SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Сиёсат  /  ДАДИЛ ҲАРАКАТЛАР ДАВРИ

ДАДИЛ ҲАРАКАТЛАР ДАВРИ

« Назад

14.08.2017 06:36

Маълумки, шу йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Давлатимиз раҳбарининг маърузаси, шунингдек, танқидий-таҳлилий тарзда ўтган ушбу анжуманда билдирилган таклиф, тавсия ҳамда муносабатлар мамлакатимиз янги сиёсий уйғониш, фаоллик даврини бошлаб берди.
Сиёсий партиялар йиғилишлари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг навбатдаги сессияларида фаолиятга очиқ-ойдин, холисона баҳо берилиб,, галдаги муҳим вазифалар, долзарб йўналишлар белгилаб олинмоқда.
Халқ депутатлари Хива шаҳар ва туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида кун тартибидаги масалалар аввалида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сессия ишида Ўзбекистон Рес-публикаси Олий Мажлиси Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати С.Раҳматов қатнашдилар. Шунингдек, туман идора, ташкилот раҳбарлари, ички ишлар профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари, тиббиёт соҳаси вакиллари иштирок этдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан Кенгаш раиси Э.О.Яқубов маърузаси тингланди.
- Юртдошларимиз ислоҳотлар, бунёдкорликлар шиддат билан давом этаётган айни кезларда, - деди маърузачи, - давлат ва халқ ўртасида ўзига хос кўприк хизматини ўтаётган депутатлардан яъни ўзлари ишонч билан сайланган вакилларидан янгидан-янги ташаббуслар бошлашларини кутмоқдалар.
Шунингдек, маърузачи халқ депутатлари туман Кенгаши, доимий комиссиялар, партия гуруҳларининг фаолиятида бугунги кун учун ўта долзарб бўлган асосий йўналишларни белгилаб олишни таклиф қилди ва ўз тавсияларини баён этди.
Шу юзадан музокарада депутатлар О.Исмоилов, Ш.Матёқубов, С.Рўзметова, “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгаши раиси Ж.Ражабов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
- Давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли мурожаатларида тилга олинган муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан депутатлик сўровномаларини юборишга доир фаолиятни кучайтириш сессияда асосий йўналиш сифатида белгилангани жуда тўғри, - деди музокарада сўз олган депутат Ш.Матёқубов. – Афсуски айрим соҳа раҳбар ва мутасаддилари бу депутатлик сўровига ўз вақтида ёки умуман жавоб беришмайди. Президентимиз таъкидлаганларидек, бу – нафақат депутатга, балки уларни сайлаб қўйган халққа ҳурматсизлик, менсимасликдир.
Президентимиз бу ҳақда гапириб “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради” деган фикрларни билдирганлари ҳам бежиз эмас.
Келгусида бундай раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши кўзда тутилаётгани жуда тўғри деб ҳисоблайман.
Маълумки, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Кенгашдаги депутатлик гуруҳлари олдига ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича тузилган дастурлар ижроси устидан назорат ўрнатиш, соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш вазифаси ҳам қўйилмоқда.
Шу мақсадда сессияда “Ҳуқуқ-бузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида” туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Р.Жуманиёзовнинг, “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида Хива туманида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи З.Аллаберганованинг ҳисоботлари тингланди.
Депутатлар Ж.Отажонов, И.Отажонова, Ш.Бекчонов, С.Машарипова, “Сангар” маҳал-ла фуқаролар йиғини раиси Т.Жобборов ва бошқалар фикр-мулоҳазалар билдирдилар, ҳисобот берувчиларга саволлар билан мурожаат қилиб, жавоблар олдилар. Ана шу жараёнда камчиликлар, эътибордан четда қолаётган жиҳатлар, жумладан, ёт оқимларга адашиб кириб қолганлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нуқсонлар, хорижда ишлаб қайтган меҳнат муҳожирлари, бўлғуси келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик борасидаги ишларда камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.
Сессияда шунингдек, “Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида” Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси И.Қурбоновнинг ахбороти тингланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати қўмита раисининг ўринбосари Б.Тожиев сўзга чиқди.
- Бу галги сессия аввалгиларига нисбатан ишчанлик вазиятида ўтди, - дейди Журён сайлов округидан депутат Ҳ,Авезова. – Сафдошларимизнинг масъулияти, фаоллиги ошаётганлиги ҳам яққол сезилди.
Зеро, Президентимиз томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш сиёсий партиялар, депутатлик гуруҳлари умуман Кенгашимиз фаолиятини яхшилаш учун мустаҳкам асос яратади. Бир сўз билан айтганда фаолиятда янги босқич – сиёсий уйғониш даври, дадил ҳаракатлар палласи бошланди. Ҳар бир партия аъзоси, халқ вакиллари буни дилдан ҳис қилиши лозим.
О.ИСМОИЛОВ,
“Хива тонги” махсус мухбири.