SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Сиёсат  /  ОДАМЛАР ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛСИН

ОДАМЛАР ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛСИН

« Назад

12.10.2018 10:30

Тадбиркорлик ва ишбилармонлик. Бу жуфт ҳамоҳанг сўзлар ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаган. Зеро, фаровонлигимиз манбаи ҳам тадбиркорлик ва ишбилармонлик билан иш юритишимизга боғлиқ.
“Ҳар бир оила – тадбиркор!” дастури бежиз қабул қилинмаган. Чунки, яхши яшашнинг мустаҳкам асослари оилада шаклланади. Ота-она фарзандларини уй шароитида молия-хўжалик юмушларига йўналтирдими демак, ўша оила қўшимча даромад манбаига эга бўлади. Ўзингиз бир мулоҳаза юритиб кўринг: тоқайгача бозордан у бу маҳсулотни харид қиламиз - қачонки уйингизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш имкониятига эга бўла туриб. Бир бош сигиру 20 та товуқ ҳамда кичик бўлса ҳам боғ-томорқангизга ҳафсала билан экилган мева -сабзавотлар кундалик истеъмол учун ҳар жиҳатдан қулай-ку!
- “Гулирайхон” маҳалласига кўчиб келганимдан бери боғ-томорқа, чорва-парранда парваришлайман,-дейди Лочин Хонов, - уйимиздан сут- қатиқ, сариёғ аримайди. Ортганини қўшниларга илинамиз. Фарзандларимга ҳам шуни уқтираман. Оилада ҳар кимнинг ўз юмуши бўлиши керак. Шунда фаровон ҳаёт эгаси бўламиз.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси, шунингдек, вилоят, шаҳар Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирликлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилаётган учрашув-мулоқотларда юқорида ҳикоя қилинган ибратли оилалар билан бирга, камчилик-нуқсонлар, ечимини кутаётган ёки пайсалга солинаётган муаммолар ҳам тилга олинди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов йиғилишда бу борада Хива шаҳрида амалга оширилаётган ишларга танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан тўхталар экан, шаҳарда ҳали мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаётгани, хусусан, сайёҳлик салоҳиятини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, “Ёшлар – келажагимиз» дастури бўйича уларни иш билан таъминлаш, айниқса, банк кредитлари ажратиш, намунали “Деҳқон бозори” барпо этиш каби кечиктириб бўлмайдиган долзарб ва муҳим масалаларга асосий диққат-эътибор қаратди.
“Қумёсқа”, “Каптархона”, “Мевас-тон”, “Ичон-қаъла” маҳаллаларидаги салбий ҳолатларни тезроқ тугатиш, “Уй меҳмонхоналари” ташкил этиш, сайёҳлар учун совғабоп халқ амалий санъати ҳамда ҳунармандчилиги намуналарини намойиш ва харид қилишни таклиф этиш каби фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Хива шаҳридаги фаолияти натижасида ҳаётий ўткир масалаларга ечим изланди. Гуруҳ аъзолари 21та маҳалла, 15765 хонадонда бўлиб, аҳолининг турмуш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Очиқ, ошкора мулоқотларда одамлар ўзларининг йиллар бўйи қийнаб келаётган ариза ва шикоятларини изҳор қилдилар Уларнинг айримлари жойнинг  ўзида ҳал қилинди, қўшимча вақт талаб қилувчи масалалар эса тегишли ташкилотларга тезроқ ҳал қилиш учун топширилди.
Шаҳар Кенгаши депутатлари ва 4 та сектор раҳбарлари зиммасига аниқланган муаммоларни тезроқ бартараф этиш, халқни ҳаётидан розилигига эришиш йўлидаги вазифаларни бажариш юклатилди.
Аҳоли турли қатламлари билан бўлган учрашув ва мулоқотларда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Рес-публика ишчи гуруҳи раҳбари Б.Тожиев, гуруҳнинг бошқа аъзолари қатнашдилар.

Ш.МАШАРИПОВ.