« Назад
30.06.2021 09:32 Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида шартномавий муносабатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жисмоний ёки юридик шахслар ўзаро муносабатларини амалга оширишда белгиланган қонун-қоидаларига риоя қилишлари зарур.
Маълумки, кундалик турмушимиз ўзаро мулоқот ва манфаатлар мувозанатига асосланган. Ушбу жараёнда кимгадир қарз бериш ёки баъзи ҳолларда қарз олишга тўғри келади. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида олинган маблағни ўз вақтида қайтариш ва икки субъект ўртасида ишончнинг устуворлигига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, айрим ҳолларда фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англамайдилар. Оқибатда мулкий муносабатларда айрим тушунмовчиликлар келиб чиқади.
Мамлакатимиз қонунчилигида бу борадаги муносабатлар қарз шартномаси билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 734-моддасига асосан қарз шартномаси қарз бўйича олган мулк (ашё)нинг қайтарилишини назарда тутади, қарз суммасига олинадиган фоизлар миқдори шартномада белгиланади. Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қарз олувчидан фоизлар ундиришда суд бир вақтнинг ўзида қарз суммасидан давлат фойдасига солиқ ушлаб қолиши лозим. Шу кодекснинг 327-моддасида кўрсатилган пул мажбуриятини, шунингдек қарз мажбуриятини бажармаганлик учун фоизлар, қарз шартномасида белгиланган фоизлардан ҳам ортиқ ҳисобланиши мумкин.
Қарз шартномасини тузишда маълум суммани қарзга олиш ҳақидаги тилхатда бир вақтнинг ўзида қарзни қайтаришни таъминлаш учун бирон-бир кўчар ёки кўчмас мулкни гаровга қўйиш ҳақида кўрсатилган ҳолларда судлар бундай битим тузувчи тарафларнинг мажбуриятларни бажаришни таъминлаш масаласини тартибга солувчи моддий ҳуқуқ мезонларига риоя қилмаганлиги нуқтаи назаридан баҳо беришлари лозим (ФК 271-моддаси).
Шу билан бирга, агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.
Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.
Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.
Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.
Фоиз эвазига берилган қарз суммаси, агар қарз шартномасида кўзда тутилган бўлса ёки қарз берувчининг розилиги билан, муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас, аммо шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, бир сўз билан айтганда, жиноий жазога лойиқ хатти-ҳаракатлар қилинганда тузилса ва шу туфайли тарафларнинг мулкий ҳуқуқлари бузилган тақдирда, қарздор гувоҳлар ёки бошқа асосларга таянган ҳолда даъво талабларини исботлашга қаратилган важ ва ҳужжатлар билан ўзини химоя қилишга ҳақли.
Шу билан бирга, қарз олувчи қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек, қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 738-моддаси).
Бундай даъво талаблари асосан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қонун асосида ҳал этилади. Бу борада амалиётда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари изчил химоя қилиниб келмоқда.
Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, фуқароларимиз ушбу муносабатларга киришда, яъни қарз бериш ёки олишдан аввал қонунда белгиланган тартибда қарз шартномасини тузиб, уни қонун талабларига риоя қилган ҳолда расмийлаштириб қўйсалар, келажакда ўзининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга сабаб бўлади.
С.КАРИМОВ, Фуқаролик ишлари бўйича
Боғот туманлараро суди судьяси.
|