SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  Ўзбекистон - Туркманистон: ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Ўзбекистон - Туркманистон: ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

« Назад

22.03.2017 03:00

Наврўз - турли миллат ва элатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик, тинч-тотувлик айёми ҳамдир.

Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  давлат раҳбари сифатида хорижий давлатга илк ташрифини 6-7 март кунлари Туркманистондан бошлаганлиги ҳам ташқи сиёсат соҳасида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратилаётганлигининг яна бир ифодаси бўлди.

Ўзбек ва туркман халқлари қадим-қадимдан ёнма-ён аҳил ва иноқ тарзда, яхши кунларда борди-келди қилиб яшаб келганлар.

Бир дарёдан сув ичадиган бу халқларнинг урф-одатлари, қадриятлари, маданияти ҳам бир-бирига ўхшаш.

Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан келгусида ҳар икки давлат ривожига ва манфаатларига хизмат қилувчи турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликка оид  шартнома ва келишувлар имзоланди.

Шу қаторда Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро  вилояти билан Лебап вилояти ҳокимлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзолангани муҳим воқеа бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Туркманобод шаҳрига келдилар.

Бу ерда бўлиб ўтган тадбирларда Хоразм ва Бухоро вилоятлари турли соҳа вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Меҳмонларни Туркманобод шаҳри аҳли қўлларида Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари байроқлари, гуллар кўтарган ҳолатда зўр хурсандчилик билан кутиб олишди.

Ушбу шаҳар яқинида Амударёда қурилган узунлиги 1600 метрлик автомобиль ва 1750 метрлик темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тантанадаги нутқида мазкур кўприклар халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиши ҳамда қайта тикланаётган Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этишини ва минтақа ривожи ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилишни алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбарлари олқишлар остида поездга ўтириб, кўприкдан ўтишди. Шунингдек, меҳмонлар кўприклар олдидаги майдонда ташкил этилган ўзбек ва туркман амалий санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.

Маълумки, Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги яқинликка, ҳамкорлик ривожига асос солган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг катта хизматлари бор.

Буюк сиёсатчи, улуғ давлат арбобига чексиз ҳурмат-эҳтиром сифатида  Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, Биринчи Президентимизнинг бюсти ўрнатилди (суратда). Мажмуада Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари акс эттирилган. Ёнма-ён жойлашган гранитда эса Ислом Каримовнинг "Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик - бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир" деган сўзлари зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Президентлар иштирокида мазкур ёдгорликнинг очилиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари, шунингдек, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ёдгорлик пойига гуллар қўйдилар.

Туркманобод шаҳридаги "Руҳият" саройида Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталари ижросидаги концерт,  шунингдек, сарой фойесида ҳар икки халқ амалий санъати буюмлари намойиши барчага завқ-шавқ бағишлади.   

 

 

- "Ён қўшни-жон қўшни" деган мақол бежиз айтилмаган, - дейди сафар таассуротларини ўртоқлашган элдошимиз, меҳнат фахрийси Отаназар Пирназаров. - Азалдан ўзбек ва туркман халқлари бир-бирига қуда ҳар томонлама яқин. Президентлар раҳнамолигида бу дўстлик янада мустаҳкамланаётгани қувончли самаралар беришига ишонамиз.

-  Икки мамлакат ўртасида бошқа соҳалар қатори маданият, айниқса, туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Имзоланган келишув ва битимлар халқаро сайёҳликни тараққиётига хизмат қилишига шубҳа йўқ, - дейди «Ичон-қаъла» давлат музей қўриқхонаси директори Ботир Давлетов.

- Ташриф давомида мезбонларнинг ўзбек халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини дилдан ҳис қилдик, - дейди Хоразм Маъмун академияси раиси Шавкат Қодиров. - Қаерга борсак, улар томонидан самимият ила "Ўзбек-туркман дўстлиги яшасин!" сўзлари баралла янграб турди. Хивада илм олган, бугун шаҳримизда ҳайкали ўрнатилган Махтумқулига халқимизнинг меҳри қанчалик кучли бўлса туркман халқининг ҳам Навоий бобомизга эҳтироми шунчалик беқиёс.

Ана шу ўзаро меҳр ва сафар таассуротлари туфайли туғилган туйғулар шеър бўлиб, мисраларга жо бўлди.

 

Ҳар недан азиздир дўстлар дийдори,

Кўрганда яшнайди кўнгил гулзори,

Бағрин очди бизга туркман диёри,

Ўзбек-туркман қардошлиги бор бўлсин,

Ҳар икки халқ бахт- иқболга ёр бўлсин!

 

Ўтганларнинг руҳларини шод айлаб,

Қилган хизматларин эслаб, ёд айлаб.

Келмоқдамиз изларин обод айлаб,

Туркман-ўзбек қардошлиги бор бўлсин,

Халқларимиз бахт-иқболга ёр бўлсин!

 

Азалдан бир дарё сувин ичишган,

Юрти учун ҳатто жондан кечишган,

Меҳмон келса бағрин очиб, қучишган,

Ўзбек-туркман қардошлиги бор бўлсин,

Эли-юрти бахт-иқболга ёр бўлсин!

 

Минг таъзим Навоий, Махтумқулига,

Жонлар қурбон чаманига, гулига,

Жаҳон-қойил шон-шавкатли йўлига,

Туркман-ўзбек қардошлиги бор бўлсин,

Халқларимиз бахт-иқболга ёр бўлсин!

 

Елкадошмиз келажакни ўйлашиб,

Буюкларга бўйимизни бўйлашиб,

Қувонайлик байрамларда тўйлашиб,

Ўзбек-туркман қардошлиги бор бўлсин,

Халқларига бахту иқбол ёр бўлсин.

 

Отабек ИСМОИЛОВ,

«Хива тонги» махсус мухбири,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Хива - Туркманобод - Хива.