SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  АЛЛОМАНИНГ АҚЛ МАШЪАЛИ

АЛЛОМАНИНГ АҚЛ МАШЪАЛИ

« Назад

14.06.2021 08:05

Ўзбекистон Қаҳрамони, ҳалқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърини ўқир экансиз, дилингизда ўтмиши шон-шарафли, жаҳон илм-фани ривожига тамал тоши қўйган буюк аждодлари бор юрт билан фахрланиш туйғулари янада тўлиб тошади. Ал – Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари бобокалонларимиз қатори Абу Райҳон Беруний ҳақида битилган сатрлардан ҳам чексиз ифтихор туясиз.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали...
Ҳаётда шундай кишилар бўладики, улар ўзларининг бетакрор истеъдоди, эзгуликка интилиши, илм ва тафаккури самараси туфайли тарихда номини мангуликка даҳлдор этадилар ва айни пайтда юртини ҳам жаҳонга машҳур қиладилар. Ана шундай номи барҳаёт аждодларимиз сон – саноқсиз. Улар қаторида Беруний 973 йил 4 сентябрда Кот шаҳри (ҳозирги Беруний тумани)га яқин жойда таваллуд топган. Муҳаммад Абу Райҳон ёшлигидан илмга ихлос қўйиб, турли фан йўналишлари бўйича сабоқ олишга интилади. Шу билан баробар ўша даврда илмий тил ҳисобланган араб тилидан ташқари форс, сурёний, юнон – грек, ҳинд – санскрит тилларини ҳам иштиёқ билан ўрганади. Тил билган эл билар, деганларидек, бу фазилати илмда ҳам, мусофирликда ҳам Берунийга қўл келганлигига шубҳа йўқ. Масалан, аллома “Сайдана” номли асарида дори моддаларини ўттиз бир тил лаҳжада келтиради.
Беруний 150 дан зиёд илмий, бадиий асарлар муаллифидир. Улардан  бизгача етиб келган “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” Берунийнинг йирик асарларидан бири бўлиб, олим унда Хоразм, Эрон, сўғд, юнон, рум, христиан, яҳудий, араб ва бошқа халқларнинг эралари, пайдо бўлиши, урф – одатлари, анъана ва байрамлари ҳақидаги қимматли маълумотлар ўрин олган. Шунингдек, “Хоразмнинг машҳур кишилари”, “Қуёш ҳаракатини аниқлаш йўли”, “Геодезия”, “Ҳиндистон”, “Қимматбаҳо тошларни билиш ҳақида тўплам” ва бошқа асарлари ҳали ҳануз  илмий манбалардир.
Илм  – маърифат, маънавият соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли бошқа улуғ аждодларимиз қатори Беруний асарларини излаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш жараёнлари янада фаоллашди. Республикамиздаги нуфузли илм даргоҳлари, давлат мукофотлари, Фанлар академияси Шарқшунослик институти, шаҳар, кўча ва майдонлар буюк бобокалонимиз номи билан аталади. Аллома меросини ўрганиш ишлари у фаолият кўрсатган, истиқлол туфайли Хива шаҳрида қайта ташкил этилган Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан ҳам давом эттирилмоқда.
Муҳтарам Президенти-мизнинг 2020 йил 12-13 март кунлари вилоятимизга, шу жумладан, Хива шаҳрига ташрифи чоғида билдирган таклиф ва тавсиялари асосида Ичон-қалъадаги меъморий ёдгорлик – Муҳаммад Амин иноқ мадрасасида музей – қўриқхона ҳамда  Маъмун академияси жамоалари ҳамкорлигида “Дорул ҳикмат вал маориф” (“Мажлис ул уламо”) экспозицияси ташкил этилди. Экспозицияда Маъмун академияси тарихи, унда фаолият кўрсатган Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва бошқа олимлар ҳаёти, ижодини акс эттирувчи кўплаб нодир экспонатлар ўрин олган.
Энг замонавий, рақамли технологиялар ва инновацион усуллар қўлланган  ушбу музейда Беруний ва Ибн Синонинг иш фаолиятини акс эттирувчи мум ҳайкаллари ҳам ўрин олган.
Айни пайтда шу йил сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган яна бир нуфузли анжуман – “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуидаги форумга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Дунёнинг 84 мамлакатидан олимлар, нуфузли меҳмонлар ташрифи кутилаётган ушбу халқаро илмий анжуман доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларда бутунжаҳон илм-фани тамаддунига тамал тошини қўйган буюк аждодларимиз қатори Абу Райҳон Беруний бобомизнинг номлари ва бебаҳо хизматлари ҳам қайта-қайта тилга олиниши шубҳасиз.

З.БЕКЧАНОВА,
 “Ичон-қалъа” давлат музей қўриқхонаси “Дорул ҳикмат вал маориф” экспозицияси бўлими мудири.