ҲАЁТИМНИНГ ЁРҚИН САҲИФАЛАРИ
« Назад 14.09.2023 10:44 Мен 1980 йилдан бери ўрта мактабда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб, ишлаб келмоқдаман. Шу боис ҳозирги пайтда ушбу фанни ўқитиш борасидаги олиб борилаётган ишлар ва лойиҳалар борасида тўхталмоқчиман. Кейинги йилларда Республикамиз мактабларида рус тили фани иккинчи она тили сифатида эмас, балки чет тили сифатида ўқитила бошлади. Россиянинг нуфузли университетларининг таълим соҳасидаги кўзга кўринган таниқли педагоглари Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқдалар. Вилоятимиз рус тили фани ўқитувчилари ушбу университетларда тест синовларидан ўтиб, халқаро тан олинган сертификатлари соҳибларига айланишди ва ойлик маошларига эллик фоиз устама ола бошладилар. Мен ҳам 2022 йил А.И.Герцен номидаги РДПУда тест синовларида қатнашиб, С1 сертификатига эга бўлдим. Вилоятимизда олдин А.И.Герцен номидаги, кейин Россия Халқлар дўстлиги университетлари, 2023 йил февраль ойида Санкт-Петербург Давлат университети ўз фаолиятини бошладилар. Ушбу университетлар нафақат Россияда, балки бутун дунё миқёсидаги энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Менда гарчи сертификат бўлса-да, ўз билимимни яна синаб кўриш мақсадида СПбДУда тест синовларида иштирок этдим. Тест синовлари УрДУда бўлиб ўтди. Ушбу жараёнларни тасвирга олиш учун вилоят МТРК ходимлари ҳам таклиф қилинди. Буни қарангки, олтмиш беш ёшимда биринчи марта ўзимни “ойнаи жаҳон”да кўришга мушарраф бўлдим. Ёши улуғ қатнашчи сифатида мендан интерьвю ҳам олишди. Жараёнлар ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазаларимни гапириб бердим. Кейин эса синовлардан олган таассуротларимни иккита университет томонидан ташкил қилинган телеграм гуруҳда баён қилдим. Кутилмаганда Санкт-Петербург ва УрДУ вакилларидан менинг номимга миннатдорчилик билдирилган жавоб хатлари келди. Русларнинг очиқ кўнгил ва бағрикенг халқ эканлигини олдин ҳам билардим. Аммо, менинг мактубимдан шу даражада ҳурсанд бўлишади, деб ўйламагандим. Энг қизиқ воқеалар эса бир неча ойдан кейин бошланди. СПбДУнинг Тест маркази раҳбарияти мени 2023 йил август ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган малака ошириш курсларига таклиф қилишди. МДҲ ва рус тили фани ўқитиладиган чет эллардан саксон бешта педагог таклиф қилинган экан. Бу ҳолат мени лол қолдирди. Чунки МДҲ ва чет эллардан таклиф қилинган саксон бешта қатнашчилардан биттаси бўлиш менингдек оддий қишлоқ ўқитувчисига насиб этди. Кейин билсам, бу анжуманга таклиф қилинганларнинг кўпчилиги университет деканлари, кафедра мудирлари ва ўқитувчилари экан. Бизнинг УрДУдан ҳам учта ёш, келажаги порлоқ устозлар таклиф қилинди. Бизни Санкт-Петербургнинг Пулково аэропортида кутиб олишди ва шаҳар марказида жойлашган меҳмонхонага жойлаштиришди. Буни қарангки, ўқиш, меҳмонхона, кафе-ресторанда овқатланиш, саёҳат ва ҳатто саёҳатга олиб борадиган автобус ҳақи ҳам СПбДУ ҳисобидан қопланган экан. Ўн икки кун давомида бизга университетнинг кўзга кўринган олим ва профессорлари, ўқитувчи ва методистлари рус тилини чет тили сифатида ўқитиш услубларини, илм соҳасидаги янгиликлар, янги педагогик технологиялар тўғрисида билимларини ўргатишди. Дарс машғулотлари бир томонлама эмас, балки ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш тарзида дўстона руҳда олиб борилди. СПбДУ ва Тест маркази мутасаддилари ўқиш, овқатланиш, дам олиш ва саёҳат тадбирларини жуда ажойиб ташкиллаштиришди. Бизни ҳар куни ўқиш машғулотларидан кейин турли тарихий жойларга саёҳатга олиб боришарди. Буюк Пётр томонидан қурилган энг биринчи маскан – Петропавловск қалъасини, бундан ташқари Петергоф, Россия адабиёт ва санъат музейлари, Эрмитажни томоша қилдик. Шу билан бирга, бутун дунёни ларзага солган, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Санкт-Петербург тўққиз юз кун қамал ҳолатида бўлган, афсонавий қаҳрамон-шаҳар Ленинграднинг ҳимоячилари ва аҳолисининг беш юз мингга яқин жасадлари дафн қилинган Пискарёв қабристонини зиёрат қилдик, пойига гулчамбарлар қўйдик. Зиёрат қалбимизда чуқур таассуротлар қолдирди. Айни пайтда юртимиздаги тинчлик, барқарорлик, мусаффо осмонимиз, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга яна бир марта шукроналар келтирдик. Россия Федерациясининг нуфузли университетлари томонидан ташкил қилинаётган, МДҲ давлатлари иштирокида ўтказилаётган турли илмий анжуманлар, малака ошириш, услуб алмашиш жараёнлари ва бошқа тадбирлар мамлакатларимизни, биз ўқитувчи-мураббийларни янада бирлаштиради ва жипслаштиради. Ўқув-семинар давомида мен нафақат ўз билимларимни мустаҳкамладим, балки ўзимга анча-мунча дўстлар ҳам орттирдим. Белоруссия, Тунис, Аргентина, Ҳиндистон, Монголия, Хитой, Қирғизистон, Тожикистондан келган кўплаб устозлар билан танишдим. Шуни яна алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, семинарда энг кўп қатнашганлар бизнинг Ўзбекистондан эдилар. Саксон бешта иштирокчининг йигирма олтитаси ўзбеклар эди. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг жуда яхши йўлга қўйилганининг яққол белгисидир. Бундан кейин ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари давом этишини истардик. Санкт-Петербург таълим масканида олган билимларимизни мактаб соҳасида қўллашга, ўқувчиларимизга янада сифатли таълим ва тарбия беришга, дарс жараёнларида рус тилини чет тили сифатида ўқитишда янги педагогик технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Ушбу тадбир ташкилотчиларига, жумладан, СПбДУ раҳбариятига, университет қошидаги Тест маркази директори Дмитрий Викторович Птюшкинга, Тест маркази методисти Ирина Юрьевна Ильичёвага, менинг Россия Федерациясига малака ошириш сафарига бориб-келишимга имконият ва моддий шароит яратиб берган туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Аллаберган АТАЖОНОВ, |