« Назад
22.11.2021 09:52 Грипп юқори нафас йўллари шамоллаши билан тез тарқаладиган вирусли юқумли касалликдир. Об-ҳавонинг кескин совуши бадан, айниқса, бош ва оёқларнинг совуқ қотиши вирус фаоллашувига ва касаллик чақиришига шароит яратади. Грипп билан оғриган бемор аксирганда, йўталганда ва хатто сўзлаганда ҳам ҳавога миллионлаб вирусларни чиқаради, лекин улар ҳавода кўринмайди. Шубҳасиз, ҳаводан бундай нафас олган одам ва болалар бемор билан бир хонада яшаган, ишлаган, йўловчи транспорт салонларида ва кино-концерт залларида бўлганлар ўзларига грипп вирусларини юқтириб оладилар.
Гриппга ўхшаш касалликлар. Куз-қиш мавсумида гриппдан бошқа унга ўхшаган белгилар билан касаллик чақирувчи 100 дан ортиқ вирус турлари мавжуд. Буларни табобатда реовируслар, риновируслар, аденовируслар деб юритилади. Касаллик белгилари гриппга ўхшайди, лекин улар кўпчилик ҳолларда анча енгилроқ кечади.
Грип билан оғриган беморни уй шароитида алоҳида хонага жойлаштириш, сочиқ-дастрўмол, идиш-товоқларини алоҳида қилиш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, беморга кўп миқдорда суюқ-ликлар, лимонли чой, малинали чой, кўп миқдорда қайнатилган илиқ сув, наъматак дамламасини ичиринг. Мурчли суюқ, иссиқ овқатлар, мойчечак ва далачой дамламалари билан томоқни ғарғара қилиш тавсия қилинади.
Беморнинг аҳволи оғирлашса, гриппга бошқа касалликлар қўшилса ёки олдинги сурункали касалликлар қўзғаса, ўзингиз яшаётган тиббиёт муассасаларига ёки тез ёрдамга мурожаат қилинг!
Диққат! Грипп билан оғриган беморнинг ванна қабул қилиши, ҳаммомда чўмилиши, спиртли ичимликлар истеъмол қилиши қатъият ман қилинади. Булар беморни менингит, менинго-энцефалит касалликларига ва бошқа кўнгилсиз оқибатларга дучор қилиши мумкин. Шунингдек, шифокор рухсатисиз ўз бошимча беморга ҳар хил антибиотиклар бериш ҳам мумкин эмас. Чунки антибиотиклар вирусларга таъсир кўрсатмайди.
Грипп ўзи эмас, балки унинг асоратлари кўпроқ хавфли эканлигини унутманг!
Б.САИДОВ,
Хива туман СЭО ва ЖСХ бўлими бошлиғи.
З.УМИРОВА,
врач-эпидемиолог.
|