SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ ҚАЧОН ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ?

ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ ҚАЧОН ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ?

« Назад

20.01.2018 08:12

Ассалому алайкум таҳририят!
Мен ҳам газетангиз мухлисиман. Ҳар сафар “Хива тонги” газетасини қўлга олганимда шу замин тонгининг ифори таралгандек сезилади. Ўтган 2017 йил Президентимиз ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниб, халқимизнинг муаммоларини бартараф этиш учун қарор ва фармонлар қабул қилинди. Айниқса, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни хал қилиш учун давлатимиз томонидан чора-тадбирлар кўрилди ва кўрилмоқда.
Мен ҳудудимиз аҳоли-сини қийнаб келаётган бир муаммо тўғрисида ёзмоқ-даман.
Бизлар Гандимён қиш-лоғи, “Ангарик” маҳалласи, “Газкомпрессор йўли”нинг жанубий қисмида яшаймиз. Бу чекка ҳудудда ҳам ҳозирда пахта қабул қилиш маскани, бир қанча корхоналар, мол бозори, намунали уй-жойлар қурилиб, аҳоли гавжумлашиб бормоқда.
Маълумки, аҳоли вакиллари турли юмуш, иш учун, ёшлар ўқиш учун шаҳарга қатнайди. Лекин бизнинг ҳудуддан марказга қатнайдиган жамоат транспорти йўқ. Шаҳар деҳқон бозоридан маҳалламизга қатнайдиган “Дамас” ва бошқа русумли киракаш машиналар ҳайдовчилари бозор ёнидан минмоқчи бўлсангиз “Биз у томонга бормаймиз, қачонки айтган пулимизни берсангиз ўтамиз”, дейишади. Қанча пул бўлади, деб сўрасак, таниш-билиши, одамига қараб 5-6 мингдан 10 минг сўмгача сўрашади. Кунда ўқишга қатнаб, илм олаётган болажонларни ҳам аяб ўтиришмайди. Улар ёзда иссиқ, қишда совуқда ночор қолишади.
Минган чоқда ҳам ҳудуддаги 23-умумтаълим мактаби, ёки тўйхонагача ҳар одамга 1000 сўмдан олиб у ёғига бормаймиз деб ярим йўлда ташлаб кетишади.
“Дамас” ойналарига “Деҳқон бозори - мол бозори” деб хўжакўрсинга ёзиб қўйишади холос. Киракашлик қилиш учун рухсатнома айримларида бор, кўпчилигида умуман йўқ. Борлари ҳам қоидага амал қилишмайди, муомала маданиятини билишмайди.
Уларнинг фаолиятини назорат қиладиган ташкилотлар қаерга қарашяпти? Энг муҳими, аҳоли номидан илтимосимиз - шаҳардан ҳудудга қатнайдиган жамоат транспорти яъни автобус қўйиб беришларини сўраймиз.
Қувондиқ ОТАЖОНОВ,
“Ангарик” маҳалласи.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Мактубда қайд этилган муаммо, ўйлаб қаралса, бошқа ҳудудлар учун ҳам долзарб саналади. Жумладан, бир вақтлари Ал-Хоразмий, Пишканик маҳаллалари ва Хива шаҳри оралиғида қатнаган 7-йўналишдаги автобуснинг мана бир йилдирки, тўхтаб қолгани ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётир.
Аҳолининг кундалик юмушлари учун шаҳарга қатнови турган гап. Бунинг устига қишлоқ жойларидан кўплаб ўқувчи ва талабалар ҳам шаҳар марказидаги мактаб ва коллежларга қатнаб ўқишади.
Қишлоқ жойларидан, шунингдек, шаҳар ички ҳудуди, масалан, Янгиобод шаҳарчасидан шаҳар маркази оралиғида йўловчи ташиш учун ҳали-ҳалигача жамоат транспорти автобуслар қатнови йўлга қўйилмаётгани тушунарсиз ҳолат. “Дамас”лар қатнаб турибди-ку, дейиш мумкин. Лекин мактубда келтириб ўтилганидек, уларнинг тегишли тартиб-қоидада фаолият кўрсатаётганлиги талаблар даражасида назорат қилинмаётганлигини ҳеч инкор қилиб бўлмайди. Мактабдан чиқиб, уйига қайтаётган гуруҳ-гуруҳ бўлиб, илтимос қилиб қўл кўтарса ҳам болаларни машинаси бўш бўлса ҳам миндирмасдан ўтиб кетган (айримларини ҳисобга олмаса) киракашларни кўп кўрганмиз.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари тегишли бўлимлари, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автоуюшмалар, бу ишга дахлдор бошқа идоралар мутасаддилари ушбу масалада тегишли чораларни амалга оширадилар, деган умиддамиз.