SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  Огоҳ бўлинг, ҚАЛЛОБЛАР! ЁХУД ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ДОРИ-ДАРМОН САВДОСИ АВЖ ОЛМОҚДА! МАҲСУЛОТ СИФАТИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

Огоҳ бўлинг, ҚАЛЛОБЛАР! ЁХУД ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ДОРИ-ДАРМОН САВДОСИ АВЖ ОЛМОҚДА! МАҲСУЛОТ СИФАТИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

« Назад

22.07.2022 10:20

Кейинги пайтларда кўпчилик юртдошларимиз  ижтимоий тармоқлардан илгарига нисбатан кўпроқ фойдалана бошлади. Ҳатто карантин даврида масофавий тарзда ўқиб, ишлаб ҳам кўришди. Бу эса ўзидан “блогер" ясаб олган айрим ижтимоий тармоқ “админ"лари учун қўл келди, шекилли, миллионлаб аудиторияга эга каналларда Онлайн савдоларни бошлаб юборишди. 
Маҳсулотлар орасида инсон саломатлигига таъсир кўрсатадиган, чет давлатларда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар рекламаси, айниқса, авж олди. Хўш, бу дори воситалари амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан синовдан ўтказилганми, махсус сертификатга эгами? Албатта, йўқ! Бугунги кунда яратилган шароитдан “унумли” фойдаланиб, мўмай даромад топишни кўзлаган “қўштирноқ” ичидаги блогерлар фаолиятини ҳам қонунчилик талаблари даражасида тартибга солиш фурсати етди. 
Қолаверса, хориждан турли йўллар билан кириб келаётган ҳар қандай дори воситаси қатъий назоратга олиниши зарур. Зеро, соч ўстириш, семиртириш, оздириш учун мўлжалланган препаратлар ноқонуний олиб келингани боис, дорихоналарга қўйилмайди, асосан қўлда, янаям аниқроғи, юқорида айтганимиздай, турли телеграм каналлари орқали реклама қилинади ва кўпинча "текинга" ёхуд “кўнгилли етказиб" берувчилар кўмагида сотилади. 
Эътибор қилинг, нега бундай дори воситалари ОАВ ёки телевидение орқали реклама қилинмаяпти? Сабаби, тартибга кўра, кенг оммага тарғиб этилаётган ҳар қандай дори воситаси рек-лама қилинишидан аввал, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан синовдан ўтказилган ва одамлар ҳаёти учун хавфсиз бўлган рекламага руҳсат берилади. Ижтимоий тармоқлардаги ўша препаратлар рекламасига яхшилаб эътибор берсангиз, унда фотошоп (суратни компюьтер ёрдамида ишлаш) усулидан кенг фойдаланилганига гувоҳ бўласиз. 
“Учар тадбиркорлар"нинг ўзларига шиор қилиб олган маркетинг ҳийласи ҳам бор: “агар фойда бермаса, пулингиз юз фоиз қайтарилади”. Бу гапга ишонганлар дорини сотиб олиб, ўз саломатлигини хавф остига қўяётганини сезишмаяпти. Шунинг учун дори ёки инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ ҳар қандай препаратга онлайн буюртма бераётганлар эҳтиёт бўлишса, шифокор билан маслаҳатлашишса мақсадга мувофиқ бўлади.
 Баъзи фирибгарларни фойда олдида ўзгаларнинг саломатлиги заррача қизиқтирмайди. Улар пул топиш илинжида турли найранглар ўйлаб топишади, одамлар саломатлигига била туриб зарар етказишади. Шу ўринда телеграм ёки бошқа ижтимоий тармоқларда блогерлик билан шуғулланаётган канал маъмурлари ҳам ҳар қандай дорини кенг омма олдида тарғиб қилишдан олдин фақат моддий манфаатни эмас, юртдошларимиз саломатлигини ҳам ўйлаб кўришса, инсофдан бўлади. Зеро, ўзгалар саломатлигига зарар етказиш эвазига топилган фойда барака келтирмайди.

Амирхон ЖУМАНАЗАРОВ,
ЎзЖОКУ ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналиши 3-босқич талабаси.