« Назад
31.08.2020 11:30 Эрталаб ишга, кечқурун эса уйга ошиққан кишини энг бахтли одам дейишади. Тўғри-да, инсон учун севган касби ва хотиржам оиласидан-да, улуғроқ нарса борми? Шукр қиламанки, мен ҳам бу бахтдан бенасиб қолмаганман. Ҳар куни ишимга, болажонлар қуршовига талпинарканман, ўқитувчилик касбининг такрорланмас лаҳзаларини дилдан ҳис қиламан. Айниқса, бугунги кунда биз ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги обрўимиз ортганлиги, таълим-тарбия соҳаси давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини касбимизга бўлган меҳримизни янада оширади.
Мен фаолият юритаётган 10-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Барча тўгараклар малакали ўқитувчиларга бириктирилган. Муҳими, ўқувчиларимизда интилиш бор, иқтидор бор. Уларни фанга бўлган қизиқишларини кўриб биз ўқитувчилар ўқувчиларимизнинг келажаги порлоқ эканига ишонамиз.
Умумтаълим мактабларида ўқувчи-ларга хорижий тилларни ўқитиш ҳам педагогдан мунтазам равишда изланиш, билим ва маҳоратини сайқаллаб, илғор тажрибалардан хабардор бўлиб боришини талаб этади. Айниқса, тил ўргатишда фанлараро интеграциянинг мавжудлиги ўқувчиларнинг эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини янада бойитиб, мустаҳкамлшига хизмат қилаяпти. Айрим дарслар немис тилидаги шеър ва қўшиқлар, мақоллар, диалоглар ва саҳна кўринишлари орқали ташкил этилиб, барча ўқувчиларнинг иштироки таъминланади. Натижада ўқувчиларнинг нутқи ривожланади, ёд олган шеър ва қўшиқлари асосида ўз тенгдошлари билан суҳбат қуриш кўникмаси шаклланади.
Хорижий тилларни ўқитишда маънавий, маърифий, маданий ва ахлоқий тадбирларни ташкил қилиш жуда самаралидир.
Глобаллашган замонда киши ўз қобиқларини ёриб чиқиб, дунёда қандай инсонлар борлигини, илм-фан тараққиёти қай даражага етганини бировларнинг оғзидан эмас, бевосита турли тилларда тақдим этилаётган ахборот манбаларидан олиши оддий ҳақиқатга айланиб бормоқда. Бугунги кунда таълим муассасаларида болалар бошланғич синфлардан бошлаб чет тилларни қизиқиш билан ўрганмоқдалар. Бу эса уларнинг хорижий тилларни пухта эгаллашларига замин яратади. Биз педагоглар ёшларнинг қизиқишларини янада рағбатлантириб, уларнинг мазмунли билим олишига имконият яратишимиз керак. Бунда тажриба алмашиш, очиқ дарсларни кузатиб муҳокама қилиш замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Мен юқоридаги бу фикр-мулоҳаза-ларимни халқ таълими ходимларининг анъанавий август анжумани минбаридан туриб билдирмоқчи эдим. Лекин пандемия сабаб бунинг имконияти бўлмади. Шунда ўзим мунтазам мутолаа қилаётган “Хива тонги” газетаси минбарига ҳавола этдим. Келинг, фанлараро биргаликда ўзаро тажриба алмашайлик!
Сурайё АРТИҚОВА,
шаҳардаги 10-сон мактаб немис тили фани ўқитувчиси.
ТАҲРИРИЯТДАН: Ҳақиқатан ҳам ташаббускор муаллиманинг фикрлари халқ таълими ходимларини якдил мулоҳазага чорлаши ажаб эмас. Келинг, яхшиси Сиз ҳам минбаримизга – очиқ-ошкора мулоқот даврамизга қўшилинг. Мактубингизни ёки ташрифингизни кутамиз.
|