SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ТОМОРҚА – ЧИНАКАМ ХАЗИНА

ТОМОРҚА – ЧИНАКАМ ХАЗИНА

« Назад

19.05.2017 11:02

Мамлакатимиз ўзига хос тупроқ ва иқлим шароитига эга. Ундан тўғри ва оқилона фойдалана билиш эса меҳнат аҳли учун омад ва барака манбаидир. Шу боис Президентимиз қайси вилоят, туман, қишлоққа ташриф буюрмасин, ҳаммани томорқадан унумли фойдаланишга чақиради.
Бизнинг Дашёқ қишло-ғимиз ҳудуди Полвон каналининг ариқча бўлиб тугайдиган қисмида жойлашган. Бу ерларга сув олиб бориш ва томорқа-далаларни суғориш ҳамма даврларда ҳам қийин бўлиб келган. Очиғини айтиш керак, фермерлар, шахсий томорқа эгалари экинларни кўпинча “Сўзалли” кўли ва заҳкашлар сувидан қўшиб суғорадилар. Бу албатта, ернинг шўри ошиб, тупроқ унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Кўп йиллик кузатишларимдан амин бўлдимки, одамларнинг ўз томорқасига ҳамда дала маданиятига, она-табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш лозим. Негаки, эрта баҳордан ариқ ва зовурларни, ички сув шаҳобчаларини қазиб, тартибга келтирган киши ҳеч қачон ютқазмайди. Донишманд ота боболаримиз “Ёп элатнинг қозони, қирғоғи супраси. Сувга тупурма – макруҳ бўлади”, деб ҳамиша уқтириб келишган.
Фермерлар, хонадон эгалари билан учрашиб, мулоқотлар қилганимизда яна шунга амин бўлдикки, ҳали ҳамма имкониятлардан етарли фойдаланилмаяпти. Дала ва ариқ бўйларига ўтқазилган дарахт кўчатлари, шунингдек, ошқовоқ, ловия, маккажўхори каби озуқабоп экинларнинг парвариши кўнгилдагидек деб бўлмайди. Масалан, ҳатто қишлоқда “Машариф ҳосилот” деб танилган фермер хўжалигида ҳам буғдой парваришига, дала атрофларига экилган озуқабоп экинларга сусткашлик билан қаралмоқда.
Шахсий томорқалар, боғлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилганда “Маорифчи” элатидаги Қ.Назаровнинг хонадонида ҳамма экин турларидан экилган. Пиёз, сабзи, картошка, помидор, қовун ҳаммаси ўтдан тозаланиб, озиқлантирилган, 4 та қорамол асраб, иқтисодий имкониятини кенгайтирмоқда. Афсуски, шу маҳалладаги О.Абдураҳмонов хонадонида аҳвол тескари. Томорқа маданиятига эътибор берилмаган. Агар қўшниларнинг тажрибасидан фойдаланилса, аҳвол ижобий томонга ўзгариши шубҳасиз. Ахир қўшни қўшнидан эрта туришни ўрганади, дейишади-ку!
Зеро, “Ер хазина, меҳнат унинг калити. Ерни боқсанг, ер сени боқади” каби халқ мақолларида ҳикмат кўп.
М.МАШАРИПОВ,
21-мактаб директори,  туман Кенгаши депутати.