SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  Юрген ЦАХМАННГА “Маданият ва санъат фидокори" КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ

Юрген ЦАХМАННГА “Маданият ва санъат фидокори" КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ

« Назад

14.06.2021 07:59

Германиянинг “Хамелеон” театри раҳбари, режиссёр Юрген Цахманнинг номи Хивалик ёш томошабинларга, айниқса, болажонларга яхши таниш.
Ҳам рахбар, ҳам  режиссёр, шунингдек,  педагог мураббий сифатида ҳам катта  салоҳиятга эга  Юрген Цахманн жамоаси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга  муносиб  ҳисса  қўшиб келмоқда.  Бу алоқалар ибтидоси  Юрген Цахманн  бошчилигидаги  Дармштадт  шаҳридаги “Хамелеон” театрининг  2004 йилда Хоразм вилояти қўғирчоқ театрида гастроль томошаларини намойиш этишидан бошланган. Ўшанда келгусида жамоаларни ўзаро ижодий ҳамкорлигини  йўлга  қўйишни таклиф қилган эди. Бу ўзининг қувончли самараларини берди. 
Санъатга  ихлоси баланд таржимон  Абдувоҳид Сулаймонов билан ўзаро алоқалар, тажриба алмашувлар йўлга қўйилди. 
Германиялик устоз 2008 йил Хивага ташриф буюриб,  вилоят  қўғирчоқ театри жамоаси билан ғарб саҳна усулларидан бири “Сирли нур” жанрида “Минг бир кеча тушларига саёҳат”, 2011 йилда “Тушдаги қуён уяси” спектаклларини  муваффақиятли  саҳналаштирди.
Ўз навбатида вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг Германияга ижодий сафари муваффақиятли  ўтди. “Хива лазгиси”, “Афанди ҳангомалари” спектакллари немис болажонларига, катта ёшдаги томошабинларга ҳам манзур бўлди. Айниқса, немис болажонларининг Хоразм фольклор санъатига оид  “Чипра далли” қўшиғини ўрганиб, завқ билан куйлаганлари миллий санъатимизга  ҳурмат ифодаси бўлди.
Германия Федератив Республикаси Президенти  Франк-Вальтер  Штанмайер 2019 йил Ўзбекистонга,  шу жумладан, Хива шаҳрига ташрифи чоғида вилоят қўғирчоқ театри жамоаси билан бевосита учрашиб,  уларга яхши тилак-лар билдирганлиги бежиз эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, икки халқ, икки театр ҳамкорлигини  йўлга қўйишдаги жонкуярлиги ўз навбатида ўзбек миллий анъаналари, қадриятларини хорижда тарғиб қилиш, бинобарин, чет элликларнинг  Ўзбекистонга, жумладан, музей шахар – Хивага сайёҳат қилиш истагини уйғотишда, бир сўз билан айтганда туризм салоҳиятини  оширишдаги аҳамияти каттадир.
Ўзбек-немис театр санъати ҳамкорлигини йўлга қўйишдаги фидойилиги учун Юрген Цаҳманн Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Яқинда мукофот соҳибига ушбу нишон Хивадан туриб, онлайн орқали тантанали равишда топширилди.Тақдирлаш маросимида театр жамоаси, вилоят Маданият бошқармаси ходимлари иштирок этишди. Юрген Цахманн ва унинг ҳамкасблари эътибор ҳамда мукофот учун республикамиз  раҳбариятига, Маданият Вазирлигига, бутун ўзбек халқига чексиз минатдорчилигини билдиришди. 
Театрлашган томошалар билан бошланган тантана  немис ва ўзбек ижодкорларининг ўзбек халқ лапарларидан “Чипра далли” қўшиғининг биргаликдаги  ижроси билан якунланди ва у ҳар икки ҳалқ дўстлигининг рамзига айланди.

О.ИСМОИЛОВ, журналист.