« Назад
22.10.2021 09:07 Қарийиб 40 йил соғлиқни сақлаш тизимида ҳалол ва виждонан меҳнат қилган олий тоифали стоматолог шифокор Назира опа Абдуллаева ҳам шу қадим тупроқ фарзанди. Соёт қишлоғидаги “Гулис-тон” касалхонаси (ҳозирги ҚВП)да ёшга доир пенсияга чиққунга қадар ишлади.
... 1969 йили нафақат туманимизда, балки республикамизда ҳам таниқли 4-мактаб битирувчиларидан бир гуруҳи олийгоҳларда ўқишни давом эттириш учун пойтахтга йўл олишади. Улар орасида кўҳликкина, ёшгина лавҳамиз қаҳрамони Назира ҳам бўлиб, келажакда ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясида ўқиб, шифокорлик касбини эгаллашни орзу қилган эди. Талабаликнинг олтин давр-лари, профессор-ўқитувчиларининг илмий маърузалари, курсдошлар билан баҳсга тўла мунозаралар, эсдаликка тушган суратлар бир пастда умрнинг ўчмас лаҳзаларига айланди...
1974 йилда қўлига шифокорлик дипломини олган Назира яна қадрдон қишлоғига қайтади. Уни “Гулистон” касалхонасига ишга қабул қилишади. Ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтди, бир-бирини қувиб йиллар ортда қолди. Назира опа қадрдон жамоасида қадр топди, эътибор топди. Муҳими қўли енгил шифокорлигидан ҳамқишлоқларининг ҳурмат-эътиборини қозонди. Каттаю кичик опани нажот фариштасига қиёс қилишади. Чунки кимки, оғир дард чекса, кўзига дунё қоронғу бўлиб, ҳеч нарса татимайди. Ана шундай лаҳзаларда албатта, докторлар сизнинг ёнингизда ҳозиру нозир.
Назира опа бахтли оила соҳибаси ҳамдир. Фарзандлари, келинлари ва набиралари ардоғида шодон ҳаёт нашидасини сурмоқда. Гоҳида ёшлик, талабалик даврларини қўмсабми, далага чиққанини, оппоқ-оппоқ, лўппи-лўппи пахталар терганини ўзи ҳам сезмай қолади. Ишонасизми – ҳар куни 80 килограммдан!
Ҳалоскоримиз, нажоткоримизни яқинлашиб келаётган тиббиёт ходимлари куни билан муборакбод этамиз. Ҳамиша бахтимизга омон бўлинг, опажон! Кўзингиз нам, қўлингиз дард кўрмасин асло!
Рохатой ЮСУПОВА,
Соёт қишлоғидаги Н.Кубро МФЙ истиқомат қилувчи уй бекаси.
|