« Назад
13.02.2024 08:23
Ажрим... Ҳар сафар ишим юзасидан кундалик иш фаолиятимда бу сўз ишлатилиши билан кайфиятим тушиб кетади.
Мен узоқ йиллар халқ таълими тизимининг турли босқичларида ишлаган педагог сифатида айтаоламанки, ажримда жароҳат фақат фарзандлар гарданига тушади. Фарзандлар биринчи зарбани боғчага чиққанда олади. Болаларини олиб кетиш учун келган дадаларини бир кўз олдингизга келтиринг-а. “Дадам келди”, деб югуриб ўзларини қучоқларига отганларида, "дадам ўйинчоқ олиб берди", деб ўртоқлари мақтанганида ҳар сафар етим, мурғак қалблар жароҳатланади.
Мактабга келганида нафақат қалбан жароҳатланадилар, балки тарбиясиз синфдошларининг “Сенинг отанг нега ташлаб, кетган, онанг сизларни ташлаб бошқа эрга тегиб кетдими? Ўгай онанг куйлагингни ювиб бермайдими?” Шу ва ҳатто бундан ҳам баттар саволларга жавоб тополмай, ўз ҳаётидан теварак-атрофидагиларга нисбатан нафрат ва ғазаб билан яшашга мажбур бўлган фарзандларнинг борлиги яшириб бўлмас ҳақиқатдир.
Балки, ўйларсиз, фарзанд вояга етгандан кейин бу ҳиссиётлар унутилар, деб. Ажрим ёқасидаги оилаларнинг фарзандларидан “энг эзгу ниятинг нима?”, деб сўралса, тинч оила бўлиб яшаш дейишлари шубҳасиз.
Бир жойда ўқиб қолдим: булбул энг гўзал овоз соҳиби бўла туриб, полопонларини боқиш учун сайрашдан тўхтаркан. Наҳотки ажралаётган ота-оналарда булбулчалик меҳр-оқибат бўлмаса?
Ажримлар туфайли қудачилик ришталари узилади, яқинлар ўзаро адоватли шахсларга айланадилар. Ўртадаги фарзандлар аросатда қолиб, аксарият ҳолларда моддий, маънавий ва руҳий жиҳатдан тўла-тўкис тарбия топиш имкониятини йўқотадилар. Эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи инсонлар жиддий сабабсиз фарзандларига алиментни кам тўлаш мақсадида энг кам маош тўланадиган ишга жойлашаётганлари ҳам йўқ эмас, орамизда.
Бундай эр ёки хотин Оллоҳ таоло томонидан берилган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби неъматларга ношукурлик қилган бўлади. Афсуски, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила ошёнларини авайлаб асрай олишмайди.
Оилавий муносабатларни дарз кетишида келинларимиз оиласидаги гап ташиш одатлари ҳам жуда салбий таъсир кўрсатади. Қудалар орасида кўнгил қолишига сабаб бўлади. Шунда бувимдан эшитган ривоятни эсладим: Пайғамбаримиз қизлари уйга жуда ҳафа бўлиб, йиғлаб келганларини кўриб, уларга шундай деган эканлар: “Она қизим сизга насиҳатим бор, мабода уйингизда кўнгилсизлик бўлса, зинҳор қўшниларга айтманг! Бу гаплар оилангизга етиб келса, уларникига қайтиб-кириб чиқолмайсиз. Дўстингизга ҳам айтманг, дўстдан айриласиз. Онангиз ва менга ҳам зинҳор айтманг! Чидолмасдан бориб, улар билан юз кўрмас бўламиз. Кейин сиздан ҳам хабар ололмаймиз” деганларида қизи йиғлаб юборган экан.
- Отажон унда кимга айтай дардимни?
- Ҳеч ким йўқ жойга чиқиб дарахтгами, экинзоргами айтинг!
Қиз яна яшайверибди. Бир куни турмушнинг муштларига чидолмай, дод деб ҳовлисини тўрига югуриб чиқиб, чеккадаги дарахтни қучоқлаб, дардларини айтиб, йиғлайверибди. Қизнинг дардига чидолмаган дарахт япроқлари шивирлабди. Шу-шу бу дарахтнинг ёнидан ўтса, шивирлаган овоз чиқармиш.
Қиз юраги бўшаб, енгил тортиб, яна юмушларини бажараверибди. Орадан ойлар ўтиб, яна қиз чидолмай югуриб, ҳовлига чиқибди. Бу сафар гулларга дардини достон қилиб йиғлабди. Бояқишнинг дардига чидай олмаган гуллар тарс-тарс этиб, тикан чиқарибди...
Ривоят қизларимизни сабрли, қаноатли бўлишга чақиради. Илгари турмушга чиққан қиз аразлаб, ота-онасининг уйига келса, улар уялганидан қизини кўчага чиқармасдан “қўшниларга нима дейман!” деб ҳижолат чекиб, биров кўрмасданоқ, келинлик уйига олиб бориб қўяр эканлар. Хўш ҳозир-чи?...
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечиримлилигидир. Бир қарашда “ютқазиш”дай кўринса-да, аммо бу биргина томонни кечира олиши катта можароларнинг, баъзида жиноятларни олдини олади, келгусидаги ғалабани, осойишталикни таъминлайди. Сал араз аралашдими, дарров томонлар муроса-келишув йўлини танлаши, зиддиятларни даф этиш чораларини кўриши керак.
Бинобарин, оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарордир. Шу маънода, оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларнинг келажаги учун, баркамол комил фарзанд бўлиб, тарбия топишлари учун муносиб шароитлар яратишда кеча-кундуз тиним билмасдан халқимиз тинчлиги ва осойишталиги борасида фарзандларимиз ва набираларимизнинг келажаги учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев сид-қидилдан ҳалқимизни рози қилиш, инсон қадри тамойилини юқори ўринга кўтармоқдалар.
”Бир болага етти маҳалла ота-она” дейишган, доно халқимиз. Нуроний отахону онахонларга, кайвони қудаларга оилалар тинчлиги ва хотиржамлиги, айниқса, фарзандларнинг тирик етим бўлиб қолмасликлари учун маҳалла фаоллари атрофида жипслашиб, ажримларни олдини олишда тажрибалари, нуронийлик ва азизлик замирида қанча сабр ва машаққатлар ётганини ёшларга гапириб, нотинч оиларни сақлаб қолишга кўмаклашишга чақирамиз.
Ниятимиз бирор қушнинг ҳам уяси бузилмасин. Бирорта ажрашган оилалар бўлмасин. Ёшларимиз бахтли-саодатли бўлишсин. Фарзандлар ота-оналари бағрида тинч-хотиржам ҳаёт кечиришсин!
Д.РАЗЗОҚОВА,
Хива туман ҳокими ўринбосари,
оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
|