«БИР ЗИЁЛИ – БИР МАҲАЛЛАГА МАЪНАВИЙ ҲОМИЙ»
« Назад 24.11.2021 12:19 Президентимиз жорий йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳаллага «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлиларни бириктириш орқали маънавий ҳомий этиб белгилаш ғоясини илгари сурган эди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳам ўзларига бириктирилган маҳаллаларда бўлиб, уюшмаган ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда. Тўгаракларга жалб қилиб, бўш вақтларини сермазмун ўтказиш чораларини кўраётир. Улар МФЙ ҳамкорлигида чора-тадбирлар йўл-харитасини тузишди. Уюшмаган ёшларни тўгаракларга жалб этиш учун 5-сон мактабидан хона ажратилиб, она тили ва адабиёти фанидан репититорлик курслари ташкил этилди. Ушбу ўқув курси машғулотлари ўзбек филологияси факультети профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари томонидан бепул амалга оширилмоқда. –Ҳар бир тадбирни қизиқарли ва ёшлар учун фойдали ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди факультет декани Обид Шофиев. – Уюшмаган ёшларимиз учун натижадор бўлишига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Тадбирга уюшмаган ёшлар қаторида ҳудуддаги 11-мактаб ҳамда 12-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларини ҳам жалб этдик. Ташкил этилган мушоирада уюшмаган ёшлар ҳам қизиқиш билан иштирок этди. Энг фаол ўқувчилар ва уюшмаган ёшларга, китоблар совға қилинди. Олий таълим муассасасида ушбу маҳаллаларнинг уюшмаган ёшлари ўртасида ўтказилган спорт мусобақасида Соёт, Журён маҳаллалари жамоалари иштирок этиб, спортнинг қатор турларидан фахрли ўринларни қўлга киритишди. Маҳаллаларга зиёлиларнинг маънавий ҳомий этиб белгилангани уюшмаган ёшлар маънавиятини ошириб, уларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга чексиз ҳурмат руҳида улғайтиришга хизмат қилаётгани, бандлигини таъминлашга кўмаклашаётгани билан аҳамиятлидир. Ж.РЎЗМЕТОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хива туман бўлинмаси. |