SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  Халқаро «Рақс сеҳри» фестивалида

Халқаро «Рақс сеҳри» фестивалида

« Назад

11.09.2017 04:47

Халқимизнинг ўзига хос бетакрор рақс санъатини бутун дунёда кенг намойиш этиш ва Хоразмда “Арт” туризмини ривожлантириш мақсадида 7-9 сентябрь кунлари «Ичон-қалъа” давлат музей-қўриқхо-насида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилмоқда.
Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан рақс гуруҳлари, ансамбллар, бир қатор хорижий давлат санъаткорлари иштирок этмоқда.
Фестиваль доирасида рақс усталари томонидан турли мастер-класслар, ижодий учрашувлар, фольклор гуруҳлари ва ансамблларининг чиқишлари, анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, қўғирчоқ театрлари томошалари, ҳунармандлар кўргазмаси, миллий таомлар ва миллий либослар кўргазмаси, миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси ҳамда “Ўзбекистон рақс санъати тарихи” фотокўргазмаси ташкил этилди.
Хар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари, анъана ва қадриятлари қатори миллий санъати, рақс ижро услуби ҳам бор.
Инсон ҳаётида мусиқанинг роли катта. Айниқса, ижро этилаётган ҳар бир куйни мароқли ва киши онгига етказиб беришда раққосаларнинг хатти-ҳаракатлари мухим аҳамиятга эга.
Асрлар оша эъзозлаб келинаётган миллий рақс санъатимиз кишини ўзига жалб этмасдан қўймайди. Шу боис анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бу гал ҳам бутун юртдошларимиз томонидан илқ қарши олинди. Эрта тонгдан Ичон-қалъадаги “Ота дарвоза” майдони фестиваль иштирокчилари, юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар билан гавжум бўлди. Республикамиз вилоятларидан ташриф буюрган раққоса қизлар жамоалари фестивалъ очилишига тараддуд кўрган ҳолда бир саф бўлиб тизилишди. Уларнинг бу ерга келишга бўлган иштиёқи юзу қўзларидаги табассумида акс этади.
Фестиваль иштирокчилари чорлов мусиқаси садолари остида майдонга кириб келишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи И.М.Собиров барча иштирокчиларни самимий муборакбод этди.
Даврада ўзгача шуқуҳ ила миллий “Норим-норим” куйига вилоят “Гавҳаррақс” ансамблининг латофатли қизлари даврани тўлди-риб рақсга тушишди. Бевосита миллий рақсларимизни томоша қилаётган сайёҳлар ҳам ҳайрат ила ўзларини ўзгача оламга тушгандек хис этиб, қувонганларидан рақсга тушишди.
- Анъанавий “Рақс сеҳри” халқаро фестивалига пухта тараддуд кўрдик. Ансамблимизда йил мобайнида миллий рақсимиздаги ижро услубига янгича ҳаракатлар киритиш борасида иш олиб борилди.
Биласиз, ҳар ким ҳам миллий чолғу асбоби саналмиш “Қайроқ”ни моҳирлик ила чала олмайди. Негаки тош билан темирни тилга киритиб, рақсга тушиш мушкул. Уч кун давом этадиган фестивалда барча вилоятлардан келган раққосаларнинг ўзаро тажриба алмашиш, янгича ижро услубини ўрганишларига маҳорат мактаби сифатида имкон яратилади, - дейди “Гавҳар-рақс” ансамбли бадиий раҳбари Гавҳар Матё-қубова.
Фестиваль дастурига мувофиқ бадиий чиқишлар, театрлаштирилган сахна асарлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, раққоса жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Ҳар бир ҳаракатида маъно мужассам рақс – томошабинни сеҳрлаб қўяди гўё. Рақсда ифодаланаётган маъно унинг яратилиши ҳудуди, у ерда яшаётган халқ ҳарактеридан дарак беради. Бу эса яшаш шароити турлича бўлган кишиларнинг бир-бирларини тушунишларида восита бўлиб хизмат қилади.
Ўзбек миллий мусиқалари, уларга ҳамоханг рақслар чет элликлар эътирофига кўп бора сазовор бўлган. Ана шу ўзига хос санъатимизнинг дунёга машҳур бўлишида анъанавий «Рақс сеҳри» халқаро фестивалининг аҳамияти катта.
Бу йил иккинчи маротаба ўтказилаётган фестивалнинг очилиш тантаналари иштирокчи ва меҳмонларга бирдек кўтаринки кайфият бағишлади.
Шаҳарга кирган ҳар бир киши биринчи қадамни ташлагани ҳамоно ўзини эртаклар оламида саёҳат қилаётгандек ҳис қилади. Дарвозадан кириш жойи-дан миллий ҳунармандчилик кўргазмалари бошланади. Унда турли вилоятлардан ташриф буюрган ҳунармандлар ўзлари ясаган буюмлар, матоларини расталарга териб қўйишган. Уларга ҳамоҳанг жаранглаётган мусиқа, куй жозибасига одамни маҳлиё қилувчи рақслар қалъанинг шонли ўтмиши ва нурли келажаги ҳақидаги жонли тасвир ҳосил қилади.
Фестиваль доирасидаги «Хон қабулида» театрлаштирилган саҳна кўриниши орқали Тош ҳовлига йиғилган иштирокчилар ўтмишга саёҳат қилишди. Жума масжиди олдидаги фольклор этнографик ансамбллар чиқишларидан юзида ҳайрат, руҳида кўтаринкилик барқ уриб турган чет эллик сайёҳлар билан суҳбат-лаш-дик. -Айни фес-тиваль ўтка-зила-ётган пайтда юртингизга келганимиз кутилмаган воқеа бўлди. Унда иштирок этаётганимиз эса биз учун ажойиб совға – дейди Австралиядан келган меҳмон Фиби Макуэд. – Ўзбекистон ҳақида эшитгандик, лекин уни келиб кўриш, яқиндан танишиш кераклигига амин бўлдим. Таассуротимизни ифодалаш учун сўз тополмаяпман. Жуда чиройли рақс ва мусиқалар, улар биз учун янгилик. Бу эса қизиқишимизни янада орттиради.
- Мусиқа асбобларингиз ҳам ўзгача, улар ва мусиқага ҳамоҳанг рақс ҳаракатлари тарихий шаҳарга жуда-жуда ярашган – дея суҳбатга қўшилди Паул Макуэд, - халқингизнинг меҳмондўстлиги ва маҳорати бизни қойил қолдирди.
- Миллий матоларингиз ҳақи-да шундай дейишим мумкин, улар юртдошларингиз қалби каби чиройли, - деди Фиби Макуэд.
Миллий анъана ва санъатимиз ифодачиси бўлган бу фестиваль доирасида миллий кураш мусобақалари ҳам бўлиб ўтди.
- Ушбу беллашувларда юздан зиёд полвонларимиз қатнашди. Улар орасида Республикамиз чемпионлари ва совриндорлари бор - дейди Хива болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Шерзод Абдуллаев.
Фестивалнинг бугун - охирги куни дастури ҳам ранг-баранг томошаларга бой. Хусусан, «Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро туризмнинг барқарор ривожланишида маданий мероснинг тутган ўрни» мавзуида туризм, тарих, этнография, фольклор йўналишлари бўйича илмий-амалий конференция ўтказилиши мўлжалланган.
Шунингдек, Хива фольклор этнографик ансамбллари чиқиш-лари, ҳунармандчилик, кулолчилик, ўймакорлик ҳамда тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари намойиш қилинади.
Фестиваль бугун кечқурун Кўҳна Арк мажмуаси олдидаги майдонда иштирокчиларни тақдирлаш маросими ва якуний гала-концерт дастури билан ниҳоясига етади.
Шахруза МАТЁҚУБОВА,
Дилмурод МАШАРИПОВ,
«Хива тонги» махсус мухбирлари.
* * *
Хива мана шундай халқаро анжуманларга кўп бора мезбонлик қилган. Таассуротлар, баҳс-мунозаралар иштирокчилар уйларига қайтиб борганларидан кейин ҳам давом этади. Муҳими рақслар сеҳри уларнинг ҳаётида ўчмас саҳифалар бўлиб қолади.