« Назад
03.02.2021 14:20 
Ҳазрат Навоийнинг бирорта шеъри ёки китоби кириб бормаган хонадон Ўзбекистонда топилмаса керак. Наинки мамлакатимизда, балки бутун дунёда ҳам унинг сарчашмасидан бахраманд бўлмаган халқ камдан кам топилса керак. Шоирнинг машҳурлиги шундаки, Россия, Япония, АҚШ, Озарбайжон, Хитой каби мамлакатларда унинг номига ҳайкаллар қўйилган. Ҳа, буюк Навоий буюк миллатимиз тимсоли, фахру ифтихори, шаъну шонидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг буюк шоир ва мутаффакир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ шаҳар ва туманимиздаги мактаб, мактабгача таълим муассасаларида, жамоат ташкилотларида ҳам қутлуғ санани муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Одамий эрсанг демагил одами,
Они ким йўқ халқ ғамидан ғами.
каби машҳур мисралари каттаю кичикнинг дилида, санъаткорлар-нинг созида мағрур жарангламоқда.

Шоҳ ва шоир Бобур ҳам ўзи-нинг ўлмас битиклари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган. Унинг биргина “Яхшилик” ғазали мудроқ касларни ҳам шак-шубҳасиз уйғотиб юборади, десак асло муболаға бўлмайди.
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Бугунги азизлар анжуманида яқинда вафот этган Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг ҳам Навоий ва Бобурнинг ғазалларига муҳаммас боғлаган шеърларини тилга олмасдан бўлмайди. Навоий ғазалига битган биргина “Аввалгиларга ўхшамас” муҳаммаси эл орасида жуда машҳур бўлиб кетган. Хатто, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ушбу ғазалга куй басталаб, қўшиқ қилиб, юксак маҳорат билан ижро этади.

Демангиз Ширину Лайли онча бор хусн ичраким,
Хубликда ул санам аввалгиларға ўхшамас.
Эй Навоий, қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозига карам аввалғиларга ўхшамас.
Не ажабки, бу ойда “Навоий йўлида ижод қилиб келаётган” (Шоирга “Офарин” мукофоти берилаётган чоғда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг келтирган иқтибо-си) Матназар Абдулҳакимнинг ҳам таваллуд айёми. Унинг:
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер тагидан дунёлар чиқар.деб бошланадиган тирик сатр-лари шоир ва таржимоннинг буюк халқ тафаккурига қандай яқинлигини кўрсатиб турибди.
Халқимиз дардини куйлаб ўтган шоирларимизни ҳар қанча алқасак, шунча арзийди. Ҳаёт давом этар экан, улар қолдирган абадий адабий мерос тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб бораверади.
Ш.АБДУЛЛАЕВА,
Хива шаҳар ҳокими маслаҳатчиси.
|