« Назад
22.10.2021 09:09 Муҳим саналар ва байрамлар олдидан барвақт тайёргарлик кўриш айниқса, мактабларда анъанага айланган. Чунки, айнан билим даргоҳларида ана шундай тадбирлар жонли, табиий тарзда ўтказилади. Огаҳий ижод мактабида она тили ва адабиёт фанини ўқитишнинг долзарб масалалари мавзуидаги ўқув семинари ташкил қилингани ҳам ана шу фикримизнинг далилидир.
Очиқ мулоқот, ўзаро тажриба ва фикр-мулоҳазалар алмашиш асносида ушбу фаннинг муаммо-ечимлари, янги жиҳатлари муҳокама этилди. Филология фанлари номзоди М.Матёқубова она тили ва адабиёт фани ўқитилишидаги янги методик тавсиялар ва тушун-тиришларини ўртоқлашди. Ўқитувчилар дарс ўтиш методикаси юзасидан кенг фикр-мулоҳазалар юритишди.
Семинар иштирокчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Гавҳаржон Ибодуллаева Ўзбек тили байрами кунини жойларда белгиланган режа доирасида нишонлаш, фан ўқитувчиларининг масъулиятини ошириш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирди. Сўнгра шу фан муаллимининг хитоби мавзуидаги шеърини ўқиб берди.
Шоҳиста АБДУЛЛАЕВА,
Хива шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.
|