SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Сиёсат  /  2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ЯНГИЧА ИШЛАШ ДАВРИ КЕЛДИ УНУТИЛМАС УЧРАШУВЛАР, ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ЯНГИЧА ИШЛАШ ДАВРИ КЕЛДИ УНУТИЛМАС УЧРАШУВЛАР, ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР

« Назад

06.02.2017 02:11

Миллат ва халқ етакчисининг жойлардаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиши, аҳоли турли қатламлари дардига қулоқ тутиши, улар билан чин дилдан мулоқотга кириши жуда кўп хайрли амалларни амалга ошириш имконини беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги йил бошидан вилоятимизга, хусусан Хивага ташрифи унутилмас учрашувларга, юзма-юз мулоқотларга бой бўлди.
Президентимизнинг вилоятга ташрифи айнан Хивадан, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидан бошлангани бежиз эмас. Чунки Хива жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган, авлиё-анбиёлар юрти, етти иқлим ихлосмандлари ошиқадиган ошиён, табаррук зиёратгоҳдир.
Матниёз Девонбеги мадрасасида тарихий ва маданий ёдгорликлар мажмуасининг реконструкция қилиш лойиҳалари билан яқиндан танишар экан, Давлатимиз раҳбари сайёҳлик истиқболларига ҳам алоҳида тўхталди.
- Бу учрашув ва яқиндан бўлган самимий мулоқот биз тадбиркорларга қанот бағишлади, - дейди - «Мирзабоши» хусусий меҳмонхонаси раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳибаси Зайнаб Абдуллаева. – Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда тадбиркорларга бир қатор имкониятлар, қулайликлар яратилган.
Президентимизнинг таъкидлашларича, сайёҳлик имкониятларини янада ошириш учун янги хизмат турларини ташкил қилиш ва тарғиб қилиш борасида анча ишларни амалга ошириш зарур экан. Демак, бундан шу нарса кўринадики, қўшимча янги иш ўринлари, муҳими қўшимча фойда манбалари яратилади.
- Хиванинг жаҳон туроператорлари билан алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда, - дейди Хива бизнес ва туризмни ривожлантириш раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Одилбек Раҳимов, - Қолаверса, Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу соҳада жуда катта кўламдор ишларни амалга ошириш истиқболларини белгилаб беради, албатта.
Ҳаммамиз яхши биламиз, туризм келажакда энг фойдали, маданий-сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим тармоқлардан бирига айланиши шак-шубҳасиз.
“ХИВАГА “AFROSIYOB”
КЕЛАДИ”
- Телевизор қаршисида ўтириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хивага “AFROSIYOB” тезюрар поезди қатновини йўлга қўямиз деганидан беҳад қувондим, - дейди тупроққалъалик ўқитувчи Олимбой СОБИРОВ, - бир зум талабалик даврларимиздаги йўл азоб-лари, суткалаб кутишлар ҳаёлимда жонланди. Ахир атиги 5,5 соатда поезднинг пойтахтдан Хивага келиши илгари афсона эди. Қолаверса, Хоразм Буюк ипак йўлида жойлашган қадим диёр. Хива сайёҳлик шаҳри ҳамдир. Ўйлаймизки, бу қарор барча-барчанинг дилидаги айни муддао бўлди.
Агар ушбу хайрли иш амалга ошса, нафақат хорижий сайёҳлар-га Хивага келиб-кетишлари учун қулайликлар яратилади, балки мамлакатимизнинг Фарғона водийсидан ташриф буюрадиган зиёратчиларнинг оқими ҳам кўпаяди. Қолаверса, шаҳар атрофи кенгайиши билан бир қаторда янги маданий-маиший иншоотлар бунёд этилади, янги ишчи ўринлари яратилади.
Мактабларда “Хиванинг яқин келажакдаги қиёфасини қандай тасаввур қиласиз?” мавзуида ўтказилган иншолар танловида шаҳарнинг ҳам энига, ҳам бўйига кенгайиши тасаввур қилинган эди. Аммо, бирорта ўқувчи, ҳатто биз катталар ҳам поезд келишини ҳаёлимизга келтирмаган эдик. Бу эса ҳақиқий маънода мўъжиза рўй берганининг ўзгинасидир.
АСРЛАР ҚАЪРИДАН НУР

Бу йил Маъмун академияси қайта ташкил этилганига 20 йил тўлади. Қисқа давр ичида академия олимлари 6 та илмий йўналиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйдилар. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу даргоҳга ташрифи жамоага янгича руҳ бағишлади.
- Президентимизнинг яқинда биз олимлар билан ўтказган учрашуви ва академиямизга ташрифи олдимизга яна катта илмий ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш вазифаларини қўймоқда, - дейди академия раиси Шавкат Қодиров. Жамоамиз фаолияти билан яқиндан танишар эканлар, Шавкат Миромонович яратилган шарт-шароитлар, илмий ишланмалар, келгусидаги ишларни янада ривожлантириш, академияни дунё тан олиши бўйича чоралар кўриш юзасидан қимматли таклиф ва тавсияларини бердилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг академиямизга ташрифидан сўнг илмий жамоамиз билан биргаликда келгуси фаолиятни тубдан янада яхшилаш чора-тадбирларини белгилаб олдик. Хусусан, Юртбошимиз билдирган Ичон-қалъага ташриф буюраётган сайёҳларни академияга таклиф этиш, мактаб, коллеж дарсликларига академия тарихи ва ҳозирги фаолияти бўйича маълумотлар киритилишини таъминлаш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Таълим муассасалари талабаларининг алломалар музейига саёҳатларини уюштиришда, бу ерда яна шунингдек, қисқа муддатли курслар ташкил этиш борасида ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Осмонни юлдузлар, заминни олимлар безаганидек, ушбу илмий муассаса ходимлари яратган кашфиётлар, изланишлар нуфузли халқаро ва республика анжуманларида эътироф этилмоқда. Лойиҳалар дои-расида бир қатор муҳим илмий натижаларга эришилди. Жумладан, Ҳазорасп туманидаги “Хумбузтепа” ёдгорлигида қазиш ишларида эрамиздан аввалги VI-VII асрларга оид кўплаб ашёлар топилди. Бу ерда Ўрта Осиёдаги энг қадимий оташгоҳнинг аниқланиши Авестонинг Ватани Хоразм, Ўзбекистон эканлигининг ёрқин исботидир.
2006 йилдан буён нашр қилинаётган “Хоразм Маъмун академияси ахборотномаси” илмий-педагогик журналида асосан минтақанинг тарих, археология, экология, тиббиёт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, архитектура, тасвирий санъат ва бошқа бир қанча соҳаларга оид долзарб мавзулардаги илмий оммабоп мақолалар чоп этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 январда қабул қилган “Хоразм вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, академиянинг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий кадр-лар салоҳиятини, изланишларнинг мавзу доираси ва самарадорлигини ошириш, ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
СОЁТДА ДИЛДАН МУЛОҚОТ
Халқ билан яқиндан мулоқот уларнинг келажак орзу-умидларини эшитиш, шунинг билан биргаликда тўсиқ бўлаётган муаммоларни жойнинг ўзида ҳал этиш энг қулай ва самарали усулдир. Президентнинг навбатдаги ташрифи Соёт қишлоғидаги қадимий “Чодра”га туташ хонадонларда давом этди.
- Давлатимиз раҳбарининг шахсан хонадонимизга кириб келишлари оиламиз учун катта қувончга айланди, - дейди Оллаёр Раҳимов, - Очиғи бундан бир оз шошиб ҳам қолдик. Лекин ўртадаги вазиятни ўзлари юмшатиб, самимий, дўстона суҳбатлашдилар. Турмуш шароитимиз, томорқадан олаётган даромадларимиз билан қизиқдилар. Ҳатто боққа кириб, баҳорда сердаромад экинлар экиш зарурлиги ҳақида қимматли маслаҳатларини бердилар.
Тўғриси, “Сенинг уйингга эртага Президент келади” десалар ҳаммаёқни дарров ораста, саранжом-саришта қилиб қўярмидим деб ҳижолат чекдим. Аслида Шавкат Мирзиёев оддийликни, табиийликни ёқтирарканлар. Лекин барибир оиламиз билан ташрифдан руҳланиб, уйимиз ичкариси ва ташқарисини чиннидай қилиб қўйишни кундалик одатимизга айлантирдик. Ахир, буларнинг барчаси ўзимиз, халқимиз яхши, фаровон яшаши учун-ку!
Қишлоқ аҳлига томорқа, боғдорчилик билан шуғулланиш сув ва ҳаводек зарур. Етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ўзидан орттириб сотса, ҳам оиласига, ҳам аҳолига фойда! Оиламиз билан маслаҳатлашиб, паррандачиликни ҳам кўпайтиришни мақсад қилиб қўйдик. Агар улар сонини 100 тадан оширсак, нафақат ўзимизни, балки аҳоли дастурхонини ҳам таъминлаган бўламиз.
Хушхабарнинг қаноти бор. Оллаёрнинг хонадонидаги қувончли воқеа дарров қишлоққа ёйилди. Кечқурун “Ахборот”да кўрсатишди. Уйига сўраб келганлар ҳам бўлди. Муҳими Президентнинг халқ билан бундай оддий мулоқоти одамларга янгича кайфият, руҳ бағишлади. Ҳамма гарчи қиш палласида бўлса ҳам баҳорга пешвоз чиқиш тадоригини бошлаб юбордилар...
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Хивага ташрифи ана шундай катта таассуротларга, самимий мулоқотларга бой тарзда кечди. Муҳими, одамлар орқасида жондан азиз, қудратли, адолатли Давлати, суянган тоғи борлигидан қалблари олам-олам фахр ва ифтихор туйғулари билан тўлиб-тошдилар. Эртанги кунга бўлган ишончини, иштиёқини оширдилар. Буларнинг бари ҳаётимизда янги саҳифалар очилаётганидан, янгича яшаш, янгича фаровон умр кечириш, янгича ишлаш даври келганлигидан далолатдир.

 

Ш.МАШАРИПОВ,
“Хива тонги” махсус мухбири.