SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ЖАҲАННАМДАН ОМОН ҚАЙТГАН

ЖАҲАННАМДАН ОМОН ҚАЙТГАН

« Назад

16.05.2018 14:09 ... Уруш ва меҳнат фахрийсининг уйига кириб борганимизда  юз ёш ила юзлашаётган отахон темир каравотида ётган экан. Кос-тюмини кийиб... урушга дахлдор орден-медалларини тақиб. Каравот  бош ужисига иккими-учми ҳасса суяб қўйилган. Деразага яқин қат-қат кўрпачаларга чўккан момо билан салом-алик қиларканмиз, отахон илкис ўрнидан қўзғалди. Тишсиз милкларини кўрсатиб жилмайди ва қизига қараб: “Булар нишатжаклар? Ман ҳақимда тилизорда  гапиржакмилар?” деди. Ана ўшанда биз мезбоннинг нега костюмини кийиб, шода-шода орден-медалларини  тақиб ётганининг маънисини англадик. У назаримизда,  тележурналистларни кутган чоғи. Қизи: “Йўқ, тилизорда гапирмайдилар. Бу қиз сиз ҳақингизда ўн икки бетли китоб ёзжоқ”, деди. “Ўн икки бетли эмас,  каттароқ китоб ёзамиз, худо  хоҳласа”. Бобо “китоб” сўзини эшитди шекилли, ҳа-а, деб қўйди.
Шу аснода бобо, момо, уларнинг қизи, невара келини Насиба  саволларга жавоблар  қулай  бўлиши учун  хонтахта атрофига йиғилишди. Улар бобога саволларимизни   баланд овозда етказишар, бобонинг жавобларига имкони борича аниқлик киритишарди.
- 1924 йилда туғилганман. Шу ерда, Шомохулум қишлоғида... , дея сўз бошлади суҳбатдошимиз.
- Қайси ой, қайси кунда?
- Билмадим. У вақтларда тахминан ёзар эдилар. Ман туғилган кунимни билмайман.
- Оржони очинг, - сўз қўшди момо. - Бунинг ҳужжатлари  шу ерда.
Сарғайган  ҳужжатларни кўздан кечирдик. “1925 йил” санаси битилган. Бобо костюмига таққан орден-ме-далларнинг гувоҳномалари ҳам  хонтахта  устига ёйилди. 
- Болалик, ёшлик даврларингизни эслайоласизми,- иккиланиб сўрадик. Чунки, бу ёшдаги  чолу момолар айнан шу саволни  берсангиз, аччиқ жилмайиб, кеча еган овқатимни эслолмайману, саксон йил аввалги  воқеаларни хотирлашга йўл бўлсин, болам, дейишади. 
- Одим Иброҳим. Отамнинг оди – Машарип. Фамилияси – Худойқулов, деди бобо. Сўнг бирпас сукут сақлади.
- Онасининг оди – Ўғилжон. Фамилияси – Оллоқуллиева. Оилада олти фарзанд бўлишган. Тўрт қиз, икки ўғил, дея суҳбатга аралашди  ....  момо.- Ҳозир шулардан фақатгина  бовонгизгина дири, - Хатича момо Сафоева.
-  Момо билан нерда танишгансиз, - дея қизиқсиндик.
- Қўшкўпирли бу. Биров сабабчи бўлиб, танишдик.
- Ана энди болалик, ёшлик даврларингизга ўтсак?
Бобо аста йўталиб, сўз бошлади: - Шомохулум қишлоғидаги мактабда еттинчи синфни битказиб, колхозга ишга  кирдим. 1941 йилда  уруш бошланди. Биз у даврларда  жувозда ёғ чиқарар эдик. Шундан қўлим шикаст топди. Ҳарбий комиссариат,  жароҳатингиз бор экан, ҳали битсин, дейишди. Чунки, менга  ҳам повестка келиб турган  экан. 
Шомохулум қишлоғи  у вақтларда  дим бошқача эди.  Уйлар жуда сийрак. Яккам-дуккам  хўжаликлар жойлашган. Ҳамма  ёқ пахта отиз...  Одамлар  қашшоқ. Зоғора тополмай кунжара еб, қорни шишиб ўлганларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Устига-устак уруш...   
1943 йилда урушга жўнадик. Бухоронинг Кармана туманида учми- тўртми, олти ойми, ҳарбий тайёргарликда бўлдик. Отиш қуролларидан қандай фойдаланишни ўргатишди. Хуллас, расмин  аскарга айландик. Поездга чиқариб, олиб кетдилар. Волга дарёси  бўйларидаги шаҳру қишлоқларни фашистлар  эгаллаган эканлар. Шуларга қарши жангга кирдик. Биринчи – самолётлар боради. Тик тепага кўтарилиб, бомба ташлайди. Аввал  тутун чиқариб туради. Ана ундан кейин танклар кетади. Изиннан  биз пешеходлар ҳужумга ўтамиз. Командир буйруқ бермагунича ҳатто тўғрингда турган душманни ҳам отишга ҳаққинг йўқ. Буйруқ бўлса, автоматдан ўқ чиқади. Ҳар хил қуроллардан отдик. Автомат, пулемёт, замбарак, гранатамёт... Ай, насини айтасан.
Фашистлар Волга  дарёси устидаги кўприкни  портлатдилар. Биз эса тахталарга  симбурғи бериб, сол ясадик. Аскарлар  ва ҳарбий  мошинлар  шу солда нариги тарафга ўтганмиз.
Жанглар даҳшатли тусга кирган эди. Бомба ёғилгач, айрим аскарларнинг тана аъзолари  сочилиб кетар, шу аянчли ҳодисага гувоҳ бўлиб, эс-ҳушдан  айрилар даражада гангиб қолардик. Командиримиз, бечора лейтенант тилка-пора...   Жўраларим – Машариф Қўшоқов, Бойжон, Рўзим Болта, қозоқ Танжариқов, Мулдемонов, Қорабоевлар кўз олдимда жон таслим қилдилар. 
Бир гал  фашистлар Волга соҳилидаги шакар  заводини  бомбардимон қилишди.  Конфетлар, шакарлар дарёда оқди. Вазият шундай жиддий эдики, генерал Жуков  биз, пиёда аскарлар  билан  мажлис ўтказарди. Икки-уч маротаба уни яқиндан кўрганман. Дим жиддий, қатъиятли, мард ҳарбий эди. Эшитишимизча, у билан ҳатто Сталин  ҳам ҳисоблашган.
Уруш ялангликда кечарди. Совуқ жон-жондан  ўтади – тишларимиз тақиллаб  кетганларини  эслайман. Ҳа...  Жангга  киришимиздан  аввал бир кружка испирт,  қотган-қутган нон – буни сухари  дердик – беришар, шундан бошимиз айланар, шунданми,  қўрқувниям  сезмасдик. Жанг тугагач чала, жон бўп  ётган қуролдош  дўстларимиз оғриқнинг зўрига чидай олмай, “от, отиб ўлдир”, дея илтижо қилардилар. “Бир ўқ от”, деб қичқирар эдилар. Ҳеч бир инсон  зоти бу аҳволлга тушмагай...
Бобонинг кўзи  ёшланди. 
Суҳбатдошимизга дам бериб, момога сўз  қотдик:
- Турмушингиз ҳақида сўзлаб беринг?
- Бовонгизнинг менгача турмуши  бўлган . Улар оламдан ўтган  экан. Аввалгисидан бир ўғли бор. Оллоқули деган. 1962 йилда  Қўшкўпирнинг Обод қишлоғидан бу ерга галин бўлиб тушганман. Ина эллик олти  йилдан бери шу ерда, бобойнинг ёнидаман.  Олти  нафар фарзанд улғайтирдик.
- Ҳа-а-а, ёдимга тушди, - деди бобо кўзлари ёниб гурунгга аралашиб. – Немислар  уддабуррон халқ эканлигини  шу урушда билганман. Уларнинг  тандирга ўхшаган, бетондан ясалган бошпаналари бўларди. Ҳар ер, ҳар ерда... Бунга ўқ ўтмасди. Тандирга уч-тўрт немис  бемалол жойлашади. Хавф сезилса, ер остига кириб кетишарди. 
Гоҳ-гоҳо улар бошқа жойларга чекинганида  ўша бетон уйлар жонимизга  ора кирган. Окопларда ётардик. Гоҳо  совуқ жонимиздан ўтганида  фашистларга  ёхтисини сездирмай ўт ёқиб, исинар эдик. Иссиқ шундай хуш ёқардики, гоҳо яқинлашиб кийимларимизни куйганини билмай қолганмиз. Шундай пайтларда урушда ўлган биродарларимизнинг кийим-кечакларини ечиб, кийиб олардик.
Самолётда  нон ташлар эдилар. Қаҳратон совуқ эмасми, нонлар бузлаб қолар, биз нонларни қўлтиғимиз тагида иситиб, кейин ер эдик. Эгнимиздаги халтада доимо бир пачка ўқ, сухари. Бор-йўқ нарсамизнинг ўзи шу эди. Хат ёзиш ҳам йўқ, хат олиш ҳам йўқ. Нега десангиз бир жойда кўп вақт турмасдик.
Бобонинг гаплари бизга тобора  қизиқарли туюлар, шу аснода, немисларни яқиндан кўрганмисиз, дея  қизиқсиндик.
- Ҳовва. Польшада, бир қишлоқда  немислар яшириниб олган эканлар. Ўқ отсак ҳам ана ўша  писиб ётган ерларидан чиқмадилар. Охири уйни ўта бардик.  Олов ичидан  ўз тилида нималарнидир бақириб, душманлар ташқарига отилдилар. Фашистлар – озчилик. Биз кўпчиликмиз. Ўнга яқин немисни асир олганмиз.
- Қаерларгача  бордингиз, бобо,- яна қизиқиб сўраймиз.
- Ёдимда қолгани Волга дарёси, Будапешт, Польша...  Шундай қақшатқич жангларнинг бирида оғир ярадор  бўлдим. Белим синди...
Будапештда шундийн бўлди. Ғир-даварак ўликларга тўла. Унда-бунда қор тагидан, тупроқ уюми остидан шишиб ётган бармоқлар, қўл-оёқлар кўриниб турарди. Белим синиб, Худого илтижо қилаётибман.. Нолаларим  етиб бордими, бир вақт тар-тур  овоз эшитилди. Ҳар қалай санитарлар мени пайқаб қолиб, замбилга солиб, мошинга юклашди. Уч-тўрт кун сомоннинг устида ётганимни элас-элас эслайман.
- Киевдаги госпиталга олиб боришди. Оғир яраланган эканман, операция қилишди. Ман улардай жонкуяр, фидойи, билимли дўхтурларни кейинчалик учратмадим ҳисоб.  Ҳаммаёғим ўраб ташланган. Белдан пастимни қимирлатолмайман. Тагимда – судна. Овқатни қошиқ билан оғзимга тутишади. ..
Уруш одамларни  ҳам бешафқат, ҳам меҳрибон қилиб қўяр экан. Жанг  майдонларида шафқатсизликларга гувоҳ бўлган бўлсам, госпиталда меҳрни, муҳаббатни, мурувватни ҳис этдим. Паша деган рус аёли бўларди. У ҳаммамизга бирдай меҳрибон, ғамхўр эди. Овқатларимизни эринмай едириб қўяр, жароҳатларимиздан оққан қон, йирингларни  ижирғанмай тозалар, хуллас, бизни жуда яхши парваришлар эди.  Паша ярадорларга хат ёзиб берар, жонимизга оро кирарди. Сочлари олтинранг, кўзлари кўм-кўк, яна қарашлари беғубор...  Қон, тўзон, порохлар ичида жони омон қолган  биз  ғарибларга  нажот фариштаси  бўлиб кўринар эди. Ай, болам, урушни насини айтасан?!  Паша...
Суҳбатнинг шу ерига келганда момо кулимсираб, муни ёдиннан Пошо чиқмабди, хароп-эй, деди. Қизи ва невара келин ҳам бир-бирларига қараб жилмайишди.
Аччиқ ва ширин хотиралари билан банд бобо бу кулишма ва гапларга умуман эътибор бермай, сўзида давом этди:
- Госпиталда  етти ойга яқин ётиб даволандим. Уйдагиларга биринчи хатимни шу госпиталдан ёзганман.  
Гап орасида бобо дастурхонга қараб, олиб ўтиринглар, деди. Муҳими хотини, қизи, невара келини, ҳаттоки қоракўз  чўвлиқлари ҳам  ҳикояларни биринчи маротаба  эшитаётган каби хонтахта теварагидан жилмадилар. Бобонинг қулфи-дили очилиб, Хивачасига айтганда, ҳазатиб сўллашди. Қоррилиқ қурсин, Махтумқули ойтгониндий, «дард ёмони қоррилиқдир, ёронлар», деб суҳбат қизиганида  танасидаги оғриқларни ҳам  унутгандай бўлди гўё. 
- Госпиталдан  бутунлай тузалиб, ўз оёғингиз билан юриб қишлоққа қайтиб келганмисиз?
- Нерда... Қарийб етти ой даволаниб ҳам белим  дим тузалиб кетмади. Қўлтиқ таёқ бердилар. Уйга ҳам шу билан кириб келганман...
Уйимизга яқин  айланмада Норим ота деган қишлоқдошим бозордан анжир сотиб  қайтаётган экан. Мени таниб, қучоқлашиб кўришди. Қийинчилик замони бўлса-да,  бечора онам менга атаб қора қўчқор боқиб қўйган экан. Шуни сўйиб, худойи қилдилар.
...Тузалиб- тузалмай, колхозга ишга чиқиб кетдим. Ишни табелчиликдан  бошладим.Вазият   жуда оғир.  Уруш боис  кўп эркаклар ёт элларда. Қиз- жувонлар кўп. Кунни тунга улаб оғир ишларни  бажаришар, баъзан тонггача машъала  ёқиб, ер чопишар, текислашар, чигит  экишарди. Бола- чақаларни ҳам  қаватларида  олиб юришар, ҳаттоки далада кўзи ёришарди. Хуллас, ҳамманинг ризқи ерга  боғлиқ эди.
1948 – 1952 йилларда  ўзим  ўқиган қишлоғимиздаги мактабда хўжалик  ишлари бўйича  директор  ўринбосари лавозимида  ишладим.  Уруш тугади. Аммо,  урушнинг асоратлари одамлар  қалбида ҳам, турмушларида ҳам аччиқ из қолдирди. Йўқчилик  ёмон-да, болам. Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ йил барака қочади, дейдилар. Тўрт  йиллик машъум уруш қирқ йиллик насибамизга таъсир этгандир-ов...  Не-не забардаст йигитларга  қадрдон  гўшаларига қайтиб келиш, сулув ёрларига етишиш насиб қилмади. Мен эса  қўлтиқ  таёқда юриб келган бўлсам-да, вақт ўтиб тузалдим.
Ризқим кўп жойларга  сочилганми, дейман кейинчалик  “Ўзбекистон” ширкат хўжалигида  экспедитор вазифасида ишладим. Сўнг мироб бўлдим...
Гурунг  якунланаётгандай эди. Бобо ўйланиб ўтириб, бирдан, Муҳаммад  Ризо Огаҳий, деб қўйди.  “Нега  дабдурустдан Огаҳийни эслаб қолдингиз?  Китобларини ўқиганмисиз?  Сизга Огаҳийнинг нима алоқаси  бор?” деб сўрадик. “Аждодларимиз мироб бўлишган.  Отам  Машариф  асли қиётлик  бўлиб, улли шоир Огаҳийга қариндош эканлигимизни кўп  айтар эди. Холжон  аммам Қиётда яшаб ўтди. Кўзлари кўм-кўк, буғдой ранг, шаддод аёл  эди. Мироб аждодларимиз – Мунис  ва Огаҳий тўғрисида кўп гапирарди. Ўсмир  пайтларимда  унинг қизиқ ҳикояларига астойдил қулоқ  тутмаган эканман.  Афсус...” 
Бу суҳбатлар  бир  умр ёдда  сақлашга арзигулик. Ажал домидан   бахтли  тасодиф туфайли  омон  чиққан Иброҳим ота Машарипов бугунги кунда   7 нафар  фарзанд, 22 нафар невара, 34 нафар чевара, 3 нафар эваранинг бобоси.  Зарбаларга дош бериб, дориломон кунларга етиб келган  отахон аслида биз учун  тирик  тарих.
Сайёра СОЛАЕВА,
журналист.