ФАРҒОНАЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР: “ҲАЙРАТ ВА ҲАВАСИМИЗ ОРТДИ”
« Назад 13.02.2021 10:38 Хабарингиз бор, ички туризмни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ўтган йили 12-13 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида “Урганч-Фарғона-Урганч” авиа қатновини йўлга қўйиш, “Андижон-Хива-Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган поездлар сонини ошириш тўғрисида топшириқлар берган эдилар. 2021 йил 11 февраль санасидан водий вилоятларидан “Урганч” аэропортига доимий парвозлар амалга оширила бошланди. Унинг илк йўловчилари фарғоналик журналистлар бўлишди. - Марғилон, Қўқон, Хива каби қадимий шаҳарлар ўртасида умумий анъаналар, қадриятлар жуда кўп. Айниқса, очиқ осмон остидаги музей шаҳар деб эътироф этилган Хивада сайёҳлик йўналишидаги амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор, - дейди “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири, вилоят журналистлар ижодий уюшмаси раҳбари Муҳаммаджон Обидов, - “Ичон-қаъла” давлат музей-қўриқхонаси ва “Нуруллабой” тарихий мажмуасидаги сайёҳларни ўзига ром этадиган асори атиқалар, кўргазмаларни томоша қилиб, ҳайрат ва ҳавасимиз ортди. Биз эртакмонанд шаҳардан олган таассуротларимизни вилоятимизда нашр қилинаётган барча даврий нашрларда кенг ёритамиз, тарғибот-ташвиқот қилиб, туроператорларнинг эътиборини Хивага жалб этишга, ҳар иккала вилоятда сайёҳлик оқимини оширишга ҳисса қўшамиз. Дарвоқе, саёҳат давомида Хива ва Фарғонадаги қадимий шаҳарлар бўйлаб сайёҳликни кенг тарғиб қилиш, туристик ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузишни хабарлашишга ҳам келишиб олинди. - Ҳақиқатан ҳам биз бугун узоқ мозийдан ҳикоя қилувчи ҳайрат оламига тушиб қолдик, - дейди “Ферганская правда” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Тамара Тошматова, - ҳар бир тошида ўтмиш билан бугунни акс эттирувчи тарих гўё кўз олдимизда намоён бўлгандек бўлди. Ичон-қаъладан чиққимиз келмай қолди. Ҳа ҳамкасбларимизнинг қалб сўзлари, таассуротлари адоғи йўқ. Энди улар Хиванинг бетакрор обидаларидан уйғонган ҳайратларини ёзажак мақолаларида, ўйу қайдларида акс эттирадилар. Меҳмонлар шунингдек, Хоразм Маъмун академиясига ҳам ташриф буюриб, қадим воҳа тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан танишдилар. Академия Жанубий Орол бўйи меъморий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш лабораторияси мудири, архитектура фанлари доктори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳаржон Дурдиева журналистларга илмий масканнинг пайдо бўлиши, қайта ташкил этилиши, 2006 йилда 1000 йиллик юбилейи нишонлангани, шу кунларда олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида тўлақонли гапириб берди. Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими жорий йил 22-27 февраль кунлари “Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларидаги очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзуида анъанавий “Чимён-2021” медиа форумини ўтказади. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 80 нафар босма ва электрон ОАВ журналистлари, (жумладан, “Хива тонги” газетаси махсус мухбири ҳам) блогерлар қатнашадилар. Таҳририятимиз www.xivatongiz.uz веб сайти ва унинг телеграм каналида медиа форум ҳақида туркум мақолалар, интервьюлар, суратлар бериб боришни режалаштирган. Газетамиз сонлари ҳамда каналимизни кузатиб боринг. Ш.МАШАРИПОВ. |