Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси томонидан яқинда матбуот котиблари ҳамда ихтисослашган журналист ва блогерлар учун Хоразм Маъмун академиясида медиа тренинг ўтказилди.
Бошқарма бошлиғи Д.Бекчанова анжуманни очар экан, кейинги пайтда вилоятимизда фаолият юритаётган ОАВ, матбуот котиблари ҳамда блогерлар фаолиятида жўшқинлик ва изчиллик ҳукм сураётганлигини алоҳида таъкидлади. Айниқса, давлат ҳокимияти органлари матбуот котиблари олдиларига қўйилаётган талаб ва вазифаларни, веб сайтлар, телеграмм каналлари орқали ижодий ёндашган ҳолда ёритаётганлиги сезилиб бормоқда. Шунинг билан бир қаторда соҳада ҳали камчиликлар ҳам борлигини таъкидлаш жоиз. Масалан, воқеликни бирёқлама, шошмашошарлик билан бир хилдаги сўз ва иборалар йиғиндиси таъсирида ифодалаш, журналистика жанрларидан фойдаланиш кўзга ташланмаётир.
Шунингдек, газета саҳифаларида ҳам чуқур таҳлил ва танқид етишмаяпти. Баъзи мақолалар фактлар йиғинди-сидан иборат бўлиб қолаяпти. Ҳуқуқ тартибот органлари, айниқса, суд жараёнларига бағишланган материаллар ҳаққоний ва холис ёритилишига аҳамият қаратилиши зарур.
Медиа тренингда Ахборот тарқатиш кафолатлари, айбсизлик презумциясига риоя этиш масалалари бўйича вилоят Адлия бошқармаси бош мутахассиси Расулбек Ибрагимовнинг маърузаси анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
- Нима учун судланувчининг исми-шарифи матбуот орқали очиқланмаслиги керак? Ахир жиноятчининг барча кирдикорлари оммага ошкора айтилиши зарур эмасми, -деган саволга Адлия ходими етарли далил ва Конституция ҳамда қонунларга таянган ҳолда атрофлича жавоб берди.
- Гап судланган шахс ҳақи-да борар экан, аввало, айбсизлик презумциясига мувофиқ унинг шахси, исми-шарифи очиқланмай турилади. Бу судланувчининг кейинги ҳаёти, яқин қариндошларига таъсири учун жуда муҳим. Ахир биз адолатпарварлик, инсонпарварлик жамиятида яшаётганимизни бирор дақиқа ҳам унитишга ҳаққимиз йўқ!
Нотиқнинг сўзларида жон бор. Ахир Вольтер таъбири билан айтганда қонун одамларни қўрқитиш учун эмас, уларга ёрдам бериш учун яратилган..
“Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги мақсад-вазифаларни самарали амалга оширишда ОАВлар ва очиқлик сиёсатининг ўрни мавзуида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ғуломжон Сапаевнинг маърузаси ҳам тренинг иштирокчилари томонидан қизғин ва самимий кутиб олинди.
“Хива тонги”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Тошкентда ўтган олий даражадаги музокараларда икки дўст мамлакат халқлари манфаатига хизмат қиладиган кўплаб келишувларга эришилди. Давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. Энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида йирик қўшма лойиҳаларга старт берилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг самимий муло-қоти 19 июль куни Хоразмда давом этди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Қирғи-зистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат биринчи хонимлари билан биргаликда дастлаб Хива шаҳридаги Ичон-қалъа мажмуаси ва Нуруллабой саройи мажмуасига ташриф буюрди.
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.
Олий мартабали меҳмонлар танишувни "Ота дарвоза"дан бошлаб, ноёб "Кўҳна арк" мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, "Тошҳовли" мажмуаси ва бошқа обидалар билан танишди.
Меҳмонлар шарафига ўзбек халқ қўшиқлари янграб, театрлаштирилган томоша намойиш этилди.
Шундан сўнг Нуруллабой саройига ташриф буюрилди.
Сарой-боғ мажмуаси XX- аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда хивалик моҳир усталар билан бирга чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров "Хива гиламлари" комбинатида бўлди.
Президентлар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва шоурумини, шунингдек, ком-бинат ҳудудида ташкил этилган "Made in Uzbekistan" бренди остидаги саноат маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Урганч халқаро аэропортида Президент Садир Жапаров ва рафиқасини кузатиб қўйди.
ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 25 июнь куни қадимий Хива шаҳрига ташриф буюрди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган Урганч халқаро аэропортида Мўғулистон раҳбари ва унинг рафиқасини си Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Олий марталаби меҳмон дастлаб Хива шаҳридаги Нуриллабой саройида бўлди. Тарихий мажмуа 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан реконструкция ва реставрация қилинган. Мажмуа олий мартабали меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Сўнгра Мўғулистон Президенти бошчилигидаги делегация Хива шаҳридаги “Ичон-қалъа” мажмуасини томоша қилди. Маълумки, очиқ осмон остидаги музей деб ном олган “Ичан қалъа” мажмуаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 26 гектар майдонда 58 та тарихий-меъморий обида жойлашган музей-қўриқхонанинг фаолият бошлаганига 104 йил тўлди. 2020 йилда шаҳар Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти, деб эълон қилинди.
Олий мартабали меҳмон ташриф давомида қадимий шаҳардаги Кўк минора, Кўҳна арк саройи, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Исломхўжа минораси, Жума масжиди, Тошҳовли мажмуаларини томоша қилди. Ичон-қалъанинг қадим кўчаларида меҳмонлар шарафига фольклор жамоаларнинг чиқишлари, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.
Делегация вакиллари музей-қўриқхона ходимлари, сайёҳлар, ҳудудда фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар билан суҳбатлашди. Хиванинг тарихи, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар, бой маданияти ва санъати меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
Тарихий обидаларга саёҳат якунлангач, олий мартабали меҳмон шарафига дастурхон ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.
26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух тўрт кунлик ташрифини якунлаб, Улан-Баторга учиб кетди.
Урганч халқаро аэропортида Мўғулистон раҳбари ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири.
Bugun, 25-may kuni yurtimizning barcha maktablarida xususan, Xiva shahridagi umumta'lim dargohlarida ham “So‘nggi qo‘ng‘iroq” tadbirlari bo‘lib o‘tdi. Ana shunday tadbirlar Ogahiy ijod maktabi va 17-son umumta’lim maktabida ham shukuhli tarzda tashkil qilindi. Shahrimizning eng namunali ta'lim maskanlari hisoblangan maktablarda “Mening maktabim – mening ikkinchi uyim” shiori ostida o‘tkazilgan bayram tadbiri yig‘ilganlarda unutilmas taassurot qoldirdi.
Tadbirlarda har ikkala dargoh rahbarlari so‘zga chiqib, bitiruvchilarni katta hayotga qo‘yayotgan ilk qadamlari bilan qutlashdi. Shuningdek, maktablarga biriktirilgan ijtimoiy soha vakillari Prezidentimizning mamlakatimiz bitiruvchi o‘g‘il-qizlariga yo‘llagan tabrigini o‘qib eshittirdi.
Ko‘tarinki ruhda o‘tgan tadbirlarda kuy-qo‘shiqlardan iborat bayram dasturi namoyish qilindi. O‘quv yilida yuqori natijalarga erishgan o‘quvchilar hamda ustoz-murabbiylar taqdirlandilar. Bundan tashqari, maktab hayotida faol ishtirok etayotgan, odob-axloqi, intiluvchanligi bilan tengdoshlariga o‘rnak bo‘layotgan o‘quvchilarning ota-onalariga turli nominatsiyalari bo‘yicha tashakkurnomalar topshirildi.
Davralarda qo‘ng‘iroq sadosi bitiruvchilar uchun so‘ngi bor chalindi. Bu chin ma’noda katta hayotga shahdam qadam tashlayotgan yoshlar uchun kelajak bongi bo‘ldi.
“Xiva tongi”.
🌸____🌺______🌸
Suratlarda Xiva shahridagi Ogahiy ijod maktabi va 17-sonli umumta'lim maktablarida o'tkazilgan "So'ngi qo'ng'iroq" tadbirlaridan lavhalar aks ettirilgan.
Dilmurod Masharipov va Ogahiy ijod maktabi matbuot xizmati olgan suratlar.
Оламу одамларга қувонч ва шодлик, файзу барокот улашиб, шамсу қамар бўлиб, кун ва тунни тенглаштириб, Наврўз – янги йил, янги кун янгиланаётган Ўзбекистонимизга, севимли Ватанимизга қутлуғ қадамлари билан кириб келди. Кексаю-ёш бу кўркам кунни ўзгача шукуҳ, ўзгача файзу тароват, янги орзу-умидлар билан қарши олишди.
Нуфузли меҳр даргоҳларидан бири бўлган, муассасамизда ҳам ушбу улуғ айёмга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. “Наврўз – меҳр-оқибат тимсоли” деб номланган байрам шодиёналари том маънода ҳақиқий меҳр-мурувват, саҳоват, эзгуликнинг ифодаси сифатида қалблардан чуқур жой олди.
Фасли баҳор айниқса васийликка олинган тарбияланувчиларга руҳан тетиклик, хуш кайфият, илқ табассум улашди.
Вилоят, туман ҳокимликлари, ижтимоий хизматлар агентлиги вилоят бошқармаси ва қатор ҳомий ташкилотлар томонидан ташкил қилинган байрам тадбирларида вилоят ҳокимлиги масъул ходими О.Юсупов, Хива туман ҳокими С.Полвонов, Ижтимоий хизматлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Бердиев, вилоят божхона хизмати ходими У.Рўзметов, Урганч “Мотор” трнасформатор” заводи иш бошқарувчиси З.Машарипова ва бошқалар жамоа аҳлини байрам билан самимий табрикладилар. Ҳомийлар томонидан нозу неъматга тўла тўкин байрам дастурхони ёзилди. Туман маданият бўлими санъаткорлари ранг-баранг чиқишлари билан дили ўксик кўнгилларни яйратиб юборди.
Муассаса раҳбари Х.Атаев тадбирларнинг чиройли ва бетакрор бўлишида ҳомийлик ёрдамларини кўрсатган жамоалар раҳбариятига, тадбиркор саҳоватпеша инсонларга самимий миннатдорчилик билдирди.
Меҳнатда ўрнак кўрсаётган, касбига садоқатли ишчи-хизматчиларга маъмурият томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Кутилмаганда энг катта совға – муассасамизнинг ходими Садоқат Абдуллаева ҳомий ташкилот Урганч “Мотор” трнасформатор” заводи томонидан муқаддас умра зиёратига бепул йўлланма билан сийланди.
Наврўзи оламнинг кўркидан, меҳр-саҳоватли иноснларнинг самимиятидан беихтиёр қалбимдан қуйидаги сатрлар шеър бўлиб тўкилди:
Пайвандлаб меҳр-ла дилларни дилга,
Завқу шавқ бағишлаб ҳар бир кўнгилга.
Шодликлар улашиб, барча халқ, элга,
Янги Ўзбекистонга Янги йил келди.
Кўзларда табассум, юзларда ханда,
Меҳр жўш уради ҳар юрак танда,
Ўзгача бир шукуҳ шонли Ватанда,
Янги Ўзбекистонга Янги йил келди.
Р.КАРИМОВ,
Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун
эркаклар интернат-уйи маънавий-маданий ишлар
ташкилотчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Аёлга не керак меҳрдан ўзга,
Бахтдан эҳ-е, жилмаяр ширин.
Қувончдан гар ёш ол са кўзга,
Билинг унда недир яширин.
Оиланинг бош бекаси ҳам у,
Дилбандларин суяр меҳрибон.
Дард кўрмасин қадоқ қўлл ари,
Омон бўлсин, ҳар бир онажон!
Бу кун таъриф, тавсифлар сизга,
Эзгуликка толгай ҳаёллар.
Ҳавас қилмас ким ўзбек қизга,
Ҳаёси бор азиздир улар!
Дилмурод МАШАРИПОВ.
Президентнинг Махтумқули-Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги Қарори халқимизни қувонтириш билан бирга, унинг ижодига яна бир бор назар ташлашга, ўрганишга чорлади. Махтумқули шеърлари қўшиқ бўлиб, халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган. Хонандаларимиз томонидан ҳамон севиб, куйланиб келмоқда. Зеро, унинг ғазаллари оханг билан, куй билан яратилган.
Кимса қашшоқ бўлса, кимса бой бўлар,
Хар кимсанинг бахти иқболи билар.
Хар не келса бошга тилингдан келар,
Махтумқули халқ ёдидан айрилма.
Эл севган саньаткорлар Бола бахши Абдуллаев, Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров , Ортиқ Отажонов , Камолиддин Раҳимов, Таваккал Қодиров, Бобомурод Ҳамдамов, Раҳматжон Қурбонов, Фарход Давлатов, Оғабек Собировлар репертуарларидан кенг ўрин олган ғазаллари нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон бўйлаб кенг тарғибот қилиниб, барча санъатсевар, қўшиқсевар халқлар
ёдидан муқим жой олган.
Давлатназар ЮСУПОВ,
вилоят Қўғирчоқ театри адабий бўлими мудири.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Хива туманидаги Истиқлол маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан яқиндан танишди.
Маҳаллада 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Бу ерда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёндош ҳудудда фермер хўжаликлари мавжуд. Одамлар асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади.
Яқинда маҳалла идораси биноси таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва тиббиёт масканида барча шароитлар бор.
Маҳалла фаоллари Президентимизга одамларнинг турмуш тарзи, даромади, ёшларнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада ишсиз аҳолини доимий ва мавсумий ишларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан индивидуал ишлаш тизими самара бермоқда. Ишсизларга деҳқончилик учун ер бериш тажрибасининг Хоразм учун аҳамияти катталиги айтилди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди.
Ушбу тизим вакиллари билан мулоқотда халқни рози қилишда маҳалла тизимидаги самарали фаолият, ҳамжиҳатлик муҳимлиги қайд этилди. Бунда қуйи бўғиндаги давлат вакиллари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, одамларни рози қилиши кераклиги таъкидланди.
Вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий вазифа экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда бўлганида бирор хонадонда меҳмон бўлиши яхши анъанага айланган. Бу одамлар билан янада яқин бўлиб, самимий суҳбатлашишга хизмат қилади.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Президент маҳаллада яшовчи Собиржон Матжонов хонадонига ташриф буюрди. Оила бошлиғи қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Хонадон соҳиблари мўжазгина томорқада иссиқхона қуриб, қулупнай етиштиради. Шунингдек, уй шароитида балиқчиликни йўлга қўйган. Парвариш қилинаётган парранда – юздан ортиқ товуқ, мингга яқин бедана оилага қўшимча даромад келтирмоқда.
Суҳбатда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлиги, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида “Хива кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, агросаноатда кластерлар томонидан замонавий корхоналар қурилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
“Хива кластер” ҳам Хива туманида шундай фабрика ташкил этди. Туркия, Германия ва Хитойдан илғор ускуналар келтириб ўрнатилди. Ўтган йил ноябрда ишга туширилган корхонада 500 кишининг бандлиги таъминланди.
Корхона йилига 7 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 10 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватга эга. Энг муҳими, уларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб беради. Шу боис ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Корхонаннинг йиллик экспорт салоҳияти 15 миллион доллар атрофида.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тенденциядан келиб чиқиб, бу корхонада ҳам энергия тежамкорликка эътибор қаратилган. Масалан, куз-қиш ойларида хоналар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқ сув ёрдамида иситилади. Натижада катта миқдораги табиий газ тежалади. Шунингдек, мажмуа томларига умумий қуввати 60 кВт бўлган қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Буларнинг ҳисобига маҳсулот таннархи рақобатчиларникига нисбатан паст бўлмоқда.
Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Чиқиндиларни қайта ишлаб, фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган.
Тўқимачилик кластери ўтган йили қарийб 20 минг тонна пахта хомашёси етиштирган. Шундан 1 минг 545 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.
Умуман, кластер томонидан 2018-2023 йилларда 105 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Кластер жами 800 дан ортиқ йигит-қиз ишламоқда. Жумладан, ҳозирда бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ёғ, совун, тухум, сут маҳсулотлари, пойабзаллар каби 20 га яқин товарлар ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз мазкур кластер тизимидаги истиқболли режалар билан ҳам танишди. Жумладан, янги лойиҳалар ҳисобига пахта етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш, кичик ҳажмли юк машинларини маҳаллийлаштириш мўлжалланган. Шунингдек, яқин йилларда чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилган.
Кластер бу истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали 10 мингдан 30 минггача иш ўрни яратишни мақсад қилиб олган.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига келгач, дастлаб Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига бориб, Амударёдаги янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.
Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.
Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.
Матназар ака Хоразм Маъмун академияси ташкил этилганидан то вафоти (2010)-гача ушбу даргоҳда фаолият кўрсатди. Матназар Абдул-ҳаким Урганч шаҳридаги ўрта мактабда, Урганч тумани газетасида ва Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида фаолият кўрсатган, ҳаётий тажрибаси бой, қолаверса ўз ижоди, таржимачилик маҳорати билан давлатимиз ва қўшни республикаларга ҳам танилган ижодкор ҳамда тадқиқотчи эди. Яъни Матназар Абдулҳакимнинг академияда фаолият кўрсатиши ва бу даргоҳдаги ишлаган даврда яратган асарлари Хоразм Маъмун академиясининг нуфузи ошишига ҳам сабабчи бўлган де-я бемалол айтиш мумкин.
Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Бедил асарларининг форс тилидан, кўплаб россиялик ижодкорларнинг шеърларини рус тилидан қилган таржималари республикамиз ижодкорлари ва олимлари томонидан эътироф этилган.
Айниқса Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Бедил асарлари таҳлилига бағишлаб яратган мақолалари фундаментал тадқиқот даражасидаги асарлар даражасида бўлган. Гарчи Матназар ака ўзининг етук салоҳияти, сийратидаги иқтидори, теран тафаккури билан илмий унвон, даражали файласуф, адабиётшунослардан-да, юқори савиядаги асарлар яратди.
Айнан шу боисдан ҳам у “Офарин” мукофотига, Ўзбекистонда хизмат кўрсат-ган маданият ходими унвонларига лойиқ кўрилди ва эътироф этилди.
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Машариф Абдуллаев Матназар Абдулҳаким академияда фаолият кўрсатган даврларда илмий котиб вазифасида ишлаган. Унинг хотирлашича, “Матназар Абдулҳаким, Машариф Ғойибов, Абдулла Абдурасуловлар академиянинг фахр-ифтихори бўлишган. Матназар аканинг академия, Хива билан боғлиқ фаолияти ва бу даргоҳда яратган асарларининг ўзи бир мавзу ва бу алоҳида тадқиқ қилинишга лойиқ илмий иш деса бўлади”.
Бундай фикрларни, ёрқин хотираларни бугунги кунда академияда илмий тадқиқот олиб бораётган Одилбек Заргаров, Зокиржон Ражабов, Умаржон Абдураҳмонов сингари яна кўплаб олимлардан эшитиш мумкин.
Санъатшунос Машариф Абдуллаев фикрини қўллаб шуни айтиш мумкинки, Матназар аканинг ўша даврларда “Хива тонги” газетасида чоп этилган мақолалари, шеърлари, таниқли журналист Шержон Машариповда сақланиб келаётган ноёб қўлёзмалари, академия, умуман олганда Хива билан боғлиқ фаолияти тўғрисида “Матназар Абдулҳаким ва Хива” номли хотиралар, ижод намуналари, илмий мақолалари киритилган тўплам яратиш лозим.
Бугунги кунда Матназар Абдулҳаким ижоди, яратган асарлари Ҳулкар Ғойибова, Жавлонбек Матназаровлар томонидан илмий иш қилинди ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олишга эришгани, шоир ва таржимоннинг асарлари барҳаётлиги, яна кўплаб илмий ишларга мавзу бўлаолишини кўрсатади.
Шундай экан, вақт ўтиб “Матназар Абдулҳакимнинг Хивадаги илмий-ижодий фаолияти” мавзусида ҳам тадқиқотлар олиб борилиши аниқ.Бу тадқиқотга эса Матназар ака тўғрисидаги Хива билан боғлиқ хотиралар асос бўлади. Шу боис, бу хотираларни тўплаш, уни нашр этишга ҳозирдан киришмоқ керак.
Умид БЕКМУҲАММАД,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
Хива шаҳар прокурори Суҳроб НАЗАРОВнинг шаҳар аҳолисига МУРОЖААТИ
Азиз юртдошлар!
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қарийиб саккиз йилдирки, жонажон мустақил Ўзбекистонимиз халқи инсон қадри амалда улуғланадиган жамият барпо этиш йўлидан дадил бормоқда.
2023 йилда ўтказилган Конституциявий ислоҳотларга оид референдум ва Президент сайлови натижаларининг ўзи бугунги ислоҳотларнинг тарихий зарурат тақозоси эканини кўрсатиб турибди.
Бунинг натижасида, дунё миқёсида «Янги Ўзбекистон» деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда. Қолаверса, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ислоҳотлар марказига олиб чиқилди.
Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик респуб- лика” жумласи Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб аталиши, Давлат ҳар бир фу-қаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда.
Азиз элдошлар!
Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан, сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойли бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.
Демократик ислоҳотларнинг мезони сифатида “Давлат инсон учун” тамойили белгиланиши ушбу жараёнларнинг локомотиви, қолаверса, барча бойликлар, неъматларнинг бош истеъмолчиси инсон эканлигини яна бир бор яққол кўрсатади.
Давлат органларининг том маънода халққа хизмат қилувчи тузилмаларга айлантирилаётгани эса, давлатчилик тарихидаги мисли кўрилмаган воқеликдир.
Бугунги кунда мамлакат ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга ваколатли прокуратура органлари ҳам Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуслари, амалий саъй-ҳаракатлари натижасида халққа хизмат қилувчи, эл-юрт манфаатларини муносиб ҳимояловчи тизимга айланиб бормоқда.
Зотан, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясини сўзсиз таъминлаш бугун прокуратура органларининг устувор вазифасидир.
Барчамиз буни чуқур англаган ҳолда, ўз ишимизни янгича тизим асосида ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни аниқ белгилаб олдик. Бунинг учун биз халқимизга янада яқин бўлиб, мамлакатимизда қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирамиз.
Бу борада асосий диққат-эътиборни жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезроқ бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш каби долзарб вази- фаларга қаратамиз. Аниқланган муаммоларни маҳалла аҳли билан бамаслаҳат ва биргаликда ҳал қиламиз.
Айниқса, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёш авлодни тарбиялаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар илгари сураётган ташаббусларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу каби қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ишларни янада жадаллаштирамиз.
Ҳар қандай давлат Дастурлари асосида ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон-тарож қилинишининг олдини олиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Тегишли идоралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбу-зарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишга янада катта аҳамият берамиз. Бу борада жиноятнинг содир этилиши эмас, балки бунга имкон берган шарт-шароитлар ва унинг сабабларига асосий эътиборни қаратамиз. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасизлик билан курашиш келгусида ҳам прокуратура органларининг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиб қолади.
Энг муҳими, коррупция билан боғлиқ ҳар бир жиноятни ўз вақтида аниқлашда биз маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар ва нуроний ташкилотлари фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда, сафимизда фақат ҳалол, пок ва халқчил ходимлар ишлаши диққат эътиборимизда бўлади.
Олдимизда турган ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни самарали амалга ошириш ва соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда шаҳар прокурори сифатида мен бутун масъулият ва жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Ишончим комилки, ҳар бир прокуратура ходими бугунги кунда зиммасидаги вазифани юксак масъулият билан адо этишни ўзи учун улкан шараф деб билади.
Қадрли юртдошлар!
Албатта, юртимиздаги бар-қарорликни ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги бардавомликни таъминлашда прокурорлар халқига, Президентига садоқат ва фидоийлик намуналарини намоён қиладилар.
Мамлакатимиз ва халқимиз ривожи учун барчамиз бир-биримизга елкадош бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, ҳар бир ҳудуд, маҳалла ва оиланинг ривожи, тинчлиги ва осойишталигини сақлашда албатта, кўзланган марраларга эришамиз. Бу йўлдаги эзгу ва хайрли ишлар амалга ошишида ҳар бирингизга соғлик-омонлик, оилаларингизга тинчлик-фаровонлик ёр бўлсин!
Янги йилимиз ўзига хос ажойиб учрашувлар, тадбирлар билан бошланди. Улардан бири “Маҳаллада дув-дув гап!” бўлса, иккинчиси, Республика Маҳаллалари уюшмасининг таъсис анжумани бўлди. Буларга Президентимизнинг 2023 йил 22 декабрь куни Маънавият ва маърифат Кенгашида билдирилган ҳамда илгари сурилган фикр-мулоҳазалар, хулосалар туртки бўлди, десак баайни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу тадбирлар Хива шаҳрида ҳам ўзига хос ажойиб мулоқотлар, мушоҳадалар остида ўтди. Ҳар бир маҳаллада жойлашган умумий ўрта таълим мактаблари “Маҳаллада дув-дув гап”нинг марказига айланди. Бу бежиз эмас. Чунки, Президент раислигида кўриб чиқилган мулоқотда таълим-тарбия масалалари ҳам атрофлича муҳо-кама этилди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг Хива шаҳар бўлинмаси раҳбари, шаҳар Кенгаши депутати Ленинза Отажонова маҳаллаларда “гап”га таклиф қилинганларнинг яқин суҳбатдошига айландики, бундан ҳеч ким зерикмади. Қайтага мулоқотларда ўзлари ҳам фаол иштирок этиб, дил тубидаги ўзларини қийнаб келаётган салбий фикрларини ҳам баён этишди. 14-мактабда ўтказилган учрашувда кексалик гаштини сураётган Раҳимажон ая Отажонова ҳамманинг юрагидаги гапларни айтди.
- Мактабда 36 йил педагог бўлиб ишладим, - дейди Раҳимажон ҳожи она, - бизнинг пайтимизда хотин-қизлар Кенгаши бўларди. Бирорта салбий ҳолат юз берса, дарҳол муҳокама қилардик. Қизлар ўртасида ўзларининг онасидай, опасидай бўлиб тушунтирардик. Ахир бир болага етти маҳалла ота-она-ку! Менимча, ҳозир бундай ишларни кучайтириш пайти келди. Аксинча, кеч бўлади.
Шу ерда иштирок этган профилактика инспектори ҳам бу фикрларга қўшилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши ҳамжиҳатликда курашиш зарурлигини билдирди.
Мактаблардаги маҳаллалар фаоллари билан учрашувда Л.Отажонова интерфаол усуллардан фойдаланиб, томошабинларнинг маънавий мулкига айланган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Ўткан кунлар” каби бадиий фильмлардаги қаҳрамонларнинг теша тегмаган сўзларини такрорлатиб, ғолибларга мамлакатимизнинг турли нашриётларида чоп қилинган китоблардан совға қилди.
6-сон мактабда ўтказилган ана шундай мулоқотда шу жамоа ходими Санобархон Ибрагимова ҳеч ким кутмаган савол билан мурожаат қилди.
- Буюк ватанпарвар, қўрқмас, жасур саркарда Жалоладдин Мангуберди кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақидаги китобларга қизиқаман. Илтимос, топишга ёрдам беринг!
Китобхон синглимизнинг мурожаати шу ернинг ўзида қаноатлантирилди. Ахборот-кутубхона маркази ишчан ходимлари Санобархонга Жалоладдин Мангуберди жанговор ҳаётига оид китобларни етказиб беришди.
Бўлиб ўтган учрашувларни кузатиб, бир хулосага келиш мумкинки, одамлар кечаги одамлар эмас, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини таниган, оқни қорадан ажратадиган, ҳар бир воқеа-ходисага, хоҳ у ижобий, хоҳ у салбий бўлсин, ўзининг муносабатини билдирадиган даражадаги онгли тасаввурга эгадирлар. Зеро, “Маҳаллада дув-дув гап”дан кўзланган мақсад ҳам аслида шу: аҳоли турли қатламлари орасига кириб, уларнинг қалбига қулоқ тутиш, Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун ғояла-рини кенг тарғибот ва ташвиқот қилишдан иборат бўлди.
Ш.МАШАРИПОВ.
Бундан 10-15 йиллар олдин биз ўқитувчи-мураббийларга юксак эътибор қаратилишини, меҳнатларимиз қадрланиб, эл-юртда катта обрўга эришишни юрак-юрагимиздан орзу қилар эдик. Узоқ кутилган умидларимиз бугун рўёбга чиқди. Ёш авлоднинг таълим-тарбиясига бўлган эътибор туфайли, ўқитувчи ва мураббийларнинг мавқеи янада ошди. Пахта йиғим-теримини унутиб, мажбурий ишларга жалб қилинмай, ўз устимизда мунтазам ишлаш орқали янги Ўзбекистоннинг олтин фонди саналган келажак авлодга сифатли таълим-тарбия беришга бел боғладик.
Мен ўқитувчилар оиласида туғилиб, вояга етганман. Хива шаҳар мактабларида директор, Халқ таълими бўлими мудираси бўлиб ишлаган волидаи муҳтарамам Ёқутжон ҳожи она Ибодуллаева сингари ўқитувчилик касбига меҳр қўйдим. Шу танлаган йўлимдан бориб, мана 30 йилдирки, шу соҳада фаолият кўрсатаяпман. Чин маънода ота-онам касбини улуғлаб, саодатга эришдим.
Ўтган йили халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Респуб- ликаси Конституцияси қабул қилинди. Бунда ҳам ўқитувчи мақоми юксак даражага кўтарилгани кўрсатиб қўйилгани бизни янада руҳлантирди. Ёш авлоднинг маънавияти, илму маърифатини юксалтириш йўлида жон куйдирадиган устоз аталмиш буюк зот бир кун келиб, йигирма миллион сўм ойлик маоши олади десалар, ишонмаган бўлар эдим. Тинимсиз илму маърифат улашишга чоғланган ҳар бир педагог-ўқитувчи астойдил ҳаракат қилса, ўз кўзлаган мақсадига албатта, эришади. Бугун эса бу ҳақиқат менинг ҳаётимда яққол ўз аксини топмоқда.
Мен рус тили фани ўқитувчиси, С1 даражадаги сертификат соҳибаси, олий тоифали ўқитувчи, ўз устимда мунтазам ишлаётганлигим, дарс машғулотларига илғор педагогик технологияларни жорий этаётганим, ўқувчиларим орқали фан олимпиадаларида қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритаётганимиз боис ойлик иш ҳақи ҳамда Вазир жамғармасидан умумий ҳисобда ҳар ойда 20.000.000 сўм пул маблағларини олиб келмоқдаман.
Давлатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги хайр-
ли ташаббус, Президент Фармон ва Қарорлари ҳаётда ва назоратдалиги бугун ҳар биримизнинг фаолиятимизда ўз исботини топмоқда. Шахсан, мен ҳам шу заминда туғилганимдан, ўқитувчилик касбини танлаб, ёш авлодга таълим бераётганимдан, қола-
верса, Давлатимиз томонидан
кўрсатилаётган юксак ғамхўрликдан беҳад бахтиёрман!
Азиз ҳамкасбларимни янги йил билан табриклар эканман, излаб-изланишдан асло тўхтамайлик! Ёш авлод тарбияси йўлида бирлашайлик!
Насиба ИСМОИЛОВА,
Хива шаҳридаги 11-сон
мактабнинг олий тоифали рус тили фани ўқитувчиси.
Шукурой ОТАЕВА, Хива шаҳар ахборот-кутубхона маркази раҳбари: - 2023 йил жамоамиз аҳли учун кенг китобхонлар билан учрашувларга, бир-биридан қизиқарли тадбирларга бой йил бўлди. Янги йилда бу анъаналар яна давом этади. Энг қувончлиси 2024 йилда ахборот-кутубхонамизнинг янги замонавий биноси қурилиши режалаштирилган.
Исломбек ЯҚУБОВ, стилист-сартарош: - Ҳаётимда қувончли воқеа рўй бериши кутилмоқда. Янги йилда Франция пойтахти Парижда жаҳоннинг энг кучли сартарошларининг Халқаро танлови баҳслари ўтказилади. Мен ҳам ушбу анжуманда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Мақсадим танловда ғолиб бўлиб, она шаҳрим Хивага шараф келтириш.
Шаҳодатхон ОТАЖОНОВА, - 7-сон умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси: - Ўтган бир йиллик педагогик фаолиятимни сарҳисоб қиларканман, ўзим раҳбарлик қилаётган синфда ўқувчиларнинг машғулотларни фаол ўзлаштиришига эришдим. Бу ҳар бир ҳамкасбларимизнинг чинакам орзуси. Лекин марра чегара эмас. Мен келгусида эришган муваффақиятларимни янада мустаҳкамлаб, “Йил ўқитувчиси” танловида иштирок этишни мақсад қилиб қўйганман. Барчага омад ва ютуқлар ёр бўлсин!
Абдурасул АБДУЛЛАЕВ, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи: - Ҳар доим халқимизни озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига, шунингдек, чорвачиликка бўлган эҳтиёжлари ошиб бормоқда. Жамоамиз аҳли билан бирга шуларни эътиборга олиб, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси Қарор ҳамда топшириқларига мувофиқ чорва қишловини беталофат ўтказиш чорва-тадбирларини белгилаб олдик. Арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини нафақат байрамолди кунларда, балки бутун йил давомида ташкил этишга ҳисса қўшиш фаолиятимизнинг асосий мезонларидан бири бўлиб қолади.
Фурсатдан фойдаланиб, элдошларимизни кириб келган ажойиб фусункор йилимиз билан самимий муборакбод этамиз. Сизларга бахт-саодат, файзу баракотли дастурхонларимиз ҳамиша тўкин бўлишини тилаймиз.
Аминбой БОЛТАЕВ, туман тиббиёт бирлашмаси АСТТҚҚ ва ЖФО бош шифокори: - ҳар бир кунимиз бир-биримизга соғлик-омонлик тилашдан бошланади. Бу табиий. Чунки соғлом одам табиатнинг шоҳ асаридир. Шу боис марказимиз янги йилда ҳам сиз азизларга саломатликка оид ҳафталик ва ойлик муҳим мавзуларни эълон қилиб боради.
Соғлом овқатланишга, бадантарбия машғулотларини ўз вақтида ўтказишга асосий эътибор қаратсангиз билингки, соғлигингизда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Сизларни ҳамиша соғлик, яхши кайфият асло тарк этмасин!
Янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ, шаҳри азимимизда ҳам “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон” учун шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
“Мевастон” маҳалласида ўтказилган ана шундай давра қизиқарли тус олди. Президентнинг Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишидаги маърузаси мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, дунёдаги мураккаб сиёсий вазият ҳамда аҳолини, хусусан, ёшларни огоҳликка чақириш, илм, касб-ҳунар эгаллашга даъват қилишга қаратилди.
Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси раҳбари Л.Отажонова викторина саволларига жавоб берган маҳалланинг кекса отахон ва онахонларига янги нашр этилган китоблардан совға қилди.
Тадбир давомида маҳалла аҳлининг фикр-мулоҳазалари тингланди, маданий дастур намойиш этилди.
“Хива тонги”.
“Самарқандга борсам мен агар, Улуғбекни кўрмай қайтмайман!”... Шоирнинг ниҳоятда нозик иборалари билан айтилган бу жўшқин қўшиқни ҳар гал эшитганда том маънода ер юзининг сайқалига монанд кўҳна Самарқанд манзаралари, дунё тамаддунининг маълуму машҳур буюк шахслари кўз олдимизда намоён бўлади.
Яқинда биз Хива шаҳар ва туманнинг бир гуруҳ нуроний отахонлари ҳамда онахонлари шаҳри азимнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий-маданий ёдгорликлари бўйлаб саёҳат қилдик. “Боқий шаҳар” ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда мустақил диёримизнинг жуда чиройли дурдонасига айланганки, қараб кўз тўймайди. Кенг ва равон кўчалар, кўркам, файзли гўшалар, тоғлар аро бўй кўрсатаётган, ўтмиш билан бугунги кун уйғунлашган тарихий ҳамда замонавий бинолар сайёҳларда ажойиб таассуротлар уйғотади.
Ноябрь – “Кексалар туризм ойлиги” доирасида уюштирилган ушбу унутилмас сафарда шаҳар ва туманимизнинг 80 дан ортиқ эл меҳрини қозонган меҳнат фахрийлари иштирок этиб, Самарқанд ҳақидаги таассуротларини учрашувларда ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб бермоқдалар.
К.ХОЛИҚОВ,
Хива шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси.
М.ПИРНАЗАРОВ,
Хива туман “Нуроний” жамғармаси раиси.
***
Суратда: нуроний элдошларимиздан бир гуруҳи Самарқанд зиёратгоҳида.
Яқинда шаҳримиз марказида жойлашган "Конституция кўчаси"да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги Фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 31 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида оммавий сайл ташкил этилди.
Эрта тонгдан кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлган майдон бўйлаб идора-ташкилотлар ўз кўргазмалари ила иштирок этишди.
Тантанада Хива шаҳар ҳокими Т.И.Давлетов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрамлар ичра энг улуғ байрам - Бош қомусимизнинг қутлуғ ёши билан табриклади.
Сайл давомида иштирокчиларнинг Конституциявий саводхонлиги синовдан ўтказилиб, эсдалик совғалар улашилди.
"Хива тонги".
Халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгашининг ҳисоб бўйича тўқсон учинчи сессиясида депутатлар кун тартибига қўйилган шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид саккизта муҳим масалаларни атрофлича ва кенг муҳокама қилдилар.
Сессия ишини Кенгаш котиби О.Раҳимов бошқариб борди.
Шаҳар Халқ қабул-хонаси мудири Р.Алла-берганов одатдагидек, яна ҳудудлардаги секторлар ва раҳбарларнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятлари ва ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлиги юзасидан ахборот берди.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасида 2023 йил 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ушбу муассаса раҳбари Р.Пирназаровнинг ҳисоботи бўйича унга “Саломатлик сайллари” орқали аҳоли барча қатлам-ларини оммавий профилактик тиббий кўрикка жалб қилиш чора-тадбирларини янада кенгайтириш топширилди.
Муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.
“Хива тонги”.
Термитлaр томонидaн чиригaн ёғочни истеъмол қилиниши уларнинг сонини кўпайтиради вa қўшимчa жaмоaлaрни ҳосил бўлишигa олиб келaди. Термитларнинг табиий кушандаларини аниқлаш бўйича олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар уларнинг 70 дан ортиқ тури мавжудлигини кўрсатади. Шунинг учун биноларни ёғоч қисмлари нам тортишига йўл қўймаслик зарур. Нам тортган ёғоч материаллар чириши термитлар билан зарарланишга мойиллигини оширади.
Маъмун академиясининг термитлар тарқалишини олдини олиш ва уларга қарши курашиш лабораторияси ходимлари вилоятнинг Хонқа, Хива, Янгиариқ, Ҳазорасп, Гурлан, Янгибозор Қўшкўпир, Урганч туманларида тарқалганлигини аниқлашди. Термитлар биноларга ҳужум қилиш сабаблари ўрганилди. Кўпчилик ҳолларда термитлар бино қуриш учун тол, терак, туранғил дарахтларидан фойдаланилган уйларда ҳамда мавсумий намгарчилик юқори бўлган биноларда материаллар замбуруғлар таъсирига учраши сабабли уларни топиб келиб, ташиб кетаётганлиги аниқланди.
Аҳоли термитлар билан зарарланаётганлигини билмаганлиги сабабли биноларда термитлар популяцияси ортиб кетганлиги ҳам аниқланди. Буни олдини олиш учун биноларнинг яширин, қоронғу жойлари кўздан кечирилиб турилиши керак. Чунки термитлар ўша жойлардан бинога кириб кела бошлайди. Кириб келиш мобайнида улар лой сувоқлар орқали коридорлар ясайди. Ёруғдан қочганлиги сабабли, бир-бири билан осон топишиш мақсадида коридирлар ичида ҳаракатланади.
Биз бинога термитлар тушганлигини лой сувоқлар ҳосил бўлганлигидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Лой сувоқлар пайдо бўла бошлаганда ўша жойларда ҳаво алмашинувини кучайтириб, намликни ка-майтириш зарур. Шунда термитлар зарари ҳам камаяди.
Термитлар сони ортиб кетишини олдини олиш учун фипронил, гаксафлумурон каби перепаратларни мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда қўллаш зарур.
З.РАЖАБОВ,
Р.РЎЗМЕТОВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходимлари.
Президентнинг Хива шаҳридаги Халқ қабулхонаси жорий йилнинг ўтган 8 ой давомида шаҳар сектор раҳбарлари томонидан Халқ билан мулоқот тарзида ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши аҳволи таҳлил қилинди.
Халқ қабулхонаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган сайёр қабул режа жадвалига мувофиқ ҳар бир сектор раҳбари хар хафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгиланган.
Унга кўра: 1-сектор раҳбари томонидан 8 ой давомида 36 марта сайёр қабул ўтказилди. Қабул жараёнида аҳоли турли қатламларидан 351 та мурожаатлар келиб тушган, улардан 329 таси ижобий ҳал этилди.
2-сектор раҳбари томонидан ҳам 36 марта сайёр қабул ўтказилган бўлиб, унда жаъми 294 та мурожаатлардан 266 таси ҳал этилди.
Шунингдек, 3-секторда йилнинг ўтган ойлари давомида 36 марта сайёр қабуллар ўтказилди. Бу жараёнларда 182 та масаладаги мурожаатлар келиб тушган, улардан 166 таси ҳал этилишига эришилган.
Ҳудди шунингдек, 4-секторда ҳам юқорида қайд қилинган сайёр қабуллар ўтказилиб, 260 та масаладаги мурожаатлар кўриб чиқилди. Улардан 240 таси ҳал этилди.
Сектор раҳбарлари томонидан Халқ билан мулоқот тарзида ташкил этилаётган сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад, аҳоли розилигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал қилиш назарда тутилган.
Б.ВАИСОВ,
Хива шаҳридаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.
...Эрталабдан шаҳар ва туман кўчалари сумка ҳамда гул кўтариб, қадрдон мактаблари томон ошиқаётган ўқувчилар билан гавжум бўлди.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Билимлар куни” бошланди. Шу муносабат билан мактабларда биринчи қўнғироққа бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Собиқ “Болалар шаҳарчаси”да янги 1-сон ихтисослашган мактаб илк фаолиятини бошлади. Замонавий ўқув базаси ҳамда намунали яшаш шароити билан жиҳозланган билим даргоҳига уч юз нафар ўқувчи тест синовлари асосида қабул қилинди. Очилиш маросимида сўз олган Хива шаҳар ҳокими Т.И.Давлетов Президентнинг, халқимизнинг келажакда улардан умиди катта эканлигини таъкидлади.
17-сон мактабда “Билимлар куни”да қатнашган вилоят ҳокими ўринбосари Б.Саидов ўқитувчи ва ўқувчилар аҳил жамоасига самимий истаклар изҳор қилди. Шуниси қувончлики, мактаб директори Р.Хусаинов маълум қилишича, бу йил 89 нафар битирувчидан 62 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
- Бизда эса бу кўрсатгич 70 фоиздан ошди, - дейди 6-сон мактаб директори С.Юсупов, - ниятимиз педагогик жамоамизнинг рейтингдаги даражасини яна юқорироқ ўринларга кўтаришдир.
Шаҳримизнинг кўркам ва обод манзилларидан бири “Лолазор” маҳалласида жойлашган 7-сон мактаб жамоаси ҳам янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошладилар. Сўзга чиққанлар ўтган ўқув йилидаги натижаларни қайд қилиб, келгусидаги қўлга киритилажак ютуқларга омад ва зафарлар тиладилар.
Ш.МАШАРИПОВ,
Д.МАШАРИПОВ,
“Хива тонги” махсус мухбирлари.
* * *
Суратларда: “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида бошланган “Билимлар куни”нинг биринчи кунидан лавҳалар акс эттирилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Президент Фармонига кўра, бир гуруҳ элдошларимиз ҳам орден-медаллар билан мукофотланди.
“Дўстлик” ордени билан Алемасов Виктор Александрович – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти маданият ва санъат менежменти кафедраси профессори (Маълумот ўрнида: Виктор Алемасов ёшлигида “Хива тонги” газетаси ёш мухбирлар мактаби фаол аъзоси бўлган), Собиров Муҳаммаджон Рустамович – Хива туманидаги “Хива қурилиш сервис” кичик корхонаси директори.
“Содиқ хизматлари учун” медали билан - Ибрагимова Зулхумор Джуманиязовна, Хива шаҳридаги “Сангар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
“Шуҳрат” медали билан, Ганджаева Лола Атаназаровна – Хоразм Маъмун Академияси табиий фанлар бўлими бошлиғи, Машарипов Одамбой Вапаевич – Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, ёғоч ўймакорлиги устаси, Аллақулиев Миржалол Давронбекович – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги департаменти бошлиғи.
Қадимий шаҳримизда 12-13 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Қовун сайли” фестивали ўтказилди. Аввало ушбу фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун катта миқёсда нишонланиши эътиборга олиниб, Ичон-қалъага кираверишдаги кенг майдон танлаб олинди.
Фестивални юқори савияда ўтказиш учун қарийиб 40 гектар майдонда 66 та павильон ташкил этилди. Унда вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар, фермер хўжаликлари, йирик корхона-ташкилотлар ўзларида етиштирилган қовун-тарвузлар, мева-сабзавотлар, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этишди.
Фестиваль қатнашчилари ва сайёҳлар учун Хоразм рамзи ҳисобланган гурвакнинг беҳисоб турлари ва қовунларнинг бошқа навлари ҳам кўргазмага қўйилди.
Фестивалга айниқса, мезбонлик қилаётган Хива шаҳар мутасаддилари кўзни қувонтирадиган, бошқалардан ажралиб турадиган даражада тайёргарлик кўришди. Эртакнома манзараларни эслатувчи павильонда асл қовунларни, полиз экинларини етиштиришдан тортиб, сақлашгача бўлган жараёнларни ўзига хос маҳорат ва дид билан акс эттиришди. Бундан хорижий сайёҳлар ҳам ғоятда ҳайратланишди.
- Ҳақиқий минг бир кечаларга ўхшаш эртакнамо шаҳарга келиб, ерда ҳам чексиз осмон каби мовийликни кўрдик. Қаранг, ҳаммаёқ кўм-кўк, қовун дейсизми, полиз маҳсулотларими бари уни етиштирувчиларнинг сермашаққат меҳнатидан ранг олгандек. Бундай лаҳзаларни унутиб бўладими, - дейди завқланиб, италиялик эр-хотин Рекарда ва Жулия.
- Менга эса ҳақиқий гурвак инъом этишди, - дейди япониялик Чихарда қувончини яширолмай,- ҳақиқатан ҳам ўзларингиз айтганингиздек, тилими тилни ёрар экан!
Хуллас каттадан-кичикнинг дилида ва тилида сайлдан сурурланиш ва завқланиш. Қайси туман кўргазмаси олдига борманг, тўкин дастурхон безатиғ-лик. Тавозе ила қўлини кўксига қўйиб:
- Қовун-меваларимиздан татиб ўтинг, - дейишади.
Фестивалнинг кечки дастурида халқ севган санъаткорлар ва хонандаларнинг бадиий чиқишларини ўз ичига олган катта концерт дастури намойиш қилинди. Фестиваль ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлаш маросими билан якун топди.
Хива шаҳрининг кўҳна тарих анъаналари ва замонавийлик уйғун-лашган кўргазмаси сайлнинг бош сов-ринига – “Gentra” автомобилига сазовор бўлди. Фестивалга тайёргарлик кўришда астойдил фаол қатнашган ҳамшаҳарларимизни унутилмас ажойиб ғалабаси билан самимий муборакбод этамиз. Сизларни ҳақиқий хиваликларга хос меҳмоннавозлик, эзгулик фазилатлари ҳеч қачон тарк этмасин.
Анъанавий “Қовун сайли” фестивалида вилоят ҳокими Ж.Р.Раҳимов қатнашди.
“Хива тонги”.
Кўпчиликка таниш илгариги касб-ҳунар коллежлари эндиликда техникум ва касб-ҳунар мактаблари шаклида қайта ташкил қилиниб, фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Хива шаҳар касб-ҳунар мактаби ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларга бошланғич касбий малакага эга бўлган кадрлар зарурлиги боис, юзлаб ўғил-қизларга таълим-тарбия бериш баробарида касб эгаси бўлиб етишишларига эътибор қаратмоқда.
Мазкур касб-ҳунар мактаби ташкил қилинганига бугун икки йил тўлди. Унинг бағридан 157 нафар битирувчи ўғил-қизлар ҳаётга учирма қилинмоқда. Шу муносабат билан тантанага ўқувчиларнинг ота-оналари, меҳмонлар ҳам таклиф этилди.
Мактаб директори Б.Матчанов мазкур ўқув йилида эришилган ютуқ ва камчиликлар, ўқувчиларнинг келгусидаги ҳаёт йўллари ҳақида тўхталиб, уларга оқ йўл тилади. Битирувчир тилидан устозларни улуғловчи шеърлар, ота-оналарининг эса миннатдорчилиги аримади.
- Бу дамларни ҳар бир инсон бошидан ўтказиши табиий. Битирувчилар катта ҳаётга йўлланма олар экан, уларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари келгусида албатта, асқотади, - дейди ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари Б.Абдуллаев.
Биз мақсадни тўғри олган Хива шаҳар касб-ҳунар мактаби аҳил жамоаси бундан буён Янги Ўзбекистоннинг тиришқоқ ва ҳақиқий жонкуяр ўғил-қизларини тарбиялашларига ишонамиз.
Д.МАШАРИПОВ,
“Хива тонги” махсус мухбири.
... Ота дарбоза майдонида Ёшлар ойлиги доирасида ўтказилган сайлда шаҳримизнинг тўрт мингдан ортиқ йигит-қизлари иштирок этишди. Бу ерда “Беш ташаббус” ҳаракати тадбирлари ўтказилди.
Асосий эътибор ёшларимизни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологиялардан тўғри фойдаланиш ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилди.
Шу мақсадда “Китобхонлик маънавиятга элтувчи йўл” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Шунингдек, “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви уюштирилди.
Учрашув якунида фаол ёшларга совғалар улашилди. Сайл элимиз суйган таниқли санъаткорлар ижросидаги ажойиб саболар, қуй-қўшиқлар билан якунига етди.
Иззат ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Хива шаҳар бўлими бошлиғи.
Азал-азалдан маърифат ва маънавият булоғи бўлиб келган, қанчадан-қанча буюк алломаларга илм ўчоғини яратган, ота-боболаримиздан мерос қолган, ҳеч бир заминда такрорланмайдиган миллий ва маданий мерослари билан жаҳонга танилган шаҳримизга ҳақиқатан ҳам ободлик ва гўзаллик ярашади.
Бундан неча минг йиллар олдин ҳам Хива дунё юзи жаннати ҳисобланганини Рашидиддин Вотвот қуйидаги сатрларида бежиз қайд этмаган:
Самарқанд сайқали рўйи
замин аст,
Бухоро қубба-и исломи
дин аст.
Ҳазорасп қалъа-и хўп
жойи маҳкам,
Хива-и Фирдавс-ул Раббил
Оламин аст.
Дарҳақиқат, Хивада туғилиш, яшаш бахт! Шундай кўркам, ўзининг ўчмас тарихи, осмонўпар минораю мадрасалари, унутил-мас қадриятлари, созу наволари, меҳмондўст одамлари, маърифатли бобо ва момолари билан танилган бу кўҳна гўшани ҳеч бир жойда тополмайди, киши.
Бугун шаҳримизга кўп мамлакатлардан турли даражадаги меҳмонларнинг, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи кундан-кунга ортаяпти. Бири-биридан гўзал, бетакрор қадриятлари барчани ўзига мафтун этаяпти. Қолаверса, шаҳримизнинг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши, хиваликлар зиммасига улкан масъулиятлар ҳам юклайди.
Ободлик кўнгилдан бошланади. Менинг уйим, менинг кўчам, менинг маҳаллам, менинг шаҳрим, менинг Ватаним! Ҳар биримиз ўз хонадонимизни, ўз кўчамизни, ўз биномизни тозалигига эътибор қаратсак, саранжом-саришта қилсак, ота-боболаримиз айтганларидек, хонадонларимиздан файзу барака аримайди. Шундай шукуҳли кунларга шукроналар айтиб, бахтиёр яшашга нима етсин?!
Биз хиваликлар маърифатли, фаросатли, иймон-эътиқодли, меҳмондўст, ўз қадрини юксак қадрлайдиган, озодаликни севадиган халқмиз. Келинг, ҳурматли ҳамшаҳарлар, бизни эшигимизни кимдир қоқиб, озодаликка ундамасдан олдин ўз уйимиз ва ҳовлимизни тоза сақлайлик. Зеро, кўчаларимизни супураётган, дарахтларимизни бутаётган, эшик ва деразаларимизни артаётган инсонлар ҳам бизнинг ҳамшаҳарларимиз, бизнинг маҳалладошларимиз, қайсидир ташкилотда ишловчи ходимлар. Шундай экан, шаҳримиз ободлиги ва кўркамлиги учун барчамиз бирдай масъул бўлайлик.
Фурсатдан фойдаланиб, бундай хайрли ташаббусларни ёритаётган журналистларни 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қизғин муборакбод этамиз.
Ш.АБДУЛЛАЕВА,
Хива шаҳар ҳокими маслаҳатчиси.
Жаннатмакон Ўзбекистонга, унинг қадимий шаҳри Хивага биринчи бор келишим. Ҳайратимни яширолмаяпман. Ҳақиқатан ҳам очиқ осмон остидаги музей – эртакнома шаҳар деганларича бор экан. Бу ерда ҳамма нарса худди мўъжизанинг ўзгинаси. Ҳар бир кўргазма ёки обида олдида соатлаб, кўз узмай туриш мумкин.
Одамларни айтмайсизми, меҳмондўст, самимий. Ҳар бир саволингизга хушнудлик билан жавоб оласиз. Миллий таомларингиз – палов, тухум бараклар, турфа меваларнинг таъми оғзимизда қолди.
Ташрифимиз Халқаро байрам – Шарқ оламининг Наврўзи арафасига тўғри келгани жуда яхши бўлди. Ҳамма жойда бу муборак кунга қизғин ҳозирлик кўришар, кўчаларда сумалаклар қайнатишар экан. Буни кўриб жуда завқландик.
Россияга бир олам таассуротлар билан қайтаяпмиз. Яна кўришгунча, азизлар!
Зинаида Евгениевна ОБОРНЕВА,
Россия Фанлар Академияси Виноградов номидаги рус тили илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди.
Туризм соҳасида янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, соҳада аҳоли бандлигини ошириш ва даромад манбаларини кўпайтириш орқали республикамизнинг ички ва ташқи туризм имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туризм маҳаллаларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, туризм маҳаллаларида ички автомобиль йўллари ва кўприкларни, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024-2025 йилларда 205 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2024-2025 йилларда туризм маҳаллаларида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари, ички автомобиль (хўжалик) йўллари ҳамда кўприкларни қуриш ва таъмирлаш лойиҳалари, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш лойиҳалари, электр таъминотини яхшилаш борасида амалга ошириладиган лойиҳалар, шунингдек, туризм маҳаллаларида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024-2025 йилларда давлат бюджети параметрларини шакллантиришда туризм маҳаллаларида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари учун 200 миллиард сўм маблағ ажратади.
Президентнинг Хива шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Р.Алла-берганов ҳар галги сессияда кўриб, муҳокама қилинадиган ушбу масалага жиддий тайёргарлик кўради. Сектор раҳбарлари ва ташкилотлар раҳбарлари билан аҳоли мурожаатларининг хал этилгани ёки этилмагани хусусида берилажак ахборотига аниқлик киритади.
Сессияда ҳам секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ва оммавий сайёр қабуллар ўтказишнинг самарадорлиги ҳамда йўл қўйилган камчиликлар хусусида очиқ-ошкора фикр-мулоҳазалар билдирилди.
2022 йил давомида Президентнинг виртуал ва халқ қабулхонасига шаҳар аҳолисидан жами 2909 та мурожаат келиб тушган. Бу 2021 йилга нисбатан 301 тага ёки 9,4 фоиз камайганлигини кўрсатади. Бироқ, мурожаатларнинг қаноат-лантирилиши 2021 йилда 81 фоизни ташкил этган бўлса, бу рақам ўтган йили 71 фоизга пасайган. “Хивашаҳаргаз” таъминоти филиалига ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига 3 тадан, “Микрокредитбанк” Хива филиали, Мактабгача таълим бўлими ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига юборилган 2 тадан мурожаатнинг бирортаси ҳал этилмаган.
Мурожаатларни кўриб чиқишда қоидабузарликларга йўл қўйган мансабдорларни жавобгарликка тортиш бўйича, 23 та ҳолатда таъсирчан чоралар кўрилди. Шундан, 17 нафар ходимга қатъий огоҳлантириш, 7 нафарига интизомий “хайфсан” чораси қўлланилди, шунингдек, 1 нафар мансабдор шахс ойлик маошидан жаримага ва яна бир нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Иккита мансабдор шахс эса лавозимидан озод этилди.
Исбот далилланган рақамлардан кўриниб турбдики, ҳар бир мурожаат ортида инсонларнинг тақдири, орзу умидлари мужассам. Буни унутган раҳбар эса ҳар доим кимнинг мурожаати ҳал этилмаганлигига жиддий эътибор қаратиши лозим. Президент ва замон талаби - шу!
Сессияда депутатлар шу ва бошқа масалалар муҳокамасидан сўнг тегишли қарорлар қабул қилишди.
“Хива тонги”.
У 1990 йилда Қорақалпо-ғистон Республикаси Амударё туманида туғилган. Маълумоти олий, 2014 йилда Урганч давлат университетининг психология факультетини тамомлаган. Мутахассислиги фаолият турлари бўйича психолог.
Меҳнат фаолиятини 2015 йилда Хива шаҳар собиқ “Болалар шаҳарчаси”да хизмат кўрсатувчи психолог вазифасидан бошлаган. 2022 йилдан янги тайинловга қадар Хива шаҳар “Мевастон” маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.
ЎзХДП аъзоси, оилали, икки нафар фарзанди бор.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Б.Қурба-новнинг 2023 йил 25 сентябр-даги 846-сонли буйруғига асосан, шаҳримизнинг нуроний отахонларидан бири, меҳнат фахрийси Пирназаров Атаназар ака “Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Узоқ йиллар хўжалик ишлаб чиқаришида ҳамда жамоат ташкилотларида раҳбарлик вазифаларида фидоий меҳнат қилиб, катта обрў-эътибор қазонган, эндиликда кексалик гаштини сураётган устоз-мураббий Атаназар акани ушбу мукофот билан чин дилдан муборакбод этамиз.
“Хива тонги”.
Ҳамшаҳримиз, моҳир сартарош, эркаклар салони раҳбари Исломбек Яқубов яқинда Туркия республикасининг Анталия шаҳрида ўтказилган Халқаро танловда иштирок этди.
- Уч кун давом этган ушбу анжуман анча баҳс-беллашувларга, шов-шувларга сабаб бўлди, - дейди Исломбек, - чунки бу ерда энг машҳур сартарошлар ғолиблик шарафи учун кураш олиб бордилар. Бу эса осон кечмади.
Танлов якунида миллий ва замонавий соч турмаклаши бўйича Исломбек биринчи ўринни қўлга киритди.
“Хива тонги”.
Эрк фарзанди бугун ўттизга тўлди,
Мустақиллигимиз ўттиз йил бўлди.
Истибдодин бошдан кетказганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
Тополдик дунёда ўрину эъзоз,
Ҳумо теграмизда қилганда парвоз.
Шукур, ҳурлик туғин тутқазганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
Эзгулик қадимдан халқимдан қолган,
Эзгу-орзуларни рўёси қилган.
Армон яраларин битказганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
Миллатим имтиҳон, довонда, шонда,
Қувонч ичга сиғмас, Ўзбекистонда.
Эрк ўттиз йил тўйин ўтказганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
Халқимга раҳнамо Юртбошим ўзи,
Давлат, сиёсатдан халқимиз рози.
Рози, шоҳин тахтга ўтқазганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
Ғафлат уйқусидан уйғондик қайта,
Ҳурриятнинг Жўшқин қўшиғин айта.
Тўю байрамларни ўтқазганига,
– Шукур, шу кунларга етказганига!
ЖЎШҚИН.
Кўзим қароғида нурим, гавҳарим,
Умримнинг маъноси тонгим, саҳарим,
Куррайи заминда йўлчи сарварим,
Ўзинг юлдуз-қуёш, ўзинг моҳ Ватан.
Менинг учун азиз саждагоҳ Ватан.
Бағрингда улғайди не буюк зотлар
Гоҳ маҳзун, гоҳида диллари шодлар,
Тупроғинг топтади ғанимлар, ётлар,
Этдинг бизни эркдан сен огоҳ Ватан.
Менинг учун азиз саждагоҳ Ватан.
Тандаги жонимсан, кўзга тўтиё
Улуғлардан улуғ, нур-мехригиё,
Кимлар мафтун бўлмас бир боқса қиё,
Зулмат ўтди ҳеч ким чекмас оҳ Ватан.
Менинг учун азиз саждагоҳ Ватан.
Осмонинг мусаффо, сел-тўфон тинди,
Қилич кўтарганни қиличи синди.
Ватаним олға бос мудомо энди,
Раҳимжон дер, қўллагай Оллоҳ Ватан.
Мен учун танхо саждагоҳ Ватан.
Раҳимбой КАРИМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Сизга дунё, менга эса қалб,
Менинг учун муҳими туйғу.
Билинг, менга буткул бегона,
Дунёлар деб чекмоқлик қайғу.
Мени ҳавас қийнайди мудом,
Сизни нега ҳасад қийнайди.
Ўзимдан ҳам кўпроқ суйганман,
Кетганиям кўзим қиймайди.
Энди менга бундай қараманг,
Бунча совуқ нигоҳларингиз.
Сиз ҳам мендай севган кунингиз,
Тўкилади гуноҳларингиз.
Қанча керак бўлса чидайман,
Тоғлар бериб турар сабрдан.
Мен севгидан меҳр сўрадим,
Лекин тўйдим кўпроқ жабрдан.
Бу ҳисоб-китобли дунёни,
Ўз ҳолига ташлаб қўйганман.
Борми айтинг севгининг нархи,
Нетай сизни жондан суйганман.
Сизга бу ёлғончи дунёлар,
Қийналмай баҳосин айтади.
Сиз оввора бўлманг барибир,
Юраклар юракка қайтади.
Замира САЛАЕВА.
Президентнинг 2018 йил 2 февралдаги Фармонига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, жойларда маънавий-ахлоқий муҳит-ни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимиз-ни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақ-садида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Яқинда ушбу мукофот билан узоқ йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган, тумандаги Шомохулум МФЙда истиқомат қилаётган Дилором Қутлиева ҳам тақдирланди. Туман ҳокими О.Матяқубов 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаш ҳамда гувоҳ-нома ва кўкрак нишонини опа бетоблиги боис унинг уйига бориб, топширди.
Бундай бўлишини кутмаган хаста кўнгилнинг кўзлари қувончдан порлаб, эътибор ва эъзоз учун Муҳтарам Президентга самимий миннатдорчилик билдирди.
М.ИСМАИЛОВА,
туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.
Ш.ДЎСОВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Насиба зиёли оилада туғилиб вояга етди. Ота-онаси фарзандлари кўп бўлишига қарамай, ҳар бирининг ўқишига алоҳида эътибор қаратишар, уларга мунтазам вақт ажрата олардилар.
Унинг дугонаси Умиданинг ҳеч нарсадан ками йўқ, қўл узатган нарсасига етадиган қиз. Фарзандининг ақлли, тартибли ва ораста бўлиши учун уйдагилар ҳеч нарсани аяшмас, нимани кўнгли тусаса, дарров муҳайё килишарди. Бироқ, у ота-онасининг ишончини оқлаш у ёқда турсин, хатто дугонаси танбех берса ҳам ўз айтганидан қолмайдиган бетга чопар, шаддод қиз бўлиб ўсди.
Насиба одобли, зукко қиз бўлгани боис олий ўқув юрти талабаси бўлди. Олийгоҳ дом-лалари шундай қизни тарбиялаган ота-онасига миннатдорчилик билдириб, келажакда Насибадан ажойиб, ўз ишининг моҳир устаси бўлиб етишиб чиқишига ишонардилар.
Умида эса мактабни аранг тугатиб, ҳеч қаерда ўқишни истамади. Дугонаси Гули билан сартарошга шогирд тушишди. Гули Умиданикига тез-тез келиб турар, орада онасининг тақинчоқларини кўз-кўз қи-ларди. Бу зеби-зийнатлар Гулининг кўзини ўйнатарди.
...Орадан йиллар ўтди. Бир куни Гули билан Умида ўрта-сида гап қочиб, бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетишди. Гап орасида Умиданинг асранди экани, онаси фарзанд кўрмага-ни, етимлиги ҳам айтилди.
Шу воқеадан кейин ота-онаси ҳар қанча уринмасин, Умидани уйда олиб қолишнинг иложи бўлмади. У уйдан чиқиб кетиб, болаликдаги дугонаси Насибани қидириб топди. Бўлган воқеаларни йиғлаб-йиғлаб гапириб берди. Насиба дугонасининг тўғри иш қилмагани, ота-она қандай бўлмасин уни вояга етказгунга қадар озмунча машаққат чекмагани, уйга қайтиши хақида қанча айтмасин, барибир унамади.
Умида Насибанинг уйида яшай бошлади. Бу хақда Насиба унинг ота-онасига хабар қилди. Бироз вақтдан кейин дугонаси қилган хатосини тушуниб етиши хақида гапирди. Умида бўш пайтларда Насибанинг китобларини ўқирди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Ўткир Хошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китобларини мутолаа, қилар, улардан олам-олам маъно оларди. Фикри тиниқлашди. Ота-онасини қўмсай бошлади ва бир куни Насибага уйга қайтишга уялаётгани хақида гапириб қолди. Насиба дугонасининг қароридан севинди, унга ўзи бошлаб боришини айтди.
- Ўтган зое кетган давримни сарҳисоб қилсам, биринчидан, сендек дугонам борлиги мен учун – бахт экан! Иккинчидан, сен тавсия қилган китоблар менинг тафаккуримни бутунлай ўзгартириб юборди. Уларни ўқиб, ўзбек аёлидаги шарм-ҳаё, иффат, Отабекдаги жасорат эгаси бўлишга ҳава-сим ортди. Шундай ота-онам борлигидан ўзимни бахтли хис қилдим, орзуларимга эришиш иштиёқи янада ошди. Яшашдан мақсад нима экани, онани қандай эъзозлаш кераклигини англадим. Бунинг учун сенга рахмат! - дея йиғлаб юборди.
Умиданинг ота-онаси ажралмас дугоналарни қучоқ очиб кутиб олишди.
...Насиба уйига қайтар экан, китобхонлар сафи яна биттага кўпайганидан хурсанд бўлди.
Мақсуда ЮСУПОВА,
Хива шаҳридаги 1-сон мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
Барпо бўлди гўзал пойтахтда,
Сўлим маскан, зиё хиёбон.
Адибларга ҳурмату эъзоз,
Буюкларим "йиғилган" майдон.
Кирсанг, қайтасан қадим тарихга,
Ҳар бир арбоб турар, ўхшар тирикка.
Дерлар:"Қолдирдик биз улкан меросни,
Авлодларим жойланг тоза юракка".
Мени фахрга тўлдиргани рост,
Огаҳий бобомнинг нурли ҳайкали.
Салобатли ўтирар, қаранг, ей воҳ,
Қўлида китоби, унинг "сайқали".
Бобо, бобожоним, Огаҳий бобом,
Ўчмагай хеч қачон сизнинг изингиз.
Шоир, таржимонлик ҳамда муаррих,
Биз давомчиларимиз буюк ишингиз.
Паризодабону Бунёдова.
Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактаби 7-синф ўқувчиси.
Ҳар қандай синовли кунларда ҳам хонадонингизга, жамоангизга хушхабар ва янгиликлар билан кириб борувчи севимли нашрингиз - "Хива тонги" газетасига 2021 йил учун обуна давом этмоқда
Бир йиллик обуна нархи - 150 000 сўм.
Обуна индекси: 8008, Нашримизга "Хива почта" алоқа боғламаси, "Хива шаҳар, туман Матбуот тарқатувчи" МЧЖ ва бевосита таҳририятнинг ўзида обуна бўлишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги 196-сонли фармонига (https://uza.uz/uz/posts/1-dekabrdan-ish-haqi-pensiyalar-va-izhtimoiy-nafaqalar-oshiriladi_539552) кўра, жорий йил 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7% га оширилмоқда.