SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  Сайлов компанияси: очиқлик ва ошкораликни таъминлашда ОАВнинг роли

Сайлов компанияси: очиқлик ва ошкораликни таъминлашда ОАВнинг роли

« Назад

20.09.2021 15:34

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқи бўлмиш сайлов ҳуқуқини эркин амалга оширишни таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва принципларига тўла мувофиқ равишда шаклланиб, такомиллашиб бормоқда.

Сайловлар – кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шаклидир. Демократик сайлов тизими орқали фуқаролар ўзи муносиб билган шахсларни ҳокимият органларига сайлайди, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради ҳамда давлат бошқарувини амалга оширишда иштирок этади.

Сайлов жараёни сайлов кампаниясини эълон қилиш, сайлов комиссияларини тузиш, номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш, сайловга тайёргарлик кўриш, сайловни ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ бир қатор босқичлардан иборат бўлиб, бунда сайловолди ташвиқоти муҳим ўрин тутади.

Бутун сайлов кампанияси  кенг ошкоралик асосида тузилади, ҳар бир сайловчи  сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга,  сайлов комиссияларининг  таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига  эга. 

Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигида сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ ҳуқуқий асослар мустаҳкамланган бўлиб, улар мазкур тадбирнинг тенг, адолатли, очиқ ва ошкоралик асосида олиб борилишини тўла кафолатлайди.

 Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонунларида сайловолди ташвиқотини амалга оширишга доир қоида-талаблар мустаҳкамланган.

Сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис, қонунчиликда бу борада Президентлик ва депутатликка номзодлар ҳамда сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сайловолди ташвиқоти юритишга оид қонун нормалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва талаблари, ривожланган демократик давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси ва халқимизнинг миллий менталитетини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган бўлиб, фуқароларга давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали эркин ҳамда ихтиёрий иштирок этиш учун тенг шароитларни кафолатлайди.

А.ТАДЖИЕВА,

Хива туман ФҲДЁ бўлими мудири в/б.