SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ЖАҲОН НИГОҲИДАГИ БОҚИЙ ШАҲРИМИЗ 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахтига мезбонлик қилади

ЖАҲОН НИГОҲИДАГИ БОҚИЙ ШАҲРИМИЗ 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахтига мезбонлик қилади

« Назад

10.01.2024 07:58

Темур Исмаилович ДАВЛЕТОВ, 
Хива шаҳар ҳокими.

Hiva_PahlavanMahmud2

Ўтаётган ҳар бир йил, ойу кунлар сизу бизни буюк мақсадларни рўёбга чиқаришга, халқимизни янада тинч ва фаровон яшаши учун муносиб шароитлар яратиб беришга ундамоқда. Қатрада қуёш акс этганидек, тинимсиз меҳнату заҳматлар эвазига кечган биргина 2023 йил мисолида ҳам кўп қиррали фаолиятимизга баҳо бериш мумкин. Буни келтирилган   далиллар, рақамлар ҳам яққол исботлаб турибди.
“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” де-я инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ишларимиз тарих саҳифаларидан мустаҳкам жой олди. Мисол учун мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги барча муассасалар шароити тубдан яхшиланди. Қўшимча синф хоналари, спорт-соғломлаштириш шаҳобчалари таъмирланди ёки янгисига эҳтиёжлари қайтадан қуриб битказилди. Бошланғич синф ўқувчилари Президентимизнинг шахсан саъй-ҳаракатлари билан бепул овқатланадиган бўлди. Мактабгача таълим муассасаларига кичкинтойларни жалб этиш шаҳримизда юз фоиз қамраб олинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини тугаётган йилни ҳаяжон билан кузатиб, 2024 йилни катта орзулар билан кутиб олган ҳар бир хонадон, оила, ҳамюртларимиз диққат билан тинглади. Мамлакат етакчисининг ҳар бир сўзи барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди. Чунки Президентимизнинг ҳар бир ҳаётбахш ташаббуслари одамлар тақдирида, ҳаёт тарзида, фарзандларимиз истиқболида, мамлакатимиз тарақ- қиётида ўчмас из қолдирмоқда.
Президентимиз янги 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилдилар. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёш йигит-қизлар ташкил қилади. Биргина шаҳримиз ёшларининг 50 мингдан ортиғи 30 ёшгача бўлган баркамол авлод вакилларидир. Ҳокимлик ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида янги йил байрамини юқори савияда ўтказиш, болаларга қувонч бағишлаш учун катта тайёргарлик кўрилди.
Ҳокимлик ва сектор раҳбарлари иштирокида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва боқувчисини йўқотган болажонлар учун байрам давралари ташкил қилиниб, уларга Президент совғалари топширилди.
“Янги йил – орзу-умидлар ва улкан ниятлар байрами” мавзуида ташкиллаштирилган ушбу хайрли тадбирлар болажонларнинг хотирасида умрбод сақланиши шак-шубҳасиз. Ҳар йили янги йил байрами яқинлашганда бозорларда маҳсулотларга талаб ортиши табиий. Албатта, бунда нарх- навонинг барқаролиги муҳимдир.
Шуни эътиборга олиб, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 12 декабрда қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича вазифаларни бажариш ҳолати муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида янги йил байрами олдидан аҳоли шароитларини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш учун шаҳар ва туманда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Унда 40 турдан ортиқ озиқ-овқат, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, қандолатчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа турдаги маҳсулотлари тақдим этилди. Ярмаркадан жой эгаллаган маҳсулотлар сифати ва белгиланган нархидан аҳоли мумнун.

Қайд этиш жоизки, ярмаркалар нафақат байрамолди, балки йил давомида фаолият кўрсатади. Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 февралдаги “Ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ва аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатлашни таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида маҳсулотларнинг нархи асоссиз равишда ўсиб кетишини олдини олиш ва аҳолига узлуксиз равишда етказиб бериш борасида бир қатор вазифалар белгилиб берилди.
Янги йилга янги орзу-ниятлар, улкан мақсадлар билан қадам қўймоқдамиз. Боқий шаҳримиз қиёфаси, маҳалла ва хиёбонларимизнинг кўрку таровати тубдан ўзгармоқда. Янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари, иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқариш соҳаларида бир-бирини такрорламайдиган лойиҳалар ишга туширилмоқда. Саноат корхоналари аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши билан бирга, аҳолининг меҳнат бандлигини таъминлашга, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Якунланган 2023 йил мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёзган хайрли ташаббус “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилган ишлар билан ҳам ёдда қолди.
Аниқ рақамлар асосида айтадиган бўлсак, ўтган йили “Обод хонадон” дастури асосида уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган оилаларнинг ўндан ортиқ турар-жойлари таъмирлаб берилди. “Обод кўча” бўйича эса ўн учта кўчада асфальтлаш, шағаллаштириш ва бетонлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари пиёдалар йўлаги, ичимлик суви шароитлари яхшиланди.
Ана шундай тизимли ишлар натижасида ҳамшаҳарларимизни узоқ йиллардан бери ўйлантириб келаётган энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари ҳал этилди.
Қиш кунлари аҳолини ташвишга солаётган энергия манбалари билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топмоқда. Жами 60.км. янги электр тармоғи тортилди, 4 та янги трансформатор ўрнатилиб, 19 таси таъмирланди. Муддати ўтган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Шу билан бирга ёритиш мосламалари ўрнатилди. Газ тақсимлаш пуктларида ижобий натижаларга эришилди. “Обод маҳалла” дастури бўйича ҳам марказий кўчалар, МФЙ бинолари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, оилавий шифокорлик пунктлари, аҳоли дам олиш масканлари фаолияти яхшиланди.
“Қумясқа”, “Қибла Тозабоғ”, “Лолазор”, “Янги ҳаёт”, “Гулирайҳон”, “Гулшан-2, “Дўстлик”, “Тозабоғ” МФЙнинг янги бинолари қурилди. “Янги турмуш” МФЙнинг биноси қайта реконструкция қилинди.
Маиший хизмат кўрсатиш, савдо иншоотлари, тадбиркорлик субъектлари ишсиз аҳоли ихтиёрига топширилди. Аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича 4443 нафар фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашилди. 777 нафарига касб-ҳунар ўрганиши учун ўқишга йўлланмалар берилган бўлса, 375 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга ёрдамлашилди. Субсидия асосида ишсизларнинг 400 нафардан ортиғига зарур асбоб-ускуналар олиб берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 1500дан ортиқ фуқароларга 36,4 млрд.сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, бандлиги таъминланди. 
Шунингдек, аҳоли саломатлигини текширувдан ўтказиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш учун ордер топшириш, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган аҳоли вакилларига сиҳатгоҳларга йўлланмалар бериш, ногиронлиги бор, имконияти чекланганларга ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия воситалари, бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Юқорида келтириб ўтилган факт ва рақамлар, далиллар эришган муваффақиятларимизнинг бир қисми холос. Олдимизда эса бундан-да, юксак марралар, вазифалар турибди. Энг қувончлиси, 2024 йил биз Хиваликлар учун олдимизда Ислом дунёсининг туризм пойтахтига мезбонлик қилишдек, оламшумул улкан тарихий воқеа турибди. Бу ҳақда ҳурматли Президентимиз 2023 йил 12 июлдаги “Хива-2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти Халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди.
Қарорга мувофиқ жорий йил март ойида “Хива-2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” шиори остида шаҳримизда Халқаро тадбирларнинг очилиш маросими ҳамда май ойида қадимий қалъамизда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади.
Халқаро тадбирлар доирасида шунингдек, “Taste of Uzbekistan Festival” шиори остида гастрономик фестиваль, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб “Strongmen” Халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси, Халқаро тадбир ўтказиладиган жойларнинг техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;
ҳудудларни ободонлаштириш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, объектлар ва меҳмонхона фондининг тайёргарлигини таъминлаш;
халқаро тадбир ўтказиладиган ва диққатга сазовор жойларни ободонлаштириш ҳамда тайёр ҳолга келтириш;
хорижий иштирокчилар учун эсдалик совғалари (сувинерлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқалар)ни ажратиш каби биринчи нав- батдаги вазифалар амалга оширилади.
Меҳмон отангдай улуғ дейдилар. Агар биз хиваликлар ислом дунёсининг туризм пойтахтига келувчи меҳмонларни юқори савияда қарши олсак, унинг ортидан шаҳримизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини янада кўпайтиришга ҳисса қўшган бўламиз. Шунинг учун тур операторларга, меҳмонхоналарга, меҳмон уйларига, “Ичон-қалъа” давлат музей-қўриқхонасига ҳамда Ичон-қалъа маҳалласи аҳлига Мурожаат қилиб айтамизки, Халқаро тадбирни биргаликда, ҳамкорликда жуда чиройли ва юксак даражада ўтказиш учун жиддий тайёргарлик кўришларини сўраймиз. Айниқса, хизмат кўрсатувчи соҳа вакиллари, Ичон-қалъада жойлашган аҳоли хонадонлари эгалари турмуш маданиятига эътибор қаратиб, уйлари теварак-атрофини саранжом-саришта, озода ва обод сақлашлари зарур. Токи, бирор салбий сабаб бўлиб, меҳмонлар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолмайлик.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Ер юзида мамлакатлар, шаҳарлар кўп. Лекин энг катта очиқ осмон остидаги музей шаҳар – Хива ҳудди мўъжизанинг ўзи. Унинг ҳар бир тошини, обидасини ўтмиш ота-боболаримиздан қолган муқаддас ёдгорлик сифатида қадрлайлик! Буни фарзандларимизга ҳам ўргатайлик!
Сизларни кириб келган янги 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили билан чин дилдан самимий муборакбод этамиз. Хонадонларингиздан файзу барака, юзларингиздан кулгу табассум сира аримасин! Жонажон Ўзбекистонимизнинг сайёҳлар ва ҳунармандлар марказларидан бири ҳисобланган гўзал, боқий шаҳримизни янада гуллаб яшнатиш йўлидаги эзгу ва хайрли ишларингизга куч-қувват, омад ва зафарлар ёр бўлсин!