Ҳелена ВАЛДМАНН: “ЛАЗГИ” ДАН ҲАЙРАТДА ҚОЛДИМ!”
« Назад
22.10.2021 09:14
Германиялик хореограф, рақс режиссёри Ҳелена хоним Валдманн ва театр режиссёри Арнд Веземанннинг Хивага, вилоят қўғирчоқ театрига ташрифига ҳам ана шундай иштиёқ сабаб бўлди.
- Аввало, “Лазги” рақси нега ЮНЕСКО рўйхатига олинди?, деган савол мени таажжубга солди, - дейди у. - Бу саволга ойдинлик киритиш, рақс ва у пайдо бўлган замин билан бевосита танишиш орзуси мени Ўзбекистон сари ундади. Бу сафарда бизга Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси мутахассислари, жумладан, таржимон Абдувоҳид Сулаймонов яқиндан ёрдам берди. Айниқса, вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ҳам биздан ёрдамини аямади.
Театр “Лазги” рақсининг ўнга яқин турини ўзида жамлаган концерт дастурини ҳамда “Хива лазгиси” спектаклини намойиш этишди.
- Очиғи мен оташтафт оҳанг ва ўта нозик ҳаракатлар ижросидан ҳайратда қолдим, - дейди таассуротлари билан ўртоқлашаркан Ҳелена Валдманн. - Эндиликда бу рақсларни ўзим ҳам ўрганаман, немис шогирдларимга ҳам ўргатаман.
Хабарингиз бор, вилоят қўғирчоқ театри Германиянинг “Хамелеон” театри билан мана 17 йилдан буён ўзаро ҳамкор-лик қилиб келишмоқда. “Лазги” боис бу ҳамкорлик янада давом этади.
Меҳмонлар келгуси йил Хива шаҳрида ўтказиладиган халқаро “Лазги” рақс фестивалига таклиф қилинди. Демакки, санъат нафақат дилларни дилларга, балки элларни элларга боғловчи маданий-маърифий кўприкдир.
О.ИСМОИЛОВ, журналист.
|