« Назад
06.01.2021 13:50
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 23-25 декабрь кунлари шаҳримизда ташкил қилинган семинар-тренингда Хива шаҳар, Янгиариқ, Хива ва Қўшкўпир туманларидан 144 маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари қатнашдилар.
Уни Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари – Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов очди. Нотиқ ўз маърузасида бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган маҳалла тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош омили аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Семинар-тренинг иштирокчилари ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича “Маҳалла раиси – ислоҳотчи!” тамойилига асосланган тизимнинг мазмуни ва моҳияти, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашни самарали ташкил этиш мавзуларида маҳаллалардаги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалга ошириш механизмларини муҳокама этишди.
Шунингдек, аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларга тиббий-психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар беришга ҳам алоҳида тўҳталиб, МФЙ фаолиятида аҳоли билан самарали мулоқот қилиш технологияларини қўллаш, муаммоли вазиятларда стрессни олдини олиш усуллари юзасидан мутахассислар томонидан таклиф ҳамда услубий тавсиялар берилди.
“Маҳаллалар фаолиятида фуқаролар ўртасидаги низоларни олдини олиш усуллари” мавзуида тренинг машғулотлари гуруҳ-ларга бўлинган ҳолда интерфаол усулда олиб борилди. Гуруҳлар кесимида тақдимотлар юзасидан суҳбат-мунозаралар ўтказилди. Ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, уларнинг аъзоларига семинарда берилган таклиф ва тавсияларни ёзма равишда тақдим этишлари тўғрисида келишиб олинди.
Бугун МФЙ раислари шиддат билан ривожланаётган давримизда амалга оширилаётган ишларнинг бош ислоҳотчисига айланса, албатта халқ ва давлат идоралари ўртасидаги кўприк янада мустаҳкамланади. Халқимизнинг оғири енгил, узоғи яқин, дарду ташвишлари камаяди.
МФЙ раисларининг семинардан олган назарий ва амалий билимлари уларнинг кундалик фаолиятларида, фуқаролар билан ўзаро мулоқотда, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ва низоли вазиятларни олдини олишда бевосита ёрдам беради.
Д.МАШАРИПОВ,
“Хива тонги” мухбири.
* * *
Суратда: семинар-тренинг машғулотлари пайтида.
Муаллиф олган сурат.
|