SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  БОБОМУРОД ҲАМДАМОВДАН ФОТИҲА ОЛГАН хонанда бугун унинг ўзи кўпларга устоз

БОБОМУРОД ҲАМДАМОВДАН ФОТИҲА ОЛГАН хонанда бугун унинг ўзи кўпларга устоз

« Назад

20.08.2021 07:19

...Эрталаб субҳидам саболари эсаётган маҳал куй-қўшиқ тинглаб, ором олиб, нонушта қилганга нима етсин! Тонгдан бошланажак ўй-режа ривож бўлади, кун бўйи яхши кайфиятда юрасан, киши. Бу оилада қарор топган анъана ҳам шу: катта-кичик файзли дастурхон атрофида қатор тизилишиб, радиодан ёки “ойнаи жаҳон”дан, жилла қурса хонадон сохиби ўзи қўлига тор олиб, бир жуфт ашула айтмаса, кўнгиллар жойига тушмайди.

- 4-5 синфларда ўқиётган пайтим. Бир куни Қуронбой акам уйга қашқар рубоби кўтариб келиб, уй тўридаги осиғлик чиройли гиламнинг устига илиб қўйди. Бола эмасманми, “уни менга берасанлар”, деб туриб, олдим. Хархаша қилавергач, олиб беришди. Тор пардаларини ўзимча созладим-да, аллақандай куйни бошлаб, хиргойи қилиб юбордим. Уйдагилар ҳайратда, қарсак чалишганини ҳам билмай қолишди. Шу-шу қўлимдан тор тушмай келаётир.

Бу ҳикоямиз қаҳрамони номи жисмига монанд “Гулирайхон” маҳалласилик, шаҳар маданият бўлими маданият маркази филиали мудири Рустам Исмоиловнинг сўзлари...

       Падари бузруквори, раҳматли Отабой ота қўчқор ишқибози эрса-да, Комилжон ака Отаниёзовнинг мухлиси, хатто бир тўйда суҳбат қуриш бахтига муяссар ҳам бўлган эди.
       Рустам ўқиди, изланди ва маҳоратини оширди. Дастлаб У.Ғайбуллаев, А.Рўзметов, Д.Юсупов, О.Зарипов, Р.Дўстчонов устозлигида Хива мусиқа мактабида, сўнгра Нукус маданий окартув техникумида таҳсил олди.
         Шаҳар марказидаги “Нуруллабой” маданият ва истироҳат боғи ёш талантларни кашф қилишда ўзига хос саҳна деса, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Чунки бу сўлим ва файзли оромгоҳда маданий тадбирлар, кўрик-танловлар кўплаб ўтказилади. Ана шундай дам олиш кунларнинг бирида “Ошиқ Ғариб ва Шохсанам” достонидан Бобомурод Ҳамдамов мусиқаси билан “Санга кўнгил қўйсам онда ёр йиғлар” қўшиғини ўзига хос оҳангда ижро этди. Шу ерда бу қўшиқни эшитиб ўтирган туман маданият бўлими мудири, раҳматли Қадамбой ака Раҳматуллаев уни эртагаёқ ишга қабул қилди. Асил қўшиқнинг садоси Бобомурод аканинг қулоғига ҳам етиб борган экан, 7 йил устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттиришди. Ва ниҳоят... Рустам қирчиллама қирқ ёшга тўлганда машҳур санъаткор унга оқ фотиҳа берди.
     Хиванинг ижтимоий-маданий ҳаётида жуда кўп ўтказила-диган тадбирларда Р.Исмоилов ва уни шогирдларининг ҳам иштироки бор. Масалан, Муста-қиллик, Наврўз айёмларида, туман марказий шифохонасининг янги биноси очилишида, Коммуна Исмоилова 80 йиллиги тантаналарида, карантин шароитида Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров онлайн концерти ва бошқа тадбирларда қатнашди. Унинг репертуаридан 300 дан ортиқ замонавий ва мумтоз қўшиқлар жой олган. 
Бир пайтлар ўзи шогирд бўлган Рустам бугун устозлик мақомига эришди. Бугунги кунда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборов, Бекзод Исмоилов, Одамбой Аҳмедов, Сирожиддин Аллаберганов каби санъатни саодат деб билган шогирдлари халқимиз хизматида.
      ... Яна мунаввар тонг отди. Сўлим боғ бағрида яна субҳидам саболари ғужғон ўйнайди. Бундай пайтда рассом мўйқаламига мос бўёқлар танлашга, хонанда эса энг сара қўшиқлар гулдастасини тайёрлашга ошиқади. Не бахтки, бу бўстон саҳнида Рустам Исмоилов каби ажойиб овоз соҳиблари ҳам бор.

Ш.МАШАРИПОВ.