SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ХИВАГА КЕЛГАН ЭРОН ЭЛЧИСИ ҲАҚИДА Б И Л А С И З М И ?

ХИВАГА КЕЛГАН ЭРОН ЭЛЧИСИ ҲАҚИДА Б И Л А С И З М И ?

« Назад

19.07.2021 07:28

Хива хонлиги даврида ҳам бошқа мамлакатлардан кўплаб элчилар, сайёҳлар келиб турган. Ана шундай элчилардан бири, 1851 йили Эрон ҳукмдори Носириддиншох томонидан Хива хони Муҳаммад Аминхон ҳузурига эронлик тутқун қулларни озод этиш музокараларини олиб бориш учун юборилган Ризоқулихон Хидоят эди. У бу ерда катта ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинади, Хивада тўрт ой яшаб, хон билан музокаралар олиб боради.

Элчи ватанига қайтгач, ўз кўрган-кечирганлари асосида "Сафаратномайи Хоразм" асарини ёзади. Асар кейинчалик  дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ва кенг тарқалган. Ризоқулихон хонликдаги барқарорлик, осойишталик ва тўкин-сочинликни кўриб ҳайратланади.
"...Кимнинг хонга арзи бўлса, истаган кун ҳеч қаршиликсиз Муҳаммад  Аминхон ҳузурига бориб, айта олади. Агар дунёвий масала бўлса, хоннинг ўзи ҳукм чиқаради, агар шаръий бўлса, қозикалонга ҳавола қиладилар. Закотдан ташкари ҳеч кимсадан бирон нарса ундирилмайди, молига тегилмайди. Закотни мулкнинг қирқдан бири тарзида оладилар. Олди-сотди муомаласи, солиқ каби соҳаларда зўрлик ишлатилмайди. Хоннинг шахсан ўзи минадиган уч-тўртта оти ва битта хачири бор. Бир нечта навкарлар хон хизматида турадилар.
Ошхонасининг кечаю кундузги харажатига жуда оз миқдорда сарфланади. Хон овқат танлаб ўтирмайди, нима пишса шунга қаноат қилаверади, ортиқча дағдағаси йўқ"- де-я хоннинг камтарлигини, халқчиллигини юқори баҳолайди. 
Шунча фурсат Хивада яшаган элчи аҳолининг ўта ҳалоллиги, интизомлилигини кузатади ва таажжубларини яширмайди, - "Хоразм вилоятида одамларнинг бир-бири билан уришиши, жанжал чиқариши, ўғирлик қилиш, ёлғон гапириш, ясама қасам ичиш ёки олди-сотдида сўзидан қайтиш, ғирромлик деган гаплар мутлақо йўқ. Одамлар бир-бири билан уришмайдиларгина эмас, балки овозини баландлатиб, бақир-чақир ҳам қилиш-майди, десам муболаға бўлмайди" - деб ёзади. Ризоқули-хон Ҳидоят Хоразм аёлларининг хушрўйлигини ҳам алоҳида эътироф қилади, - "Жўғрофия илмида ҳозир  Хоразм бешинчи иқлимдан ҳисобланади, тарбиячи ва ҳомийси Зуҳро юлдузидир. Шунинг учун ер аёллари ҳусни жамоли ва латофати, чиройи билан бирга таъблари хушчакчакликка мо-йилдир. Ашула айтиш, соз чалиш, ва рақс тушиш, тортинмаслик, ўз-ўзини кўз-кўз этишга майллари бор. Кўча-куй ва қишлоқ жойларида очиқ юз билан юраверадилар. Вақти чоғлик ва сайру томошани яхши кўрадилар". 
Элчи Хоразмнинг табиати, бозор-лари Эрон "боғларидан ҳам сафоли" экани ҳақида бир талай маълумотлар беради. “Жайхундан бир катта анҳор тортиб келтиришган. Суви ўн икки фарсанг йўлни босиб ўтиб, Хивак дар-возасигача етиб келади. Унда юк ташув-чи кичкина кеманинг қатнови йўлга қўйилган. Дарёгача ўхшаш бу анҳорнинг номи "Хазрат Паҳлавон". Суви доимо оқиб туради, сира тўхтамаган. Мамлакат аҳолиси хом сувни кам ичади. Сув ўрнига қора чой қайнатиб, аччиқ-аччиқ қилиб, қанд ва шакарсиз ичадилар. Хоразмлик-лар кунжут ёғини жуда ҳуш кўрадилар ва уни таъриф-тавсиф қилишдан чарчамайдилар. Бу ерда одамлар жийда ва бошка мева-майиз қайнатмасидан олинган сувни ёқтириб ичадилар. Баъзи газламаларни Рус, Бухоро, Хўқанд ва Хиротдан келтирадилар. Ўзларининг ипакдан тўқиган матолари ҳам жуда сифатли, халқни кийинтириш учун етади”.
Ризоқулихон Ҳидоят фақатгина сиёсатчи бўлиб қолмай, ўз даврининг машҳур шоири, адиби, таржимон ва ношири эди. У Эрон ҳукуматида нуфузли киши бўлиб, саройда шахзодаларга ўқитувчилик-мураббийлик ҳам қилган. Адибнинг "Сафаратномайи Хоразм" асари 2009 йили Неъматжон Полвонов ва Исмоил Бекчановлар томонидан "Хоразм сафари кундаликлари" номи остида ўзбек тилига таржима қилинган. 

Шахноза ЖАББОРОВА,

УрДУ филология факультети талабаси.