SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  “ЎН НАФАР БОЛАНИ БАҒРИМИЗГА ОЛДИК”

“ЎН НАФАР БОЛАНИ БАҒРИМИЗГА ОЛДИК”

« Назад

06.10.2020 10:17

Инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатадиган одамлар диёримизда кўп. Ана шундай бағрикенг фидойилардан бири “Болалар шаҳарчаси” директори Виктория Викторовна Юсуповадир.
- Анчадан буён хонадонимизда оилавий болалар уйи ташкил этиш ниятида эдик. Шу мақсадда барча зарур шарт-шароитлар яратиб, Хива шаҳар ҳокимлиги қарорига асосан яқинда 6 нафар қиз ва 4 нафар ўғилни қарамоғимизга олдик,- дейди бу ҳақда Викториянинг ўзи.
Ҳақиқатан ҳам бу даргоҳда болалар ўзларини бир оила фарзандларидек хис қилишлари учун етарли имкониятлар муҳайё этилган. Ҳар хонага 2 нафардан бола жойлашган. Ёзги айвон. Кичикроқ кутубхона ташкил қилинган. Боғда мевали дарахтлар, мева-сабзавотларни болалар ўзлари парвариш қиладилар. Болалар учун 4 та компьютер, қизларга бўш вақтларини тўғри ташкил қилиш учун тикув машинаси олиб берилди. Ўқувчилар Online тарзда машғулот ўтайдилар.
Тарбиячи она қизларга пазандачилик сирларини ҳам ўргатмоқда. Улар тайёрлаган пишириқлар бирам ширинки... Гарчи улар муаммолари ҳақида гапирмаса ҳам бир нарсани туйдик. Қани эди ҳомийлик кўрсатиш илинжида юрган тадбиркорлар биргалашиб, янги оилавий болалар уйига автобус совға қилишса. Қадимий шаҳримиз, жонажон Ўзбекистонимизнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб сайр қилсалар, бир умр ёдларида қолган бўларди. Улар бу хайрли ва савоб ишга албатта, бош қўшадилар, деб умид қиламиз.
Зеро, савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак!

Д.МАШАРИПОВ.