SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТИМСОЛИ

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТИМСОЛИ

« Назад

22.03.2017 03:05

Наврўз байрами аждодларимизнинг яратувчанлик, янгиланиш, меҳр-оқибат билан боғлиқ ҳаётбахш эзгу ниятларини ўзида мужассам этган умрибоқий қадриятларимиздандир.

Халқ дилида бунёдкорлик, хайр-саховат тинчлик, табиатни ардоқлаш, ризқ-рўз баракасини тилаш каби туйғуларни жўш урдирган бу файзли шодиёна асрлар оша яшаб келмоқда.

Улуғ бобокалонимиз, буюк аллома Абу Райҳон Беруний "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: "Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир" дейди. Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатади.

Қадим-қадимдан Наврўз Шарқ халқларининг энг севимли байрамларидан бири бўлиб келган.

Ўша куни ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтаган, гина-кудуратлар унутилган, аразлашганлар ярашган. Ҳукмдорлар эл  ичидаги энг муносиб кишиларни сийлаб, тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан кечиб, бағрикенглик қилишган.

Наврўз инсонни табиатга яқинлаштирган. Қуёш айни ўша куни ҳаётбахш нурларини тик, яъни 90 даража бурчак ҳосил қилиб, сайёрамизнинг қоқ белига - экваторга йўналтирган. Шу дақиқадан бошлаб, кеча-кундуз тенглашади. Бу Наврўзнинг илк ва қутлуқ қадами бўлиб, шу кундан эътиборан бободеҳқонлар қадрдон даласига ошиқишади, чор-атроф илиқ тафтда яшил либосга буркана бошлайди.

Наврўзнинг қадимий илдизлари милоддан аввалги икки мингинчи йилларга бориб тақалади. "Авесто"да келтирилишича, Наврўзнинг қувонч ва шодлик рамзига айланиши қавм ва қабилалар ўртасида табиатга, унинг яратувчилик кучларига, шунингдек, сув, олов, ҳаво, тупроққа ўхшаш мавжуд унсурларига сиғиниш палласига тўғри келади.

Қадимий одатларга кўра байрам дастурхонида етти "шин" яъни "ш" ҳарфи билан бошланадиган етти хил неъмат: шакар, шарбат, шинни, шароб, шир(сут), шона (тароқ) ва шамнинг бўлиши шарт ҳисобланган. Шам зулмат ва ёвузлик кушандаси саналган.

Баҳор байрами турли халқларда ҳар-хил шакл ва турли номлар билан аталган. Масалан японларда - "Риссон", Хитойда "Чунpпзе", славян халқларида - "Масленница", Марказий ва Ўрта Осиё халқларида эса "Наврўз" ёки "Йил боши" деб ном олган.

Мумтоз адабиётимиз вакиллари, улуғ шоир ва ёзувчилар ҳам Наврўз, баҳорга гўзал назмий таъриф берганлар.

Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоийнинг

артунинг қадрўлибон,

ҲартунингўлсинНаврўз

каби сатрлари, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг

Илоҳи ҳаркунингНаврўзўлсин,

Толеинг ҳамишаФерузўлсин

сингари байтларини ёдга олар эканмиз, бу муборак айём азал-азалдан эзгуллик тимсоли сифатида ардоқланганига амин бўламиз.

Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби юртимиз маданий-маънавий ҳаётида ҳам жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ҳали собиқ  шўро ҳукумати даврида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1990 йил 3 майдаги Фармони билан 21 март - мамлакатимизда Наврўзнинг умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилиниши тарихий воқеа бўлган эди. Бу қадриятларимизни тиклаш йўлидаги дадил қадам бўлди.

Фақат  бугина эмас. Наврўз умум жаҳон байрами сифатида ҳам тан олинди.

2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхатига киритилди. Зеро, Наврўз байрами элимизда ободлик, тинч-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрамдир.

Наврўз қут-барака, ризқ-рўз, яхшиликка хизмат қилувчи урф-одатлар ва анъаналарни ўзида жам этган.

Кўнгилочар сайллар, турли халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, ашула ва рақслар, сумалак базмлари, завқ-шавққа тўла томошалардан ташқари Наврўз кунлари кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, хайр-саховат тадбирлари ўтказиш, ўтганлар хотирасини ёдлаш, кўча-майдонлар, қабристонларни ободонлаштириш каби ишлар ҳам ўзаро ҳамжиҳатликни, ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда Наврўз - миллат, қадрият ва анъаналаримиз тимсоли, янгиланиш, яшариш айёмидир.

И.ОТАБОЕВ.