SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ЁМҒИРЛИ КУНДА (Ҳикоя)

ЁМҒИРЛИ КУНДА (Ҳикоя)

« Назад

20.05.2021 00:00

Ҳаводан ёмғир иси келди. Ана шаррос қуйиб юборди ҳам. Кўпинча иссиққина уйда, деразадан ёмғир ёғишини кузатиб, китоб ўқигим келаверади. Бундан ўзгача бир ҳузур туяман. Осмони фалакда ажиб бир сир бордай, бирам ёқимли. Шу онда қаттиқ момоқалдироқ бўлиб, чироқ ўчиб қолди. Очиқ кундаги чангли кўчаларимиз бир пасда ёмғирда ботқоққа айланди-қолди. Онам ҳавотирда, чунки сингилларим тушдан кейин ўқишарди. Ёмғир эса тинмасди.
- Нафиса! -  онамнинг  овози ҳаёлларимни тўзғитиб юборди, - укаларингни мактабдан олиб келиш керак, сен уйда ўтира тур!
- Йўқ ойижон, мен турганда сиз борасизми, ўзим бориб, олиб келаман.
Мактабга келсам, сингилларим кутиб туришган экан. Йўлга тушдик. Йўллар сирпанчиғлигидан зўрға юриб боряпмиз. Уйимизга оз қолганди, муюлишда тўққиз яшар Азизжон йиғлаб турарди. Қўлида пакет, пастда лойга беланган йигирматача тухум. Бола жиққа ҳўл, ёмғирда ивиб кетибди, бояқиш. Ўгай она норасидага ёмғирда иш буюргани кўриниб турибди. Сингилларимга уйга боришларини айтиб, ўзим Азизжонни ёнига келдим.
- Нима бўлди, ука? -деб сўрадим, ҳўл сочларини кафтларим билан силаб, – бош кийим ҳам киймабсан, ёмғирда нима юриш бу, устинг юпун?
- Ойим тухумга чиқазганди, йиқилиб, ҳаммасини синдириб қўйдим–деди у ҳиқиллаб. Гап нимадалигини тушундим. 
- Шунга кўз ёш қиляпсанми? Қўйсанг-чи. Юр сен билан ҳозир дўконга кирамизда, керакли нарсаларни олиб, уйингга борамиз, келишдик-а. Яна  сенга-чи, совғам ҳам бор–дедим унинг кайфиятини кўтариш учун.
- Сизнинг ойингиз ҳам нега кеч қолдинг, деб уришмайдими ?
- Йўқ! Кетдикми, энди... 
- Ҳа яшшамагур, қайларда юрибсан. Вой - воей йиқилиб тушдингми, ким ювади, сен ярамас паразитнинг кирларини? 
Ўгай онанинг болани шафқатсизларча хўрлаши мени ҳам йиғлатиб юборди.
- Ойижон кечиринг,- деди болакай ялиниб.
- Кечиримингни пишириб е, ҳўпми. Яхши... тухумларни синдирмай олиб келибсан. Ие ширинликларни қаердан, қайси пулга олдинг? Ёки ўғирладингми?  – де-я болани  яна уриб юборди. 
Энди ортиқ чидаб туролмадим, ичкарига кириб, Азизжонни қучоқлаб олдим. Икковлон баробар йиғладик.
- Унга ширинликларни мен олиб бердим.
Шунча куйиб айтган гапларим эвазига ёсуман аёлдан анча “яхши” сийлов сўз ҳам эшитдим.
- Сен кимсан? Ўчир, овозингни. Муштдай  бўлиб, менга ақл ўргатасан. Чиқ бу ердан, бошимни қотирма, - у мени  чиқариб юборди.
- Азизжон мен яна келаман, – дедим унга тасалли бериб.
Осмонга қарадим. Томчилар-булутларнинг кўз ёшлари тинмасди. Ажиб бир ўхшашлик. Ер ана шу кўз ёшларни ютиб яшайди. Инсонлар  ҳам ўз кўз ёшини ютиб, ўзгалар ғамига шерик бўлиб  яшайдилар...

Насиба АБДУЛЛАЕВА,
тумандаги 3-сон мактаб ўқувчиси.