SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ШАРҚДАН ЭСГАН ШАМОЛ

ШАРҚДАН ЭСГАН ШАМОЛ

« Назад

13.10.2021 08:57

Хонликнинг пойтахти Хивада XVIII асрдан бошлаб, ўзбекларнинг қўнғирот сулоласи ҳукмронлик қилган. XIX аср охирида Хоразм Россия империяси протекторатлиги остига тушади ва Хива хонлиги деб номланади. Империя қулаганидан сўнг мустақил Хоразмни қайта тиклашга уринишлар бошланди. Хиванинг сўнгги ҳукмдори Саид Абдуллахон ҳарбий тўнтаришдан кейин тахтга ўтирди. У 1871 йилда туғилган. Отаси Муҳаммад Рахимхон II-Феруз тахаллуси остида ижод қилган машҳур шоир, давлат арбоби бўлган. 

1918 йил баҳорида хонликдаги парокандаликдан фойдаланган туркман-ёвмут қабиласи сардори Жунайидхон ҳарбий тўнтариш қилиб, Асфандиёрхонни ўлдирди ва тахтга унинг акаси Саид Абдуллани ўтказди. Лекин амалда бош вазир сифатида хонликни Жунайидхон бошқарди. Саид Абдуллахон эса “қўғирчоқ хон”га айланади. Балки, мана шу ҳолат кейинчалик унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлиши ҳам мумкин. 

1919 йилнинг кузида Москвада советлар ҳукумати томонидан Хива хонини ағдариш ҳақида қарор қабул қилинган ва Хоразмга Қизил Армия қисмлари юборилган. 1920 йил январь ойида Жунайидхон лашкарлари советлар томонидан яксон қилинади. Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласи Бутунроссия фавқулодда қомиссияси томонидан ҳибсга олинади. 2 февраль куни совет ҳукумати босими остида у расман тахтдан воз кечган. 

Саид Абдуллахон ва унинг тахтига ворислик қилиш ҳуқуқига эга бўлган эркак қариндошлари Хоразм Халқ Совет Республикасидан бадарға қилинади. Хон ва яқин қариндошларининг кейинги ҳаёти ҳақидаги тарихий маълумотлар жуда кам. Бироқ, 2019 йил декабрь ойида Киевдаги “Ярославов Вал” нашриёти ёзувчи Григорий Гусейновнинг “Шарқдан эсган шамол” номли китобини нашрдан чиқаради. Унда Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласи ҳақидаги шу пайтгача номаълум бўлган маълумотлар тўпланган. Асар муаллифи маълумотига кўра, бадарға қилинганлар дастлаб Хивадан Тошкентга келтирилади. Кейин Россиянинг Самара шаҳрига, у ердан Москва областидаги тутқунлар лагерига ўтказилади.

1922 йил 12 февралда Саид Абдуллахон ва унинг қарин-дошлари кутилмаганда озод қилинади. Улар Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Верховцево қишлоғидан қўним топишади. Маҳаллий совхозда ишлаб, отбоқарлик қилишади. 1924 йили Абдурасул Мадиёров милиция мактабига ўқишга киради. Қолганлар эса Кривой Рог шаҳридаги темир рудаси конига жўнатилади. Хусусан, Саид Абдуллахон шахтага қоровул бўлиб ишга киради, қолганлар отбоқарлик қилишади. 1930 йилларда собиқ иттифоқнинг барча ҳудудларида жумладан, Украинада ҳам мисли кўрилмаган қаҳатчилик ва оммавий очарчилик бўлиб ўтади. Бундай оғир синовларни кўтара олмаган кекса Саид Абдуллахон дизентерия билан касалланиб, кончилар шифохонасига ётқизилади ва бир ойдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. Хиванинг собиқ ҳукмдори 62 ёшида кончиларнинг қабристонига кўмилади.

1933 йил хон вафотидан сўнг унинг қариндошларига Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилади. Саид Абдуллахоннинг ўғиллари – Раҳматулла ва Юсуф Ёқуб Тошкентга кўчиб боришади.

Қайд этиш жоизки, хон авлодига совет иттифоқининг исталган жойида яшашга рухсат берилган, аммо Хивага қайтиш тақиқланган. Хоннинг Украинада оилали, бола-чақали бўлган бошқа қариндошлари Кривой Рог шаҳрида қолиб кетишган.

Григорий Гусейновнинг ёзишича, Абдурасул Мадиёров умрининг охирида, 1990 йили қисқа муддатга Хивага саёҳат қилиб, машҳур аждодларининг қабрларини зиёрат қилади. 70 йилдан кейинги бу зиёрат охиргиси бўлиб қолди. Абдурасул Мадиёровнинг авлодлари ҳозирги вақтда ҳам Украинада истиқо-мат қилмоқдалар. 

Ш.ЁҚУБОВА,
Г.ОТАБОЕВА,
“Ичон-қалъа” давлат музей – қўриқхонаси  илмий ходимлари.