SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  МАНГУЛИК САОДАТИ

МАНГУЛИК САОДАТИ

« Назад

19.02.2018 14:02

Шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким 70 йиллигига

МАНГУЛИК САОДАТИ

Матназар ака ҳақида замондошлари билганлари бамисоли уммон кабидир, балки. Яқин мухлисларидан бири сифатида менинг хотираларим эса денгиздан томчи холос.

Мен у кишининг Хивада ўтган йилларидан, хусусан, Маъмун академиясидаги илмий-бадиий фаолияти ҳақида сўз юритмоқчиман.

Академияни қайта ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарорини Матназар ака мамнуният билан қарши олди. Унга биринчилардан бўлиб аъзо бўлди. 1998 йилдан то умрининг охиригача бу қутлуғ даргоҳда ижод қилди.

Матназар аканинг илмий фаолиятини ўрганганда масаланинг иккита муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Булар ҳам шоирлик, ҳам таржимонлик маҳоратидир. Айнан академияда унинг бошқача истеъдод қирралари намоён бўлди. Навоий, Огаҳий, Мирзо Бедил, Паҳлавон Маҳмуд асарларини форсийдан маҳорат билан таржима қилди. Тинимсиз изланишлари натижаси ўлароқ “Азизлар анжумани” китоби юзага келди. Академия Матназар акага том маънода янгича ижод қилиш ва кенг имконият эшикларини очди.

***

МАТНАЗАР АКА ҲАЁТИНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

Матназар ака 2010 йил август ойи охирларида оғирлашиб қолдилар. Деярли ҳеч қаерга чиқмас, шифокорлар назоратида бўлдилар. Касалхонада ётиб чиққанларидан сўнг  шоир шогирдлари Жўшқин, Отабек билан хонадонига бордик. Тўрдаги кичик уйда холи ётган экан. Бизни кўриб зўр-базўр оёққа турдилар. Турмуш ўртоғи Марямжон опа чой дамлаб келдилар.

Озгина шеърхонлик қилдик. Жўшқин ўз боғидан узилган мевалардан тайёрланган шарбатдан тортиқ қилди... Бу бизнинг охирги учрашувимиз эди. Кейин тез-тез телефонда гаплашиб турдик. Охирги марта вафотидан уч кун олдин яна телефонда ҳол-аҳвол сўрашдик.

- Ким бу? Мени танимадилар.

- Шержон.

- Менинг иккита Шержон қадрдоним бор. Бири Янгибозорлик...

- Хивадан.

- Э, Шержонбой кечиринг, танимабман.

Мен туманимизда пахта йиғим-терими мавсумига оммавий тарзда киришилаётганлиги муносабати билан газетага шеърий шиор зарурлигини билдирдим.

Матназар ака мақсадимизни дарров тушунди. Ҳар йили ҳосил мавсумида ажойиб шиорлар топишга ёрдам берар, ўзлари ҳам чиройли мақолаларни муштарийларга илинардилар.

Сал мазам бўлмай турибди. Агар иложини топсам таҳририятга ўтаман. Ҳаммага салом айтинг.

Орадан икки кун ўтиб, сентябрнинг ўрталари чамамда, яна телефон қилдим. Бу гал Марямжон опа олдилар

 

 

- Ҳозиргина ухладилар, - деди опа. – Кечаси билан қийналиб чиқдилар. Телефон қилиб турганингиз ҳам яхши. Аҳволи олдингидай эмас. Нима бўлса бахтимиздан кўрамиз.

Орадан яна икки кун ўтиб, кечқурун қишлоқ хўжалиги бўлимида жойлашган “Пахта штаби”да турганимда ҳоким ёрдамчиси Илҳомбой Ибрагимов телефон қилди.

-          Матназар ака оламдан ўтдилар.

Турган жойимда қотиб қолдим. Тилим айланмас, бошим гувилларди.

- Ҳоким бува ҳамма хивалик ижодкор шогирдларига, яқиндан билган таниш қадрдонларига айтишни тайинлади. Эртага...

Наҳотки. Дарров-а. Умр деганлари шунчалик қисқами... Уйга қандай алпозда етиб келганимни билмайман. Бир пайт яна телефон қилишди. Ўғиллари Музаффар:

-          Отамизни бериб қўйдик. Ҳозиргина... деди йиғлаб.

Мен Музаффарни юпатмоқчи бўламан, кошкиди мени юпатадиган одам топилса...

- Бардам бўл, ука. Ота-она ўтиши мерос.

Эртаси куни шоир шеъриятининг яқин мухлислари, шогирдлари Давлатназар Юсупов, Рўзмат Солаев, Жўшқин, Раҳимбой Каримов бирга Матназар аканинг хонадонига бордик. Кўчага одам сиғмасди. Нукус орқали Тошкентдан (шу кунларда Қорақалпоқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберган Каипберганов 82 ёшида вафот этган эди, шоирлар Иқбол Мирзо, Усмон Азимов, Шуҳрат Жабборов, Янгибой Қўчқоров, Набижон Боқий етиб келишди. Вилоятимизнинг биринчи ҳокими, кўп бор Матназар акани ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаган Маркс ака Жуманиёзов (Оллоҳ у кишини ҳам марҳаматига олган бўлсин) афсус билан бош чайқади.

- Шундай улуғ истеъдод эгасини қора ер бағрига тортса-я. Қандай чидаш мумкин?!

...Қуръон тиловат қилинаётган пайтда одамлар қаршисида оппоқ капалак чарх ура бошлади. Гўё еру осмон, барча тирик мавжудод ҳам улуғ шоирга мотам тутаётгандек эди гўё...

Капалак то тиловат ўқиб бўлгунча қанот қоқишини тарк этмади. Сўнгра самога парвоз қилди. Ажаб холат...

Шоирнинг яқин шогирдлари Рўзимбой Ҳасан ва Отабек Исмоилов ёстиғининг тагидан ён дафтарчасини топиб олдилар. Унда шундай тўрт қатор шеър ёзилган экан:

Бизлар ўлмагаймиз

                   Сизларнинг ёдлов,

Жон бахш этар хатто

                         марҳум жонларга.

Қайтгаймиз бизларни

                             йўқлаган захот,

Тирилиб муборак

                                      хонадонларга. 

Матназар аканинг сўнгги 10-12 йиллик ҳаёти ва ижодий фаолияти бевосита Хивада Маъмун академиясида давом этди. Катта илмий ходимликка таклиф қилишганида бажонидил розилик билдирди. Айнан шу йиллари ижоди янада гуллаб яшнади. Кўҳна қалъа унга янгича илҳом, куч-қувват, кўтаринки руҳ бағишлади. Бутун вужудидан шеър ёғилиб турарди.

Деярли ҳар куни Хивага, таҳририятимизга ҳам келиб турардилар. Дарров бирорта шеър ёки публицистик мақола ундириш мақсадида ўзига алоҳида хона ажратардик. Шу йилларда “Хива тонги” газетасида йигирмага яқин публицистик мақолалари босилди.

Мангуберди ва Огаҳий юбилейларига бағишлаб “Биз суянган тоғлар”, Ҳазрат Паҳлавон Маҳмуд ҳақида “Топмоқ тилагим дилингда ўз жойимни...”, “Ассалом, пири комил!”, “Остонадаги дийдор”, Навоийхонликка “Бир байт мўъжизаси”, “Иймон туҳфаси”, матбуот ходимлари кунига “Қўрғошин ҳиди” каби ўнлаб, илмий-бадиий, публицистик мақолалар шулар жумласидандир.

-Энди буларни алоҳида китоб қиламан. Сизлар менга катта ёрдам бердинглар, - дерди.

Матназар ака гоҳида – қани эди имконият бўлса, бирорта газетанинг махсус мухбири бўлсам, -  деб астойдил ҳавас қилардилар.

- Аслида ҳаётнинг махсус мухбириман, мен! Таниқли ёзувчилар уруш йилларида ҳарбий газеталарнинг мухбири бўлишган. Константин Симонов машҳур “Мени кутгил!” шеърини кемада ёмғир ёғаётган, бомбардимон пайтида, тиши оғриб, шинелини пана қилиб ёзган экан. Шоир ҳашаматли жойда шеър ёзмасдан қийин вазиятларда ёзса, таъсирли чиқади.

Шу кезларда уруш ва меҳнат фахрийси, Қўшқўпир, Янгибозор, Ҳазорасп туманларида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Мадамин Ражабов ҳақида китоб тайёрланадиган эди. Матназар ака жанговор йилларга бағишланган шеърларини, Михаил Дудиндан ҳамда Мадамин ота ҳақидаги Анатолий Безворховнинг “Манғитлик қаҳрамон” ҳужжатли қиссасининг таржималарини бердилар. Китоб Тошкентда “Янги аср авлоди” нашриётида “Ибратли умр ҳикояти” сарлавҳаси билан босилиб чиқди. Беҳад севиндилар. Афсуски бу унинг сўнгги китоби эди...

***

Матназар ака билан Ичон қалъани тез-тез зиёрат қилиб турардик. Мадраса, миноралар пештоқидаги ёзувларни дарров ўқиб, маъносини тушунтириб берардилар.

-Адабий-бадиий журнал билан Хиванинг маънавий оламини бойитиш керак, - дердилар, - Мен ҳам Сизларнинг аъзонгиз бўлардим.

Афсуски турли важ-карсонлар билан журнал чиқариш режаси орқага сурилди. Лекин Матназар ака таҳририятимиз қошида “Ирмоқ” адабий уюшмасини ташкил этишга, биринчи қалдирғочлари билан суҳбат уюштиришга бош-қош бўлдилар. “Шеърият карвони” янги рукнини ўзлари биринчи бўлиб бошлаб бердилар.

...Маъракалари ўтгандан сўнг хонадонига бориб, хол-аҳвол сўрашдик. Турмуш ўртоғи Марямжон опа билан суҳбатлашдик. Охирги кунлари қийин кечганлигини гапириб бердилар.

Шифохонада осма укол қуйишган экан, қабул қилолмабди. Янги шогирдлари Маҳмуд Ражаб, Шуҳрат Маткарим ёнида бўлди.

- Мени уйга олиб кетинглар, - деди илтижо қилиб.

Уйга қайтганимиздан сўнг пулси йўқолиб қолди. Халиям юраги бақувват экан. Кимни кўрса, жимгина қўлини узатаверди. Олдинроқ шифохонада ҳамшира қиз йиғлаб:

- Опажон, Матназар акани тезроқ Тошкентга малакали шифокорлар кўригига олиб боринглар, - деганди. Унамади. Энди бошқа безовта қилгиси келмади, чоғи. Ҳозир шунга армон қиламиз. Қандли диабети хатто 35 га чиққан пайтлари ҳам бўлди. Қандай чидаган экан?

-  Пул топилади, дўст топинглар, - дерди доим. – Ким билан дўст тутинган бўлсам, улар билан борди-келди қилишни унутманглар. Кўп иш қилишим керак эди, таржималарим қолиб кетаяпти. Афсус улгуролмаяпман. Навоий, Паҳлавон Маҳмуд руҳлари олдида қарздорман.

Марямжон опа оғир кунларда оиласига ҳам моддий, ҳам маънавий кўмаги учун Элликқалъа, Хива туманлари ҳокимликларига миннатдорчилик билдиришимизни сўради.

Тошкент шаҳридаги “Шарқ” чойхонасида ўғли Музаффар ва Рўзимбой Ҳасан ташаббуси билан Матназар аканинг йигирмалиги ўтказилди. “Мангулик жамоли”, “Жавзо ташрифи” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов амри маориф ўқиди. Қори ака ҳам шоир шеъриятининг яқин мухлисларидан экан.

Мотам кунларида хали ўқувчи шогирдларидан бири Зебо Юсупова азиз устоз хотирасига бағишлаб, мана шундай ўтли-хароратли сатрлар битди:

...Энди ернинг юзи қолар хувиллаб,

Энди ернинг ости кетади гуллаб,

Шеърият азалар тутада қақшаб,

Тупроқ-чи, ашула айтади яшнаб.

Ишонч туйғусидан қиларлар гумон,

Тан олмай ваҳмга тушар юрак.

Бебаҳо инсонни бағрига босиб,

Тупроқ ҳам бахтидан қувонса керак.

Наҳот шундоқ шоири замон ўтди,

Наҳот бу кун синди юрак ҳам метин.

Наҳотки шеърият қолди ногирон,

Наҳот шундоқ шеърлар қолмоқда етим.

Сизга дунёларча меҳрим ҳақиқат,

Ҳайратдан ҳаваслар қилганларим рост,

Менга қалбингизни қилинг омонат,

Менга илҳомингиз қолдиринг мерос.

То қаламингиздан кетмасин сиёҳ,

Куйлайверсин қалблар жарангги ҳақда,

Токи ҳақиқатни қилсинлар шиор,

Токи шеърларингиз топмасин нуқта.

Негаки шеър эмас улар шунчаки,

Безовта дилларнинг дур-маржонлари.

Улар дўст, бир дўстки дўст бўлса ҳамки,

Соқов юрагимиз таржимонлари.

Астойдил дуолар қилинг, азизим,

Аммо атамангиз “Бечора”, шўрлик”.

Ахир ўлим фақат ёмонга ўлим,

Яхшиларга эса жаннат, мангулик!

 

Ажиб бир ўхшашлик: Ғафур Ғулом вафотида Абдулла Ориповдек, Матназар Абдулҳаким мангу ҳаёт бўсағасида Зебохондек қанча-қанча шоиру шоиралар шеърият майдонига нара тортиб кириб келдилар. Яна бир холат: Матназар аканинг сўнгги кунларида пойтахтимиз азим Тошкентда Ойбекдек адабиёт даҳосига ҳайкал қад ростлади. Бу мангулик саодатининг чин маънодаги тантанаси эмасми? Аждодлардан авлодларга ўтаётган адабий оқимнинг шарафбахш чашмалари эмасми бу? Шоирнинг ўксик қалбли мухлисларига фақат бир нарса таскин беради. Бу шоирнинг боқий сатрлари, мангу қўшиқлари. Матназар Абдулҳакимнинг шеърият бўстонидаги юлдузлари асло сўнмагай...

Ш.МАШАРИПОВ.