SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ФАОЛИЯТ КЎЛАМИ КЕНГ ТИББИЁТ аҳолига тобора яқинлашмоқда

ФАОЛИЯТ КЎЛАМИ КЕНГ ТИББИЁТ аҳолига тобора яқинлашмоқда

« Назад

13.11.2023 12:10

Суҳбатдошимиз Хива шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, Ўрта Осиё Турон академияси академиги  Рашидбек Отаназарович ПИРНАЗАРОВ

- Анъанавий байрам муборак бўлсин! Ушбу қутлуғ санани жамоангиз аҳли билан қандай вазиятда кутиб олаяпсизлар?
- Раҳмат! Барча ҳамкасбларимизни муборакбод этаман. Машаққатли ва шарафли касбларида ривож тилайман. 
Хива шаҳар тиббиёт ходимлари байрамни кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқдалар. Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 16 январда рўйхатдан ўтказилган “Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида”ги низоми асосида тиббиёт ходимларига ойлик устамалар белгиланди. Шунга асосан тиббиёт ходимларининг иш фаолияти самарадорлиги янада ошди.  

- 2017 йилдан эътиборан Хива шаҳар тиббиёт бирлашмаси яна алоҳида мустақил соғлиқни сақлаш муассасаси сифатида туман ташкилотидан ажралиб чиқди. Бу қанчалик ўзини оқламоқда:  ҳаётий заруратми ёки бошқа бирон бир сабаби борми? 

- Ислоҳотларнинг такомиллашиб бориши, аҳолини тиббий маданиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар кенг кўламда ортиб бормоқда. Буни ҳар бир ташкилот миқёсида кўриш мумкин. Шаҳар ва туман ташкилотларининг бир-биридан ажралиб чиқиши аҳолини тиббиётга яқинлашиши учун туртки бўлди, десак муболаға эмас. Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг ажралиб чиқиши аҳоли вақтини тежашга, тиббий кўриклар вақтида навбатлар сонини камайишига, тиббий ҳужжатлар билан ҳар ҳудуд алоҳида шуғулланишга, кўпгина оворагарчиликнинг олдини олишга сабаб бўлди. Хива шаҳар тиббиёт бирлашмаси тузилгандан кейин, дастлаб марказий шифохона (терапия бўлими 30 койка), кейинчалик Жарроҳлик бўлими (20 койка) ва реанимация бўлимлари ташкил этилди. Кўп тармоқли марказий поликлиника ва 1 та оилавий поликлиника аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Кейинчалик 2-сон оилавий поликлиника ташкил қилиниб, лабо-ратория ва стоматология бўлимлари билан бойитилди. 

Шаҳарда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кундузги даволаш шифохоналарига 14 та ўрин ажратилган. Бирлашмага қарашли даволаш профилактика муассасаларида 3  та эмлаш пунктлари ва 21 эмлаш бригадалари ташкил этилган бўлиб, Хива шаҳар бўйича 0-16 ёшгача бўлган болалар ўртасида режа бўйича 1379 нафар болалар 14 турдаги вакцинага эмланиши режалаштирилган, эмлаш юз фоизга бажарилди! Шаҳар аҳолиси ўртасида доимий профилактик тадбирлар, касалликларни олдини олиш, эрта даврларда даволаниш, мунтазам тиббий кўриклардан ўтиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиниши етарли даражада олиб борилиши сабабли айрим касалликларнинг камайиши кузатилмоқда.

 2023 йил давомида 864 нафар хорижда ишлаб келган фуқаролар, 822 нафар никоҳланувчилар юқумли касалликларга қарши тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар аниқланмади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан Хива ШТБга қарашли КТМП 120 турдаги дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминланди. Бирлашманинг оилавий поликлиникалари ҳамда КТМПда 3 та бепул дорихоналар ташкил қилиниб, дори-дармон бепул тарқатилмоқда.

 Бундан ташқари Президентнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ-рисида”ги  Қарорига асосан бирлашмада бирламчи тизим муассасаларини аҳолига яқинлаштириш мақсадида Ангарик ва Лолазор МФЙларида “Маҳалла тиббий пунктлари” ташкил қилиниб, тўлиқ ишга туширилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий бригадаларни ташкил этиш ва фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун 48 тиббий бригада ташкил қилинди, ҳар бирига 2000 нафар аҳоли бириктирилди. 

- Хива шаҳар соғлиқни сақлаш муассасасининг ташкил этилиши узоқ тарихга бориб тақалади. Ўтган давр мобайнида хоннинг бош вазири Саййид Ислом Ҳўжа ташаббуси билан қурилган бинога қайтишнинг пайти келмадими?
- Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳка-маси ва ҳокимиятнинг қарори чиққан. Тез кунда ушбу эски шифохонани 5.2 млрд.сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилади. Хива шаҳар аҳо-лисига хизмат қилувчи 1-сон оилавий поликлиника, болалар бўлими ҳамда “Тез тиббий ёрдам” бўлимларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
- Соҳага оид янгиликлар, ташаббуслар ҳамда лойиҳалар албатта, фаолиятни яхшилашга ҳизмат қилади. Навбатдаги вазифалар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?
--Албатта, тиббий хизмат кундан-кунга янгиликни талаб этади. 2023 йил якунига қадар, Лолазор маҳалласида 10000 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи оилавий поликлиника ишга тушиши режалаштирилмоқда. Туман таркибида бўлган кўп тармоқли марказий поликлиникани шаҳар балансига ўтказиш олдимизда турган вазифалардан ҳисобланади. Бундан ташқари, ма-ҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатуви реномобиллар сотиб олиш ва тиббий сифатни янада яхшилаш мақсадларимиздан биридир. 
- Суҳбатимиз бошида таъкидлаб ўтганимиздек, Хива тиббиёти бой тажрибага, ибратли анъаналарга эга. Ҳозирги кунда бу хайрли ва эзгу ишлар қандай давом этмоқда?
- Тиббиёт ходимларининг ҳар бир қилган иши савобли ва шарафли ҳисобланади. Болаларга кўрсатилаёт-ган тиббий-санитария ёрдами ҳолати кўрилганда, кўп тармоқли марказий поликлиникада болалар бўлими ташкил қилинди. Шаҳарда ҳам 1-18 ёшли болаларнинг профилактик ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўриклари ташкил этилди. 2-10 ёшли болалар орасида гельминтозга қарши чоралар, 3-18 ёшли болалар орасида гематоонкологик скринингдан ўтказилган. Бундан ташқари, шаҳарда хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта ташхислаш, 30-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйи ва 45-65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги ўтказиш мақсадида кўп тармоқли оилавий поликлиникада онконазорат хонаси ташкил қилинди ва янги замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланди. 
Ҳомиладорлар, туққан аёллар ва 40 ёшдан юқори аҳолини тиббий кўриклари ташкил қилинди. Касаллик аниқланган беморларга тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул дорилар берилади. Бундан ташқари маҳаллаларда “Саломатлик мактаби” фаолияти шакллантирилган. “Саломатлик мактаби” аъзолари билан соғлом овқатланиш асослари, жисмоний фаоллик, зарарли одатларга қарши курашиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича семинарлар ташкил қилинмоқда. 
Тиббиёт ходимлари томонидан маҳалла гузарларида, аҳоли кўп тўпланадиган манзилларда “Соғлом овқатланиш ярмаркаси”ни ўтказиш орқали аҳолига озиқ-овқат маҳсулотларининг организмга ижобий ёки салбий таъсири тўғрисида маълумотлар бериб борилади. Вилоят ҳокимлигининг Оила ва хотин-қизлар ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга оид кўрсаткичларни, яъни исталмаган ҳомиладорлик, эрта туғиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, туғруқ интервалларини таҳлил қилган ҳолда муҳокама йиғилиш-лари ўтказиб борилади. 
-  Соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш борасида таклиф-мулоҳазаларингиз...
- Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш учун бирламчи тизимни ривожлантириш ва бу билан тиббиётни аҳолига яқинлаштириш ҳамда тиббиёт самарадорлигини ошириш олдимизда турган вазифалардан биридир. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларини ихтисослашган тиббиёт марказлари билан интеграциясини яхшилаш, тиббиёт ходимлари саводхонлигини ошириш ва чет элларда малакасини оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Хива шаҳар тиббиёт бирлашмаси ахборот коммуникация тизимларга уланган бўлиб, бугунги кунда туғилиш ва ўлишни электрон рўйхатга олиш тизими, emlash.uz сайти, электрон имтиёзли йўлланма бериш тизими, меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини электрон қайд қилиш тизими (mis.ssv.uz), электрон поликлиника тизими, poliklinika.ssv.local сайти (онконазорат), office.tixra.uz (Ногиронлик ҳолатларини тасдиқлаш учун беморлар тиббий хужжатларини электрон базага жойлаштириш тизими)лардан фойдаланиб келинмоқда. Шунга қарамасдан Соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштиришга ўтказиш, қоғозбозликни йўқотиш ва коррупцияни олдини олиш, телемедицинани ривожлантириш келгуси режаларимиздан бири ҳисобланади.  

Суҳбатдош “Саломатлик маркази” бош шифокори, жамоатчи мухбир Аминбой БОЛТАЕВ.