплар ёш Абдурасулнинг бир умр ёдида қолди. Зеро, мактабдан кела солиб, уй юмушларига қарашиш, бўш пайтларида мутолаа билан шуғулланиш унинг севимли машғулотига айланиб қолди. Тўғри-да, меҳнатсиз турмуш ваҳшийлик деганларидек, беҳуда ўтган вақтнинг ўрнини кейин ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Мактабни 8-синфини битказганда Хива қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиш истаги пайдо бўлди. Ветеринария йўналиши бўйича битириб, ҳарбий хизматга чақирилди.

DSC_0880

- Меҳнат инсонни камолга элтади, - деди отаси ўғлини аскарликдан қайтгач, энди олийгоҳ сари отланаётганида бағрига босиб, - машаққат, риёзат чекмагунча довон ошолмайсан! Сен буни чуқур англагил, ўғлим!

Абдурасул катта ҳаёт сари йўл олди. Ёшлигидан чорвага меҳр қўйгани боис, ҳужжатларини ҳозирги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига топширди. Синов имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўргани унинг орзуси ушалишига қанот боғлади. Олийгоҳга қабул қилинди. Энди у талаба, ўз устида жиддий шуғулланиши, мутахассислиги бўйича кўпроқ изланиши керак. Абдурасул бўш пайтларини олийгоҳдаги мўъжазгина кутубхонада ўтказарди. Бу ерда илмий ва бадиий адабиётларни истаганча топиш мумкин. Яна у дам олиш кунларини Самарқанд шаҳрининг бетакрор ёдгорликлари бўйлаб сайру саёҳатга бағишларди. Бекорга бу боқий шаҳри азимни рўйи заминнинг сайқалига менгзашмаган. Кўп асрлик тарих ва бебаҳо маданий меросга эга,  қанчадан-қанча буюк зотларга таълим-тарбия берган Самарқанднинг бутун дунёга маълум ва машҳур табаррук замин эканлиги Абдурасулнинг ҳайратини оширарди. Қолаверса, жаҳон илм-фанида “Ғарбда - Рим, Шарқда - Самарқанд” деган ибора қўлланилганлиги билимга чанқоқ ёшларни бу кўҳна диёр ўз бағрига чорларди.

DSC_0870

Абдурасул беш йил давомида ветеринария соҳасининг қирраларини кўпроқ ўрганди. Етти хазинанинг бири деб аталган чорвачилик инсон билан ёнма-ён яқинлиги, унинг ҳикмати тили йўқлигида эмас, балки елинида эканлигини янада яққол англай бошлади. Илмий-ғоявий тушунчаларини амалиёт, маҳорат ва тажриба билан бирга, уйғун қўшиб, олиб борди. Амалий машғулотларни Самарқанд ва Хивадаги чорвачилик комплексларида ўтказди. Зотдор, наслли моллар сифатини янада яхшилаш бўйича дадил қадамлар ташланди. Айниқса, институтдаги фаолият бир неча марта нуфузли ўқув-семинарларда, соҳага оид анжуманларда бир неча бор қайд қилинди.

Абдурасул олийгоҳдаги устозлари билан чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашиш асносида ўзи ҳам озуқа базасини ранг-баранглигини таъминлаш юзасидан самарали изланишларолиб борди. Натижада унинг қўллаган амалиёти факультетда маъқулланиб, ишлаб чиқаришга тадбиқ этила бошланди. Институтда энг таниқли талабалар қаторидан жой олди.

Абдурасул олтинга тенг даврларда ўнлаб дўстлар орттирди. Баҳс-мунозарали давраларда у ўзининг сўзини айтар, бунга барчани ишонтира оларди. Шу тариқа олийгоҳни битказиш онлари ҳам етиб келди. Курсдошлар дипломни олгач, турли вилоятларга, қизғин меҳнат жабҳасига йўлланма олдилар. Абдурасул ҳам имтиёзли диплом билан ўзи туғилиб ўсган Хива шаҳар ветеринария бўлимига ишга келди. Ўша пайтда соҳада вазият анчагина оғир, чорва молларини турли хавфли касалликлардан халос этиш, муҳими наслни соғлом қолдириш масаласи долзарб эди.

- Сафимизга мана янги ёш кучлар келиб қўшилаяпти, - деди уни ишга мамнуният билан қабул қилган Ширин опа Шарипова (Оллоҳ у кишини ўз марҳаматига олсин) , - бевосита уларнинг ёрдами билан биз хафли деб саналган тоифаларни енгиб ўтамиз, иншоллоҳ!

DSC_0930

Жамоада тизимли ишлар йўлга қўйилди. Фермама ферма, хонадонма хонадон юриш бошланди. Наслли, соғин сиғирлар биринчи навбатда рўйхатга олинди. Янги туғилган бузоқчаларга жиддий эътибор қаратилди. Агар нобуд бўлса, сут камайиб кетиши ҳар бир ходимга уқтирилди. Жойларда сайёр семинарлар, ўқувлар ташкил қилинди. Илғор чорвадорлар, малакали кадрлар тажрибасидан фойдаланилди. Натижаси эса самарали кечди. Туман нафақат вилоятда, балки республикада ҳам салмоқли ўринларга чиқиб олди.

Барди ака Раҳимов, Тожибой ака Рўзметов, Мадраҳим Яқубов, яна қанчадан қанча фермерлар мактаби юзага келди. Ўша кезлари туманнинг биринчи раҳбари, меҳнат қаҳрамони Мадаминжон ака Маткаримов соҳадаги юксалишни инқилобий ўзгаришлар даврига тенглади. У устозлари Рафиқ Турдимбетов, Рустам Яқубов, Қадамбой Абдолниязов, Эркин Оллаев, Бахтиёр Ғаниевлар билан бирга, аҳоли қарамоғидаги моллар ва уй ҳайвонлари орасида учрайдиган турли касалликларни даволашда ҳамда ҳудудда эпизоотик осойишталикни сақлашда фидойилик кўрсатишди. Унинг бундай ишчанлик ва талабчанлик қобилиятини сезган туман, вилоят, хатто республика раҳбарияти тавсиясига асосан дастлаб, туман ветеринария бошлиғи ўринбосари, сўнгра республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғига биноан, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги чорвачиликда наслчилик ишлари Давлат инспекцияси раҳбари лавозимларига тайинлашди.

DSC_0796

2017 йил декабрь ойидан эса янада масъулиятли Хива туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи вазифасида ҳалол, виждонан ишлаб келмоқда. Бугунги кунда ҳудудда жаъми 78 та чорвачилик фермер хўжаликларида 71 минг йирик шоҳли бош қора моллар, шу жумладан, 24 мингдан ортиқ сигирлар парваришланаётир. 17 та паррандачилик фермер хўжалиги ва фабрикасида бу турдаги жониворлар сони 400 минг тани ташкил қилади. Битта фермер хўжалиги эса асаларичиликка ихтисослаштирилган.

DSC_0803

Кўриниб турибдики, миқёси катта соҳа тизимини янада ривожлантириш, замонавий ташхис ишлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш устоз-шогирд анъаналарига содиқ Ҳамробек Жуманиёзов, Одилбек Абдолниязов, Исмоилжон Бобожонов, Суҳроб Оллабергановлар зиммасига юклатилган. От ўрнии той босади, деганларидек, ўғли ветеринария врачи Фахриддин Абдуллаев ҳам улардан қолишаётгани йўқ. Чорвачилик бўйича бу йил бешта лойиҳа амалга оширилади. Чет давлатлардан ҳар бир фермер 50 тадан наслли моллар олиб келиши кўзда тутилган.

DSC_0835

Шу кунларда ҳаётда ўз ўрнини топаолган, элда, юртда инсонлар меҳрини қозонган Абдурасул Абдуллаев олтмишинчи баҳорини қарши олмоқда. Ҳаёт томоша ҳам, ўйин ҳам эмас, балки машаққатли йўл, дейишади машшоиҳлар. Хўш қирқ йилдан ортиқ меҳнат фаолиятингиз давомида Сиз англаган ҳикмат нимадан иборат? – де-я юзланамиз олтмишинчи давонга қадам қўяётган юбилярга.

DSC_0820

- Ҳаётнинг ўзи ҳикмат, бирни кўриб фикр қилсангиз, бирни кўриб, шукур қиласиз. Тегрангизда қуёш, ойу юлдузлар айланаверади. Одамзот эса заминда посбон - меҳнатидан дунёлар яратади. Муҳими осмонимиз тинч-осуда бўлсин!

Абдурасул илғаган асл ҳикмат шу! Аслида ҳам шундай яшар, одатда одам!

Ш.МАШАРИПОВ.