ПАНД БЕРГАН "ТАНИШ-БИЛИШЧИЛИК" (Ҳажвия)
« Назад 14.10.2019 16:23 Таксилар турадиган бекатга келиб, киракашларнинг биридан сўрадим: - Лолазорга бормоқчи эдим? - Қанча берасиз? - Ўн минг! - Ўн икки минг бера қолинг? Машинага ўтирдим. Киракаш ўз-ўзидан гап бошлади: - Бу солиқчи ва лицензиячиларнинг дастидан эмин-эркин юра олмайдиган бўлиб қолдик. Қачон қарасанг йўл патрул ходимлари билан таёғини ўйнатиб лип этиб олдимдан чиққани-чиққан. - Нима рухсатномангиз йўқми? - Йўқ, лицензия олсангиз ҳар куни тўлов тўлаб йўлланма олиш керак. – Бензиннинг нархи... Машина ижара ҳаққини айтмайсизми? Бу ҳам отнинг калласидай. - Ахир кўпчилик қонуний ишлаяпти-ку. Сиз ҳам шундай қилсангиз бўлмайдими? - Ўзимизга кўпроқ қолсин, деймиз-да. Ана бу ерда ҳам турибдилар, тўхтатмасалар бўлди-ёв. Булар ички йўлларда ҳам пойлайдиган одат чиқаришган. Йўл патрул ходими тўхташ ишорасини қилди. Киракаш улар турган жойдан анча ўтиб тўхтагач, менга деди: Менинг исмим Ҳасанбой, сизники-чи? Меники Каримбой, – дедим. - Исмингиз ҳозирча Ҳусан бўлақолсин. Уларга укам Ҳусан десам ишонарли бўлади. Улар ҳужжатларни кўриб бўлгач, мендан сўрашди: Қаерга бораяпсиз? “Лолазор”га Неча сўмга келишдингиз? Дарров киракаш деди: - “Бу укам Ҳусан бўлади. Иккаламиз ҳам бир ҳовлида яшаймиз. Келиб-келиб укамдан пул оламанми?” Солиқчи деди: - Сизлар бошқа сайёрани Ҳасан-Ҳусанларимисизлар? Кўп Ҳасан-Ҳусанларни кўрганмиз, улар бир-бирларига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Сизлар бир-бирларингизга умуман ўхшамайсизлар-ку. - Бизлар ўхшамайдиган ака-укалармиз, – деди киракаш. Кулги кўтарилди. Ҳужжатларни қайтариб беришди. Йўлда давом этарканмиз, киракаш: –Жуда бопладик-да, раҳмат сизга, бир балодан қутқардингиз! Манзилга ҳам етиб келганимизни билмай қолибмиз. Раҳмат айтиб машинадан тушмоқчи бўлдим. –Пулни бермайсизми? – деди. –Қанақа пул? Сиз акам Ҳусан бўлсангиз, мен укангиз Ҳусан бўлсам. Иккаламиз бир ҳовлида яшасак, ака укадан пул оладими?” –Ҳазилни ёқтирмайман, пулни чўзинг, – деди киракаш. Мен ўн икки минг сўмни бериб, дедим: –Ҳийлангиз иш бермади. Машинани орқага қайтаринг! –Қаерга? –Тегишли жойга. –Кимсиз ўзи? –Мен назорат қилувчи орган ходими Таҳлилбоевман. –А... Ахир бизлар “Ҳасан-Ҳусан”... НАЙЗАБЕК. |