SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Ҳуқуқ  /  СУДГА МУРОЖААТ ЭТИШ – ҲАР БИР ШАХСНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИДИР

СУДГА МУРОЖААТ ЭТИШ – ҲАР БИР ШАХСНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИДИР

« Назад

22.11.2021 10:04

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мажмуасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар алоҳида муҳим ўрин эгаллайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти чинакам мустақиллигини таъминлаш белгиланган.

Суд тизими таркибига кирувчи фуқаролик ишлари бўйича судлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи турли низоларни кўриб чиқадилар.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳар қандай фуқаронинг кундалик ҳаётида вужудга келган низоларни кўради. Бундай низолар меҳнат, оила, никоҳ, мерос, шартномавий ва бошқа хил ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқиши мумкин. Ушбу судларга келиб тушадиган даъво аризалари, шикоятлар ва аризалар фуқаролик процессуал қонунчиликда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз қонунчилигида ҳар бир шахснинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли экани, шу билан бирга, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан бирга ваколатли давлат органлари, муассасалар ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бинобарин, фуқароларнинг мурожаатини судларда кўриб чиқиш тартиби ва муддати Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Фуқаролик-процессуал кодекси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Таъкидлаш жоизки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун фуқаролар давлат органлари қаторида суд идораларига ҳам аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканини белгилайди. Шу ўринда Қонуннинг 2-моддасида белгиланган “.... кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилмайди” деган нормасига эътибор қаратиш лозим.

Яъни, фуқароларнинг бирор-бир низоли масалани ҳал этишни сўраб судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши ёки алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича аризалар бериш орқали судга мурожаат қилишлари, шунингдек, фуқароларнинг судларнинг қарорларидан норози бўлиб шикоят ва аризалар билан мурожаат қилиш муддати ва уларни кўриш тартиби бошқа қонун, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик-процессуал кодекси билан тартибга солинишига эътибор бериш лозим бўлади.

Зеро, ҳар иккала қонун ҳам ўз мазмун-моҳиятига кўра, фуқароларнинг мурожаатларини кўриш ва ҳал этиш тартибини белгилаб берса-да, лекин судга мурожаат қилаётган фуқароларнинг даъво аризаси ва аризаларини мазмунан кўриш ҳамда ҳал этиш учун белгиланган процессуал тартиблар фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларидан фарқланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли. Судга мурожаат қилиш шахснинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, ҳеч ким бундай ҳуқуқдан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Қонунчиликка мувофиқ аризаларни судга топшириш ва судда кўриб чиқишнинг белгиланган тартибини шартли равишда қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин:
Без имени-1

Дарҳақиқат, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш борасида суд идоралари бошқа давлат органларидан ўзига хос хусусиятлари билан фарқланса-да, судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи асосий орган сифатида фуқароларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши ҳамда уларнинг қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилинишига бош мезонлардан бири  сифатида алоҳида эътибор қаратилади.

Э.РЎЗИМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг раиси.