SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  УРУШНИ УНУТИБ БЎЛМАЙДИ

УРУШНИ УНУТИБ БЎЛМАЙДИ

« Назад

19.05.2017 11:15

ТАРИХ – УЛУҒ
МУРАББИЙ
“Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот уруш” дея тилга олинадиган Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният бошига бемисл кулфат ва катта талофатлар келтирди. Уруш ўзбек халқини ҳам четлаб ўтмади.
Ўзбекистон аҳолиси уруш бошланган пайтда 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион нафари, яъни қурол кўтаришга қурби етадиган одамлар урушда қатнашган. Улар орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалоқ бўлганини, яна қанчадан-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини, қанчаси бедарак йўқолганини ҳисобга олсак, бу ғалаба халқимизга нақадар қимматга тушгани аён бўлади.
Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан республикамизга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз бағрига олди, бошпана берди, бир бурда нонини бирга баҳам кўрди.
Тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Ҳамид Самадов 12, самарқандлик Фотима Қосимова 10 болани тарбиялаб вояга етказди...
Орадан 72 йил ўтган бўлса-да, оналаримиз, буваларимиз ҳамон йўл қарайди. Қарай-қарай қанчаси армон билан дунёдан ўтиб кетишди. Энди уларнинг сўнгги армонлари, орзу умидлари Хотира ва Қадрлаш бўлиб юракларимизга кўчган.
9 май байрам тадбирларини телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиб, миллионлаб юртдошларимиз катта ҳаяжон билан томоша қилишди. Оналарнинг ўз жигаргўшаларини фронтга жўнатаётган пайтда удумга кўра бир бурда нонни тишлаётган лаҳзалари, қалбларни ларзага солувчи уруш даври қўшиқлари ҳаммани жунбушга келтирди. Кўзлардан ёшлар оқди.
Оловли йилларни, қора кунларни эслашимиздан мақсад ўтмишдан, тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги авлодимизга Буюк Ғалаба, мустақиллик осонликча қўлга киритилмаганини, тинчликнинг қадрига, уни сақлашга етишлари учун ёдга оламиз.
... Мўътабар отахонларимиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик. Бу ғанимат, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган ҳаётда уларни қанча қадрлаб, имкон қадар умрларини узайтиришга қанча ҳаракат қилсак, икки дунёда асло кам бўлмаймиз.
Агарки, мендан дунёдаги қайси оила энг бахтли, деб сўрашса, мен ҳеч иккиланмасдан кексалари бош бўлиб иззат-ҳурматда ҳаёт кечираётган оила, деб жавоб берган бўлардим”. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг байрамдаги ушбу сўзларини бежиз келтирмадик. Чунки, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олий қадриятдир.

ДАЪВАТКОР СЎЗ

“... Уруш эълон қилишдан олдин умумхалқ сайли уюштириш керак. Худди буқалар жанги томошасида бўлгандай... кейин душман мамлакатларнинг вазир ва генераллари майдонга тушиб, бир-бирлари билан олишсин. Ким енгса, ўша мамлакат ғолиб чиққан деб ҳисобланади. Ҳозир мутлақо нотаниш одамлар бир-бирларини ўлдиришяпти. Кимнингдир буйруғи билан одамларни рақибга айлантирган, бошқа бир буйруқ билан уларни дўстга айлантириш мумкин.”
Шу биргани сўзи учун ёзувчи Эрих Мария Ремаркни гитлерчилар немис фуқаролигидан маҳрум этишди. У урушда маънавий шикастланган авлод ҳаётини акслантирувчи адабий оқим намояндаси бўлди. “Йўқотилган авлод”, “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” китоблари учун Нобель мукофотини олган адиб умрининг охиригача ўз қарашларига содиқ қолди...
Урушда қаҳрамоннинг юраги жанг қилади, дейишади. Ҳамшаҳримиз, шоир Лочин Хон 25 ёшида ҳарбий хизматга отланади. Унинг ҳарбийлик фаолияти 1939 йилдаги Финляндия урушига тўғри келади. Шундан сўнг у Ғарбий Украинанинг Шепетовка шаҳри яқинидаги чегара қўшинлари сафига жўнатилади.
Навқиронлик йилларида битган лирик шеърлари, ғазал ва соғинч мактубларини шоир ижодининг энг гуллаган даври маҳсули дейиш мумкин. Юрак қўри билан ёзилган асарларида унинг Она диёрига, халқига ва ёрига бўлган меҳр-муҳаббати ўз ифодасини топган.

Мен кетаман тоғ, дарёлар ошиб,
Муқаддас бурчимни адо этгали.
Халқ, Ватан ҳимоясига отландим,
Ёв бошин танидан жудо этгали.

Эй қуёшли чаман Ватаним,
Сенга совғам – юракдан салом!
Сенинг учун бахш этдим таним,
Лочинингман унутма номим!
Ғалаба онларини кўриш Лочин Хонга насиб этмади. Ҳарбий хизматининг тугашига саноқли кунлар қолганда, 1941 йил 22 июнда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Жангларнинг бошидаёқ Украинада Ватани, халқ озодлиги учун фашист босқинчиларига қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлди... Ундан “Салом” деб номланган шеърий китоб ва оиласига, яқинларига йўллаган ўтли, ҳароратли мактуб-лар қолди.
Лочин Хон урушда жон олиб, жон берган, омон қайтмаган минг-лаб ватандошларимизнинг бири. Келажак орзу-умидлари бир дунёлигича улардан ўчмас ном, унутилмас хотира қолди.
УНУТИЛМАС
УЧРАШУВ
“Бутун инсоният тақдири хавф остида қолган суронли бир даврда тинч-осойишта ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги учун жасорат ва матонат кўрсатганингиз, тинч меҳнат йилларида элу юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилганингиз барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат мактабидир...”
Президентимизнинг 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан тинч ва осуда юртимизда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган мактубидаги ушбу сатрларидан қувониб, уруш ва меҳнат фахрийси Абдулла ака шундай дейди.
- Мен нафақат табрик мактубини олдим, балки Тошкентда Президентимизнинг биз фахрийларни қабул маросимида ҳам иштирок этдим. Нутқларини зўр эътибор ва катта ҳаяжон билан эшитдим. Айниқса, у кишининг ҳар биримиз билан учрашиб, қўл бериб, хол-аҳвол сўрашгани кўнглимизни тоғдек кўтарди. Уйга қайтгандан сўнг атрофимни фарзандларим, невараларим, қариндошу қўшниларим ўраб олишди. Унутилмас учрашувдан олган таассуротларимни ҳикоя қилиб бердим. Ҳали бундай учрушв, дилдан мулоқот бўлган эмас. Ахир, Давлатимиз раҳбари бизни алқаб “Мўътабар отахонларимиз, меҳрибон оналаримиз – бошимиздаги тожи давлатимиз” дедилар.
Жангу жадалларда хивалик мард, жасур ўғлонлар ҳам иштирок этдилар. Улардан кўпчилигига қадимий диёрга қайтиб келиш насиб этмади. Ватан равнақи, юрт осойишталиги йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз ёди ҳамиша қалбимизда, юрагимизда. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш эса, Президентимиз таъбири билан айтганда одамийликнинг энг олий мезонидир.
Ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, фашизмга қарши курашда нобуд бўлган юртдошларимизнинг хотирасини, жасоратларини унутиш мумкин эмас, унутиб бўлмайди.
“Хотира майдони”да 18-20 ёшида ҳалок бўлган элдошларимизнинг зарҳал ҳарфлар билан ёзилган номларига кўзимиз тушса, гўё уларнинг руҳлари кезаётгандек туюлади. Биз ҳар гал Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабани Хотира ва Қадрлаш тимсолида улуғлаймиз ва нишонлаймиз.
Хотира ҳамиша халқ қалбининг уйғоқ нигоҳи, Қадр эса миллатимизнинг энг олий қадриятидир.

Ш.МАШАРИПОВ,

ТАҲРИРИЯТДАН: Бундан йигирма икки йил муқаддам ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан “Хотира китоби” нашр этилган эди. Табиийки юртдошларимизнинг жангоҳларда кўрсатган матонат ва жасоратларини битта ёки иккита китобда акс эттириш қийин. Шу боис таҳририят журналистлари янги топилган манбалар, жангчиларнинг яқинларига йўллаган мактублари, суратлар ва бошқа тарихий ҳужжатлар асосида ушбу тўпламнинг давомини яратишдек савоб ишга қўл урдилар.
Истардикки, бу хайрли ва эзгу ишларда элдошларимиз ҳам фаол иштирок этиб, фронтдан йўлланган ёки фронт орти манбаларини бизга тақдим этсалар, айни муддао бўлур эди.
Мактубларингизни кутамиз, азизлар!