ОТАНАЗАР АКАНИНГ НАВҚИРОН ГУЖУМЛАРИ ёхуд унинг соясидаги суҳбатлар
« Назад 28.03.2022 08:12 Хоразм атамаси аслида қуёшли ўлка маъносини билдиради. Номидан ҳам маълумки, бу кўҳна заминга бобо офтоб уч юзу олтмиш кун ҳам сўнмас нурини аямай, сочиб туради. Ёзда 40-45 даражагача иссиқ, қишда ҳам шу даражада совуқ ёғдирадиган оби ҳавоси барибир деҳқончилик учун қулай имкониятларни яратган. Қандай қилиб дейсизми? Пахта, ғалла, мева-сабзавотлар табийки ўта иссиқни ёқтирадиган қишлоқ хўжалиги экинлари тоифасига киради. Тасаввур қилингки, 40 даражадаги саратонда қандай қилиб, бу экинларни парвариш қилиш мумкин?! Ҳар бир йирик-йирик карталар ўртасида қурилган ҳовузлар атрофидаги соя салқин, барглари сувга тегай-тегай деб турган баравж гужумлар хордиқ онларида одамларни ўз бағрига чорлайди. Чиннидай озода, кўлмаклаб сув сепилган сўриларда аёллар бир тараф, эркаклар бир тараф бўлиб, тўкин дастурхон атрофида гап-гаштаклик қилишлари қишлоқ меҳнат аҳлининг такрорланмас онларидир. - Гужум ҳақиқатан ҳам воҳа табиатининг рамзи саналади, - дейди яқинда муборак 80 ёшини қаршилаган, узоқ йиллар собиқ Огаҳий номли жамоа хўжалиги раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Отаназар ака Пирназаров, - кечагидек эсимда: ўтган асрнинг етмишинчи йилларида она табиатимизга аэропландан бутефос сепдик. Бу қилмишимиз гарчи пахтани тезроқ очилишига хизмат қилган бўлса-да, боғ-роғларга, ўсимлик оламига, қолаверса, одамлар соғлигига анча зарар етказди. Оқибатда табиат муозанати бузилди, ҳар хил зарарли хашоротлар кўпайди. Улардан бири дов-дарахтларга, пахсалик уйларга қирон келтирган “шаҳар мўйловдори” яъни термит қуртидир. Бундан айниқса, ҳозирда долзарб муаммога айланаётган навқирон гужумлар кўпроқ азият чекди. Натижада 100-150 йиллик дарахтлар турган жойида қурий бошлади. Маъмун академияси, илмий-тадқиқот муассасалари олимлари ўрганишларига қарамай, термитни бутунлай йўқотишга бирон-бир чора топилмади. Қайтага мажлисбозлик, йиғилишлар кўпайди. - Ўшанда мен бунинг бошқача чорасини ўйлаб топдим, - де-я яна сўзини давом эттиради, Отаназар ака, - қишлоқдаги кўпни кўрган, элга меҳнати синган қарияларни бир жойга чақирдим. - Қани отахонлар, эл бошига мана шундай кунларда иш тушса, қараб ўтириш ярамайди, бирор чорасини топмасак бўлмайди, дедим. Ким нима деса деди, аммо бирор тўхтамга келолмадик. Шунда мен гапнинг пўсткалласини айтдим. - Фақат бир йўли бор. Қуриганларини кесиб, ўрнига иккитадан-учтадан нарвон (гужумни Хоразмда нарвон ҳам дейишади, - изоҳ таҳр.) экамиз. Қараб ўтиришдан фойда йўқ. чунки термит бақувват танани емиради. Ёш ниҳол ўсишдан тўхтамайди, қолаверса, томирларида сув югуради. Табиийки термит сувдан қўрқади. Қариялар фикримни қўллаб-қувватлашди. Бутун қишлоқ бўйлаб, минг тупдан ортиқ гужум экдик. Бизнинг ишимизни кўриш учун вилоятдан, жумладан, раҳбарлар ҳам етиб келишди. - Мана ман деган олимларнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган ишни қилдингиз. Баракалла! Хива тумани саркотиби Мадаминжон ака Маткаримовнинг самимий эътирофидан сўнг Эски Қиётда – Огаҳий туғилган қишлоқда туғилган ташаббусимиз бутун вилоят бўйлаб ёйилди. Хушхабарнинг қаноти бор, деганларидек эзгуликдан ўрнак олганлар сафи кўпайди. Дала шийпонлари, ҳовуз бўйлари, хатто хонадон олдиларига ҳам гужум ниҳоллари ўтқазилди. Кунларнинг бирида вилоятнинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Маркс ака Жуманиёзов айни ёз чилласида Огаҳий номли жамоа хўжалигига келди. Қишлоқ далаларини кезгач, тангадек соя туширмаётган гужум соясида бир оз дам олди. - Бунингни (гужум демоқчи,- изоҳ таҳр.) қандай асраяпсан? Бошқалари қуриб битаётган пайтда... Маркс аканинг саволидан довдираб қолдим. Бир оз мулоҳаза юритгач, жавоб бердим. - Ҳовуз бор жойда гужумлар яшаб қолади, ёшулли,- дедим, - ундан ҳам муҳими бундай табиат ёдгорлигига инсон меҳри керак! Жавобим ёқиб тушди, шекилли, Маркс ака вилоятнинг қаерига борса, огаҳийликлар тажрибасини айтиб юрди. Ҳозир ўйлаб қарасак, хайрли аъмолимизнинг бошлаганига эллик йилдан ошибди. Тўғри, ҳаммаси бир текис тутиб, гужумдек соя берди, деб айтолмайман. Минг тубидан қарийиб 50-60 фоизи камолга етганига аминман. Ёмоннинг эгаси йўқ, яхшиликнинг эгаси кўп, дейишади. Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ каби гужумлар вилоятимизнинг гулу жамолини янада яшнатиб юборди. Дала ўртасидаги жаннатмонанд, қалин гужумлар соя берган ховуз бўйида бир пастгина салқин шабададан баҳра олганга нима етсин?! Хива - сайёҳлар шаҳри. Қадимий қалъанинг катта ва баланд, очиқ айвон саҳнидаги у ер-бу ерида сақланиб қолган кекса гужумларга хорижий меҳмонлар ҳам суқланиб боқишади. Дунёнинг ҳеч бир буржида учрамаган бу дарахт турига ажабланмасдан илож йўқ. - Айтинг-чи, гужумларни бошқа вилоятларда ҳам кўчириб ўтқазиш тажрибаси қўлланилганми? - сўрадим Отаназар акадан. - Бунисини билмадиму, лекин астойдил, чин кўнгилдан бу ишга бош қўшишса, меҳр қўшилган жойда албатта хоҳлаган дарахт кўкаради. Шу ўринда Отаназар аканинг ўринли сўзига иқтибос келтирмоқчиман. Ўзбекистонимизнинг яшил марвариди Фарғона Водилида минг йиллик чинорлар яшнаб турибди. Ана шундай азим дарахтнинг таг-тубкасида чойхона борлигига нима дейсиз?! Ҳа, ўлкамиз чинакам бетакрор ажойиботларга, ғаройиботларга тўла. Сурхону Қашқа воҳасига йўлингиз тушса, кенг сарҳадлар бўйлаб туташиб кетган арчазорларга кўзингиз тушади. Бамисоли ўрмонзор дейсиз. Кейинги йилларда арча дарахтларини Хоразм шароитида ўстириш мақсад қилинди. Бу ўзининг самарали мевасини бера бошлади. Лекин иссиқ саратон пайтида ҳеч бир дарахт гужумчалик ўрин босолмаса керак. Чунки гап мос ва хосликда. Президент навбатдаги ташаббусларидан бирини “Яшил йиллик” деб бежиз атамади. Чунки инсон табиат фарзанди, ҳар бир жонзот унинг бағридан баҳра олишга интилади. Шу боис яшил бойлигимизни асраш учун умумкураш бошланди. “Бирни кессанг, ўнни эк!” деган ота-боболаримиз. Лекин шу таомилга ўзимиз риоя қилаяпмизми? Афсуски йўқ. Кейинги йилларда она табиатимизга, хусусан, дов-дарахтларга қирон келтираётганимиз кечирилмас холдир. Оролнинг қуриган қисмига саксовул ва буталар уруғини неча минг километрдан олиб келиб, экаётган бир пайтда ёнгинамиздаги одамлар ўсиб-яшнаб турган дарахтларнинг танасига болта урса-я. Табиатимизга бундай беэътиборсизлигимиз, шавқатсизлигимиз охир-оқибат табиат биздан ўч ола бошлайди. Ҳеч кимга сир эмас, тўфонлар, тошқинлар, бўронлар шуларнинг силсиласидир. Яна Отаназар аканинг ҳовуз бўйидаги гужум соясида айтган гурунгларига қайтсак. - Давлат раҳбари айтмагунча, биз она юртимизни кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратмаётган эдик. Қадимдан ажойиб урф-одатларимиз, улуғ анъаналаримиз, боқий қадриятларимиз бизнинг кимлар авлодидан эканлигимизни билдириб туради. Фарзандларимизга атаб дарахт кўчатлари ўтқазишни нега унутдик? Лоақал экилганлар парваришига нима учун эътибор қаратмаяпмиз? Гужумларнинг соясида гап-гаштак қиламизу нега уларни ўстириш, янгиларини ўтқазиш тўғрисида ўйламаймиз? 3-4 ўринли ишчи сони яратдик, деб бонг урамизу 3-4 дарахт ўтқазишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Биз келажак авлодга нима қолдирамиз? Жавоби тезроқ топилмайдиган саволлар олдида яна ўйланиб қоламиз. Фақат изланиш, кашфиётлар яратиш табиат муозанатини тўғри ўзанларга буриб юборишга хизмат қилади. Қолаверса, она табиатни, унинг бағрида бўй чўзган гужумдек табиат ёдгорликларини асраш Сизу Бизнинг қўлимизда. Демак, яшил бойлигимизни янада кўпайтиришни асосий бурчимизга айлантирайлик! Ш.МАШАРИПОВ, “Хива тонги” газетаси муҳаррири. |