SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ЮРАКЛАРДА ЮРТ МЕҲРИ

ЮРАКЛАРДА ЮРТ МЕҲРИ

« Назад

23.01.2015 21:04

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 9 декабрдаги "Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Фармойишига мувофиқ барча жойдагидек, туманимизда ҳам ушбу қутлуғ сана тараддуд асосида кенг нишонланди. Жойларда турли маънавий-маърифий анжуманлар, учрашувлар, спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, туман маданият ва спорт ишлари бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  ўтказилган маънавий-маърифий тадбир таассуротларга бой бўлди. Ҳарбий хизмат бурчини муваффақиятли ўтаётган аскарлар билан бўлган учрашувда туман фаоллари, ижодкор зиёлилар, санъаткорлар вакиллари қатнашдилар.

Бўлиб ўтган тадбир эса чинакам байрам тусини олди. Туман маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати Шоназар Мат-ёқубов ҳарбий хизматчиларни туман ҳокимлиги, ота-оналар ва йиғилганлар номидан байрам билан қутлар экан, юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва мамлакатимиз дахлсизлигини таъминлашда Қуролли Кучлар ҳамда унинг сафларида хизмат қилаётган мард ўғлонларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини фахр билан таъкидлади.

- Болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилардим, - дейди сержант Азамат Холмуродов. - Бугун мақсадимга етиб сафдошларим билан Ватан олдидаги фарзандлик бурчимни адо этаётганимдан ҳурсандман.

Учрашувда шоир Отабек Исмоилов мустақиллик, уруш фахрийлари, она Ватан, меҳр-муҳаббат мадҳ этилган шеърларидан ўқиб берди.

Истеъдодли хонандалар Рустам Дўстжонов, Сирожиддин Собиров ижросидаги қўшиқлар даврадагиларга қувноқ кайфият, кўтаринки руҳ бахш этди. Аскарлар "Лазги" куйига биргалашиб рақсга тушдилар. Урганч санъат коллежи ўқитувчиси Акбар Қурбонов, педагогика коллежи талабаси, Зулфия номидаги  давлат мукофоти соҳибаси Насиба Роминова ҳарбийларни байрам билан қутлаб, ўзлари чизган расмларни совға қилдилар.

Аскарлардан Фахриёр Каримов ватанпарварлик мавзуида ўзи ёзган шеърни ўқиб берди.

- Бугунги учрашув биз ҳарбийларнинг байрам қувончимизга  қувонч қўшди, - дейди ҳарбийлар номидан Темурбек Норбоев. - Юракдан билдирган тилаклар, фахрбахш сўзлар барчамизни она - Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга, уни ишончли ҳимоя қилишга ундайди.