SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ШОИР ХОТИРАСИГА ҲУРМАТ ШУМИ?!

ШОИР ХОТИРАСИГА ҲУРМАТ ШУМИ?!

« Назад

13.10.2021 08:51

Ўзбек миллий адабиётида ўз ижод йўли ва китобҳонларига эга бўлган Аваз Ўтар демократ шоир сифатида тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаган. Унинг халқ дарди билан ёниб яшагани шеърларида яққол аксини топган. Шоир ҳалққа яқин бўлиш мақсадида ҳаттоки, саройдаги лавозимини ҳам ташлаб, ота касби бўлган сартарошлик билан шуғулланади. Яна бир томондан эса саройдаги амалдорлар ўртасидаги иккиюзла-мачиликлар, хонга яхши кўриниш учун қилинадиган ҳар хил товламачиликлар гўё уни бўғаётгандек, разолат ботқоғи  уни маҳв этаётгандек, ўзига тўғри бўлган йўлни англаши биланоқ, саройдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетади. Ҳаёти давомида жуда кўп ноҳақликларга  ҳам дуч келади. Хоннинг ғазабини қўзғайди. Лекин барибир тилини тиймасдан ҳақиқатни сўзлайверади.

Унинг “Тил” радифли ғазали  ёшларнинг тил ўрганиб, нималарга эришишлари акс этган ҳолда, нималардан маҳрум бўлишлари ҳақида ҳам батафсил ва бетакрор  баён этилган:

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламаёндур,
Ғайри тилини сайи қилинг билгани ёшлар,
Ким илм-у ҳунарлар биланки ондин аёндур.


У 35 йил  умр кўрса-да, баракали ижоди  билан халқ ёдида қолди. Унинг қуйидаги шеърида  жамиятда чуқур илдиз отган кирдикорлар фош этилади:
Сипоҳи пора истар,
Мулла ижора истар,
Бечора чора истар,
Бир чора замон борму?!


... 25 август шоир таваллуди куни муносабати билан туман ахборот  кутубхона маркази ҳодимлари ва биз ёш ижодкорлар унинг номидаги уй-музейига зиёратга бордик. Буни қарангки, музей ўта қаровсиз, тарихий ҳужжатлар ва суратлар йиртилиб, санитария-гигения қоидалари бузилган аҳволда экан. Қолаверса,“Мевастон” МФЙ ҳам шу ерда жойлашган. Музей учун жуда кичик жой ажратилган. Бу ҳам етмагандек, зарур ашёлар ўрганадиган экспонатлар йўқ. Шу пайтгача бунга ҳеч ким қизиқмаган ва ҳамманинг диққати четда қолаётган Аваз Ўтар уй-музейи бугунги кунда эътиборга жуда-жуда мухтож. Деворлар йиғлаб турибди. Улуғ шоирнинг бизга қолдирган бой адабий меросига оҳир-оқибат шоирнинг қисмати шўр бўлганидан сўнг ҳозирги кундаги қадрига жавобимиз шу бўлдими? Мутасадди ташкилотлар таъмирлаш ишларини пайсалга солмай ота-боболар хотирасига бунёд этилган тарихий биноларга бефарқ бўлмайдилар, деган умиддамиз.

Насиба АБДУЛЛАЕВА,
жамоатчи мухбиримиз.