SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ВЬЕТНАМ ТЕХНОЛОГИЯСИ АСОСИДА

ВЬЕТНАМ ТЕХНОЛОГИЯСИ АСОСИДА

« Назад

26.05.2018 08:11

Мамлакатимизда ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий салоҳиятини ошириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигининг барқарор ўсишига имкон яратувчи фаол тадбиркорлик ҳаракатлари қўллаб-қувватланмоқда.
Инновацион ғоя ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишга, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай имкониятлардан унумли фойдаланган ишбилармон ва тадбиркорлар дадил ҳаракатлари туфайли ибрат олса арзигулик  натижаларга эришмоқдалар.
Фаол тадбиркор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Отабой Оллаберганов ана шундай элдошларимиздан бири. У фарзандлари, ҳамқишлоқлари билан биргаликда кўптармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиб, балиқчилик ва бошқа соҳаларда қувонарли натижаларни қўлга киритмоқда.
Ўтган йили Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулот-лари жумладан, балиқ      етиштириш, уни қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича билдирган кўрсатма ва тавсиялари асосида хайрли ишга қўл урилди. Вьетнамлик мутахассислар билан ҳамкорлик асосида Чинобод  қишлоғидаги жами 400 гектарлик “Эшонработ” табиий сув ҳавзаси негизида интенсив усулда балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича фаолият бошлаб юборилди.
Вьетнамдан тажрибали мутахассислар таклиф этилди. 10 гектар репродуктор сунъий ҳавзалар барпо қилинди.
 Интенсив усулда бу тарзда балиқ етиштириш маҳсулот етказиб бериш ҳажмини одатдагидан  ўн ҳисса ошириш имконини яратади.
Шу тариқа “Хоразм балиқ саноат агро” МЧЖ ташкил этилиб, Ипотека банк ҳамкорлигида умумий лойиҳа қиймати 10,8 млрд. сўмни ташкил этувчи балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш мажмуаси, унинг таркибида маҳсус омухта ем цехи ва консерва заводи барпо этилди. У йилига 500 тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаб консерва ва балиқ сосискалари ишлаб чиқариш қувватига эга.
 Ўтган якшанба куни халқимизни  ва хорижлик буюртмачиларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ана шу корхона тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бу ерга вилоят раҳбарлари, балиқчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов қатнашди ва ўз фаолиятини бошлаган жамоага эзгу тилак-ларини билдирди.
Шунингдек, меҳнат фахрийлари номидан Қ.Маткаримов, фермер хўжалиги раҳбари О.Олла-бергановлар сўз олиб, фикр-мулоҳаза ва ташаккурларини изҳор этишди.
Йиғилганлар консерва заводи ва омухта цехи иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Шу жойнинг ўзида вилоятдаги балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари, банк ва бошқа қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ташкилотлар мутасаддилари иштирокида кенгаш ўтказилди. Вилоят ҳокими ўринбосари Ў.Машарипов раислигида бўлиб ўтган анжуманда балиқчилик ва  қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди. 
Тадбирларда Хива тумани ҳокими вазифасини бажарувчи О.Матяқубов ва тумандаги ҳудудий секторлар раҳбарлари иштирок этдилар.
– Хорижлик ҳамкорлар билан иш ва тажриба алмашиш жараёнида бир нарсани аниқ билиб олдик, - дейди О.Оллаберганов. - Балиқчиликда юқори самарадорлик энг аввало, унинг озуқа таркиби ва сифатига боғлиқ экан. Янги ишга тушган соатига 6 тонна маҳсулот  ишлаб чиқариш қувватига эга цехимиз орқали балиқчиликка ихтисослашган бошқа хўжаликларни ҳам озуқа билан таъминлаш имконияти юзага келди.
Яна энг қувончлиси  ҳамқишлоқ-ларимиздан 50 нафар йигит-қизлар, аёллар иш билан таъминландилар.
Халқимизда “Балиқ - ҳалол луқма”, шунингдек “Балиқчилик етти ҳазинанинг бири” деган нақл бежиз айтилмаган.
 Фаол тадбиркорларнинг астойдил ҳаракатлари ва иш натижалари мисолида бунинг яққол исботини кўриш мумкин.
О.Исмоилов.
Д. Машарипов (суратлар).
«Хива тонги» махсус мухбирлари.