SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИ – КЎНГИЛЛАР ШОДЛИГИ

МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИ – КЎНГИЛЛАР ШОДЛИГИ

« Назад

06.07.2018 09:29  Шу кунларда туманимизнинг “Чанашик” маҳалласига йўли тушган киши юқоридаги сингари эзгу мақсад – ободонлаштириш йўлида бошланган хайрли ишларга гувоҳ бўлади.
Дастлаб туман ҳокими, ҳудудий сектор раҳбари, шунингдек, қурилиш, ободонлаштириш билан алоқадор ташкилотлар, ҳомийлар, фаоллар ҳамда маҳалла аҳолиси иштирокида ўтган йиғилишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида атрофлича фикрлашиб, аниқ режалар белгилаб олинган эди. 
– Айни кунларда уларнинг ижросини таъминлаш борасида астойдил ҳаракат қилинмоқда. Штаб ташкил этилиб, фаолият мунтазам таҳлил ва назорат қилиб борилмоқда, - дейди биз билан суҳбатда туман ҳокимлиги масъул ходими Шуҳрат Бобожонов. – Бу жараёнда маҳалла аҳолисининг кўзланган мақсадни тўғри англаб етиши ва бу ишларда фаол иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида амалга оширилаётган тадбирлар энг аввало, маҳалла аҳлининг муносиб турмуш кечириши учун эканлигини кўпчилик хонадон эгалари тушуниб етмоқдалар ва ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Маҳалладаги “Орзу”, “Диёр”, “Наврўз”, “Хива” кўчаларидаги ободонлаштириш ишлари нисбатан яхши йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин. Энг аввало, ноқонуний қурилмалар бартараф этилаётир, уйларнинг ташқи кўринишлари кўча ва майдонлар, сув йўллари тартибга келтирилмоқда, Томлар шифер қилиниб, қинғир-қийшиқ эски деворлар бузилиб, йўллар равон-лаштирилмоқда. Зарур ҳол-ларда хонадон эгалари учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ҳам ажратилаётир.
Кўпгина ҳомий ташкилотлар, жумладан, туман ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари ҳудуддаги хайрли ишларда фаол қатнашмоқдалар. Бахтиёр Бобожонов, Қуронбой Қурёзов бошлиқ жамоалар, мавсумий жамоатчилик ишларига жалб қилинган Барно Жуманиёзова, Норгул Оллаберганова, Дилфуза Машарипова, Феруза Сафоева ва бошқаларнинг эришилаётган натижаларда ҳиссаси катта бўлаётир.
Жамоа яна бир хайрли ишни амалга оширди. Маҳалладаги кам таъминланган оила, ногирон Азамат Ҳасановнинг турар-жойини тўла таъмирдан чиқариб берди.
– Маҳалламизда 1146 хонадон, 1814 оила бўлиб, жами 6200дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди “Чанашиқ” МФЙ масъул котиби Гулбаҳор Атаниёзова. – Дастур доирасида бошланган ишлар ўз навбатида маҳалла аҳолисининг оғизбирлигини таъминлашга ҳам хизмат  қилмоқда.
 Кўча ва майдонлар кўркам кўриниш касб этмоқда, камчилик-ларга барҳам берилиб, муамоларга ечим изланмоқда.
Мисол учун маҳалланинг “Шўрлик” деб номланувчи қисмида 166 хонадон бўлиб, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш, шунингдек, йўлларни созлаш, оқар сув ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шунингдек, бу ерда масофа олислиги туфайли мактабнинг бошланғич таълим бўйича филиалини ташкил этиш эҳтиёжи ҳам йўқ эмас.
Булардан ташқари айрим ҳудуд-ларда электр энергияси таъминоти, йўлларни асфальтлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳаракатлар бошлангани аҳоли қалбида умид ва ишонч уйғотмоқда.
– Ҳар бир оила тадбиркор бўлиши лозим, деган шиорга амал қилиб хусусий болалар боғчаси очиш ниятидаман,– дейди маҳалланинг фаол аёлларидан бири  Саломат Ҳасанова. – Яхши ниятдаги ишим учун кредит беришларини сўрадим. Тез фурсатда ҳал бўлишига ишонаман.
Маҳаллада Саломат опага ўхшаган паррандачилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, иссиқхоналар ташкил этиб, маҳсулотлар етиштириш истагида бўлаётганлар оз эмас.
 Халқимизда “Ҳаракатда – баракат”  деган нақл бор. Ободлик, фаровонлик йўлидаги “Чанашик” ва бошқа маҳаллалардаги ҳаракат ва интилишлар  пировардида ҳаётимиз файзу баракатига, кишиларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Ш.Отажонов,
OzLiDeP туман кенгаши раиси
ўринбосари.
О.Исмоилов,
“Хива тонги” махсус мухбири.