SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ЎҚУВЧИ МАКТАБДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАЯПТИ?!

ЎҚУВЧИ МАКТАБДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАЯПТИ?!

« Назад

02.12.2017 05:02

Омонатгина тор жойда сабзидан тайёрланган салатни булочка ўртасига солиб, устидан “Кетчуп” ва “Майонез” томизиб бола қўлига тутқазадиган сотувчига 12-сон умумтаълим мактаби олдидан ўтаётган йўловчилар нигоҳи тушган бўлиши керак. Танаффус пайти бу ерда болалар қатор-қатор тизилиб турганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ҳаво иссиқ пайтлари томи ёпилган, тўрт тарафи очиқ бу мўъжазгина жой, кунлар совиши билан атрофи қалин плёнка билан ўраб олинади.
Бу ердан сотиб олинган “Ҳот-дог” ларнинг ҳеч бири болалар қўлига салафан пакетга ўраб берилмайди. Маҳсулотнинг ўзи гигиена талабларига жавоб бермайдиган жойда тайёрланадию уни яна гигиеник қоидаларга амал қилмай ҳаридор қўлига тутқазишади.
- Ҳар куни эрталабдан қизим “ойи 1000 сўм беринг” дейди. Бу пулга “Ҳот-дог” олиб ермиш.
Ҳар куни унга пул беришга имконим бўлмайди. Пишириқ ёки у-бу тайёрлаб, сумкасига жойлаб бераман. Аммо барибир ҳафтада 2-3 бора пул бераман ва унга “Ҳот-дог” ёки қотирилган нон (сухарики) олишини хоҳламасдим. Бироқ, синфдошлари, мактабдошлари қўлида бу каби маҳсулотларни кўрганда қизимнинг ҳам егиси келади, - дейди 12-сон мактабда ўқийдиган қизнинг онаси Шаҳноза.
Шаҳардаги 1-умум-таълим мактаби атрофидаги манзаралар ҳам кўпчилигимизга таниш. Компьютер ўйин хоналари, овқатланиш жойларида мактаб ўқувчиларини қатор-қатор туриб навбат кутаётганини кўриш мумкин.
Хўш, мактаб ошхоналарида ўқувчиларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланаяптими? - деган ҳақли савол туғилади.
Шу ўринда шаҳар ДСЭНМ болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўйича санитария врачи Гулшода Каримованинг фикрларини келтириб ўтмоқчимиз:
- Умумий ўрта таълим мактабларда, лицей ва коллежларда ўқувчиларнинг овқатланиши тартибга солинган бўлиши лозим. Овқат таркибидаги моддалар сарфланган энергия ўрнини қоплаши ва ўсаётган организм учун пойдевор хизматини ўташи керак. Овқатда оқсил етишмаса, бола ўсишдан орқада қолади, тана вазни камайиб, турли юқумли касалликларга чалиниши мумкин.
Сут маҳсулотлари, гўшт, тухум ва балиқ оқсил манбаи ҳисобланади. Мактаб ўқувчиси ҳар куни 500-600 мл сут ичиши керак. Витаминларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали.
10-13 ёш болалар организмида юқори даражада ўсиш даври ҳисобланади. Бу пайтда суякларнинг мустаҳкам бўлиши учун кальций етарли бўлиши талаб этилади. 14-16 ёшли ўсмир организмдаги гормонал номутаносиблик сабаби юз терисида ҳар хил тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабдан ёғли, қавурма овқатлардан кўра, қайнатма, димлама овқатларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.
Афсуски, мактаб ўқув-чилари ширин, газли ичимликлар ичиш, “бургер”, “чипс”, “фаст-фуд”, яьни йўл-йўлакай ейиладиган маҳсулотларни тановул қи-лишга мойил бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси санитария нормалари қоидалари ва гигиена нормативларининг 8-иловасига мувофиқ “Таълим муассасаларида умум овқатланиш учун рухсат этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар рўйхати”дан 43 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомномалар ўрин олган.
Энди шу ўринда ўринли савол туғилади: таълим муассасаларининг ошхона ва буфетларида нега рухсат этилмайдиган маҳ-сулотлар сотилишига йўл қўйилмоқда?
Азиз ота-оналар! Сиз мактабда фарзандингизнинг қандай овқатланиши билан қизиққанмисиз? Истеъмол қилаётган маҳ-сулотлар сифати билан бориб танишганмисиз?
Мактаб маъмурияти бу ҳолатлардан қанчалик хабардор? Ўқувчиларнинг мактаб ёки унинг атрофидаги ошхоналарда қандай овқатланишларини билишармикан?

Шахруза Матёқубова,
“Хива тонги” мухбири.

Таҳририятдан: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида” ги Қарори бўйича шаҳар ва туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларида ҳамда коллежларда қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?
Шу ҳақда улардан тегишли жавоб кутамиз ҳамда кенг жамоатчиликни ўйлантираётган, ташвишлантираётган ушбу долзарб мавзуга яна қайтамиз.