SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Сиёсат  /  21 октябрь– Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кун

21 октябрь– Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кун

« Назад

23.10.2018 12:30

Тарихдан маълумки, собиқ  шўролар тузуми ҳукмрон бўлган даврда ўзбек тили камситилган, ночор аҳволга юз тутган эди. 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши улкан аҳамиятга эга тарихий воқеага айланди. Бу ўзликни англаш, қадриятларимизни эъзозлаш ва шу билан бирга мустақиллик томон қўйилган илк қадам бўлди.
Асосий Қонунимиз-Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат тили ўзбек тилидир” деб белгилаб қўйилганлиги тилимизни миллат рамзи даражасига кўтаради.
Бугунги кунда олимлар, зиёлилар томонидан она тилимизни ўқитиш, ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қувонарлидир. Айниқса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши ҳам бу борада хайрли қадам бўлди.
Афсуски, баъзан атамаларни қўллашда, шунингдек, кўча ва майдонлардаги айрим шиорлар, савдо, хизмат кўрсатиш шахобчалари биноларидаги битиклар имло хатоларидан ташқари рус ва бошқа хорижий тиллар билан аралаш-қуралаш ёзилганлиги ачинарли ҳолатлардир. Жумладан “Закас сомса” ва бошқа шу каби ёзувлар тилимизга ҳурматсизлик ҳамда саводсизликнинг белгисидир. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик лозим.
Шу кунларда унутилмас сана муносабати билан ўқув муассасаларида, шу жумладан, бизнинг мактабда ўтадиган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ёш авлодни она тилимизга, қадриятларимизга ҳурмат, бинобарин юртга меҳр руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Назира АБДУЛЛАЕВА,
шаҳардаги 16-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.