SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ Аҳоли турли қатламлари манфаатларига хизмат қилади

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ Аҳоли турли қатламлари манфаатларига хизмат қилади

« Назад

23.01.2017 01:53

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган муҳим воқеалардан бири – бу шубҳасиз 2016 йил 4 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлди. Унда халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги ва фаоллигини яна бир карра намоён этди. Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани халқимизнинг юксак ишончидир.
Мен Ўзбекистон Респуб-ликасининг янги сайланган Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқларини катта қизиқиш билан ўқир эканман, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг янги бос-қичи бошланганлигини чу-қур хис қилдим.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деганда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқариш тизими тушунилади. Албатта, буни амалга ошириш осон эмас. Бунинг учун давлат бошқарув органлари халқ билан узвий алоқада бўлиши лозим.
Аввало, инсон ҳуқуқ-ларининг амалдаги ижросини таъминлаш фуқароларнинг мурожаатларига қандай эътиборда бўлинаётганлиги билан боғлиқдир. Аммо кейинги йилларда халқнинг мурожаатига эътиборсизлик билан қараб келинди. Раҳбар ва мансабдор шахс-лар халқнинг дардига қулоқ тутишмади. Ҳатто фуқароларни қабул қилиш-ни ҳам унутиб қўйишди. Бу ўринда Президентимизнинг қуйидаги куйиниб айтган сўзларини келтириш мумкин. “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда афсуски, охирги ўринга тушиб қолди”.
Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Айниқса, наинки маҳаллий ҳокимият тизимида, балки юқори вакиллик органларидан келган раҳбар ва мансабдорларга ўз дардимизни айтганимизда қоп-қоп ваъдалар беришдан нарига ўтишмади.
Аммо одамларнинг дард ва ташвишлари акс этган мурожаатларни бажариш у ёқда турсин, ҳатто та-йинли жавоб беришга вақт топишмади. Башарти берилган тақдирда ҳам юпатишлардан иборат бўлиб, мурожаат этган шахснинг давлат органларига ишончини йўқотди. Айниқса, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фаоллари халқнинг мурожаатлари билан ишлаш ўрнига, юқоридан берилган турли тайинсиз юмушларни бажариш билан ўралашиб қолдилар.
Шу ўринда Президентимизнинг яна бир сўзини келтиришни ўринли деб ҳисоблайман. “Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим”. Демоқчимизки, ҳамма ўз хизмат вазифасини виждонан тўла бажариш, аравасини ўзи тортадиган вақти келди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва хал қилишнинг ҳуқуқий мақоми яратилган. Бу борада “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Бу қонун ҳар бир раҳбарнинг иш столида, кўз олдида туриши шарт! Президентимиз ўз маърузасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни бузаётган раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидладилар.
Маълумки, ўтган йилнинг 25 сентябридан бошлаб, Бош вазирнинг интернет тармоғида “Электрон қабулхонаси” ташкил этилганлигини халқимиз хушнудлик билан кутиб олди. Одамлар қабулхонага ўз ҳаётида мавжуд бўлган ўткир муаммоларни олиб чиқмоқдалар ва ечимидан хурсанд бўлмоқдалар.
Халқимизни ҳаётдан рози қилиш, инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш давлатнинг устувор вазифаси қилиб белгиланмоқда. Шу боис Президентимиз 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиши халқимизда мамнуният ва янада катта умидлар ҳиссини уйғотди.
Халқ билан мулоқот қилишни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш учун “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Ушбу Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг вазифалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўйлаймизки, жорий йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши барча ташкилот ва органлар, уларнинг раҳбарларига халқ қалбига қулоқ солиш борасида катта масъулият юклайди. Демак, халқнинг муаммоси ўз вақтида хал этилишига ишонч бор. Бу ишончни эса суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

 

Барди ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.