« Назад
22.06.2023 12:37 Сўнгги йилларда гендер тенг-ликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тизимни янада такомиллаштиришга оид 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат сиёсатининг асосий йўна-лишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва давлат органларининг ваколатларини, шунингдек, давлат хизмати соҳасида, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, иқтисодий ва ижтимоий, таълим, илм-фан, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари назарда тутилди.
Маълумотга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади. Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган Қонун билан иқтисодий соҳада хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари ҳам белгиланган. Унга кўра, давлат органлари ва мулк шаклидан қатъий назар, ташкилот раҳбарлари жамиятнинг ресурсларидан тенг фойдаланишини таъминлаши шарт ҳисобланади. 2019 йилда нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди.
Бугунги кунда 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратган.
2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун-нинг қабул қилинганлиги аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳуқуқий тенгликни мустаҳкамлашнинг юксак намунасидир. Зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрган аёллар шу ҳақдаги ариза билан тегишли ваколатли органлар ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, “ҳимоя ордери” институти жорий этилди. Айтиш мумкинки, бу зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрганларни ҳимоя қилишда муҳим механизм ҳисобланади.
Хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази ва унинг жойларда 28 та ҳудудий ҳамда туманлараро намунали марказлари ташкил этилди, оила институтини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилди.
З.БЕГОВА,
Хива туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.
|