« Назад
25.02.2022 08:10
Хиванинг номини эшитишимиз билан, кўз олдимизда мўъжизакор Ичон-қалъа гавдаланади. Ва қуёшнинг заррин нурлари ила кутиб олувчи Ота дарвозадан киришимиз заҳоти баҳри дилимиз яйраб, ғаройиботлар оламига тушиб қолгандек ҳис қилдик, ўзимизни.
- Бир гуруҳ фахрийлар билан Тошкентдан келганмиз, айланай! Сайёҳликнинг қулайлиги поезддан тушиб, пиёда ичкари қалъага ташриф буюриш мумкин экан.
Бу ўзини Мастура ая дея таништирган меҳмонимизнинг сўзлари.
Мажмуада биз айни кунларда кўпроқ маҳаллий сайёҳ-ларнинг борлигига амин бўлдик. Қадимий обидалар ва музейлардан ўрин олган асори атиқаларни завқ билан томоша қилаётган сайёҳлар биз билан суҳбат қуриб, ўз таассуротларини ўртоқлашишларини сўрадик.
- Хива нақадар гўзал ва бетак-рор экан, - ҳайратини яширолмай сўзлайди, қашқадарёлик Холбуви опа, - томоша қилиш, дам олиш учун барча шароитлар яратилган. Меҳмонхоналар ҳам Ичон-қалъанинг ўзида жойлашганлигини айтмайсизми! Хуллас, қадим қалъадан кетгинг келмайди. Гўё кўз олдимизда шонли тарих жонланиб, ўша даврга тушиб қолгандек, ҳис қиляпмиз, ўзимизни.
Гарчи бугун бутун дунё мураккаб шароитда вирус билан ёнма-ён яшаётган бўлса-да, сайёҳлар тарихий ва қадимий шаҳарларга ташрифини давом эттиришмоқда. Зеро, саёҳат кишига бардам-тетиклик, олам-олам завқ-шавқ бағишлаб, янги-янги мақсад ва ғоялар сари ундайди.
Дармонжон РУСТАМОВА,
Бухоро Давлат университети 1-босқич талабаси.
|