ҲОКИМДА АЛОВУДДИННИНГ СЕҲРЛИ ШАМЧИРОҒИ БОРМИ?!
« Назад 14.10.2021 13:54 Бугун 14 октябрда Хива шаҳар Кенгашининг навбатдаги 59-сессияси бўлиб ўтди. Мухбиримизнинг хабар беришича, депутатлар муҳокамасига шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид кечиктириб бўлмайдиган ўнта долзарб ва муҳим масалалар киритилган. Сессияни бошқариб борган Хива шаҳар ҳокими Т.И.Давлетов ушбу масалаларни эълон қилиш билан бирга, уларни бирма-бир изоҳлаб ҳам борди. - Аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини хал қилиш энг долзарб ва энг қийин масалалардан биридир, - деди ҳоким куйиниб ўз нутқида, - чунки ҳамма нарса маблағга бориб тақалади. Ахир менинг қўлимда Аловуддиннинг сеҳрли шамчироғи йўқ-ку! Онкологик ва юрак хасталиклари билан оғринган беморлар учун жарроҳлик операцияларига қанча маблағ керак? Устига устак битта оиладан уч нафар талабанинг контрактига-чи? Ўзимиз муассислигимизда нашр қилинаётган “Хива тонги” газетасини қўллаб-қувватлашни ўйлаб кўрдик-ми? Депутатлар мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда қийин масалаларга ечим топиш учун овоз беришди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хива шаҳар қабулхонаси мудири Р.Аллабергановнинг ўринли бир сўзи депутатларнинг айни кўнглидаги муддао бўлди. - Секторлар кесимида жуда хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Лекин шулар ҳақида нега оммавий ахборот воситаларида етарли ёритилмаяпти? Хусусан, телевидениенинг 24-каналида? Сессияда иштирок этаётган “Хива тонги” газетаси муҳаррири ҳаққоний сўровга дарров изоҳ берди. - Хақли талаб! Ҳақиқатан янгилик ёки камчиликлар журналистларнинг доимий нигоҳида бўлиши керак. “Хива тонги”нинг босма шаклидан ташқари ташкил қилинган веб сайти ва телеграмм канали хоҳловчилар эътиборига ҳавола этиб борилмоқда. Масалан, “Обод маҳалла” дастури бўйича бизда “Бинокор”дан туркум мақолалар ёритилган. Сессиянинг энг ҳаяжонли ва эсда қоларли саҳнаси охирида содир бўлди. Депутатлар томонидан Хива шаҳридаги 5-сон умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига муносибини танлаш юзасидан ўтказилган очиқ овозга қўйиш натижаларига мувофиқ, Атоджанов Собиржон Дилшод ўғли номзоди лойиқ деб топилди. - Номзоднинг ёшликка хос шижоат ва жасорат билан ишлашлиги кўриниб турибди, - деди депутат Равшанбек Шенниязов, - муҳтарам Президентимиз ҳам ҳар бир чиқишларида йигит-қизларнинг интилишларига йўл очиб бериш зарурлиги ҳақида қайта-қайта такрорлайдилар. Дарвоқе Собиржоннинг амалий дастурида Президент ибораси билан айтганда, кўзи ҳам, юраги ҳам ёниб турган ёшлик қўрини сезиш мумкин. Сессия муҳокамасига қўйилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш доимий комиссиялар зиммасига юклатилди. Ўз мухбиримиз. |